“1100 доллар берсанг, темирйўлчи бўласан!”

10:40 - 07.12.2020

24

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда ишсизлар сони 1,35 миллиондан 2 миллионгача ошган. Шунинг учун корхона ва ташкилотлар атрофида «ишга киритиб қўяман» деган фирибгарлар кўпайди. Иш излаб юрган одамлар эса уларнинг тузоғига осонгина илинишаяпти.

Департаментнинг Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари фуқаро Б.Маллаевнинг мурожаатига асосан ўтказган тадбирда шу каби ҳолатга барҳам берилди. Жумладан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли Ховос тумани сигнализациялаш ва алоқа масофаси корхонаси машинисти Д.Шамсиев ўзининг танишлари орқали Б.Маллаевни темирйўл тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 1100 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилади. Б.Маллаев у ердаги ишчилардан иш бор-йўқлигини суриштирганида,  ўрин йўқлиги, ҳатто кўп одамлар ишга кириш учун навбатда турганини айтишади. Шундан сўнг у департаментга ариза билан мурожаат қилади. Тадбирда Д.Шамсиев ундан кимёвий ишлов берилган 1100 долларни олган вақтида ушланган. Маълум бўлишича, аслида «ишга киритиш операцияси» бошқа кишининг режаси экан. Шундан сўнг тадбир давом эттирилди.

Д.Шамсиев Б.Маллаевдан олган пулини «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Ўзбекистон» локомотив депоси қўриқлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Г.Адашевга олиб бориб берганда у ҳам қўлга олинди. Тергов жараёнида маълум бўлишича, бу кимсалар олдиндан тил бириктирган экан.

Мазкур ҳолат юзасидан Г.Адашев ва Д.Шамсиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Ховос тумани суди томонидан уларга нисбатан жазо тайинланди.