Виждонимиз олдида ҳам масъулмиз

12:31 - 04.12.2020

20

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш чоралари кўрилаяпти. Коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йилнинг 29 июнида алоҳида орган ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқларидан келиб чиқиб, прокуратура органлари фаолиятида коррупцияга қарши кураш устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Қашқадарё вилояти прокуратураси органларининг коррупцияга қарши курашга қаратилган фаолияти жадаллаштирилиши натижасида ўтган 10 ойда 112 та жиноят фош этилган. Бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 45 та кўп. Шу жумладан, коррупцион жиноятлар оқибатида етказилган 21 миллиард сўмдан ортиқ зарар айбдорлардан давлат бюджетига ундирилди.

Халқ таълими тизимида 13,5 миллиард, соғлиқни сақлаш тизимида 700 миллион, мактабгача таълим тизимида 382,5 миллион, қурилиш соҳасида 397,6 миллион, қишлоқ хўжалигида 451,6 миллион, сув хўжалигида 187,5 миллион, ўзини ўзи бошқариш органларида 270,8 миллион ва бошқа органларда 4,7 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган.

Бу тоифадаги жиноятларни содир этган 158 нафар шахснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилган.

Кейинги даврда порахўрликка қарши кураш кучайди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, ҳар бир раҳбар Конституция ва қонунлар асосида олдига қўйилган вазифаларни виждонан бажармаса, уруғ-аймоқчилик, идоравий манфаат қабилида иш тутса, ушбу жамоада коррупцияга қарши кураш тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Жорий йилда 79 нафар мансабдор пора олгани аниқланиб, улар жиноий жавобгарликка тортилди.

Порахўрлик назорат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ҳам учраётгани барчамизни ташвишга солмоқда.

Ташкилот ва идоралардаги коррупциянинг сабаблари ўрганилганда, айрим соҳаларда ички назорат ва юридик хизматнинг ўрни сезилмаётгани, баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдор эмаслиги ҳам коррупцияга чек қўйишга имкон бермаяпти.

Ҳозирда қонунлар ижросини таъминлашга ҳамда ижросини назорат қилишга масъул 50 дан ортиқ орган мавжуд. Бироқ айримларининг қонун устуворлигини таъминлашдаги таъсири сезилмаяпти. Бундай ҳолатда қандай қилиб коррупциянинг олдини олиш ҳақида сўз юритилиши мумкин?! Ваҳоланки, назорат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига бирламчи вазифа сифатида жиноятнинг оқибатига қарши курашиш эмас, балки унинг олдини олиш вазифаси юклатилган.

Бугунги кунда вилоятимизда коррупцион жиноятлар кўплаб аниқланаётгани бу жиноятларнинг олдини олиш бўйича кескин чоралар кўришни тақозо қилади.

79 нафар мансабдор пора олган.

Президентимиз 12-13 ноябрь кунлари вилоятимизда бўлди. Ташриф якунига кўра Қашқадарёни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш мақсадида бюджетдан бир неча триллион сўм пул ажратилиши белгиланди.

Эзгу мақсадга йўналтирилаётган бу пулнинг тўғри ишлатилишига ҳар биримиз халқимиз олдида ҳам, виждонимиз олдида ҳам масъ уллигимизни унутмаслигимиз керак.

Шундан келиб чиққан ҳолда вилоят прокуратурасида вазиятни тизимли мониторинг қилиш гуруҳи ташкил этилди. Бюджет муассасалари раҳбарлари қонунни бузган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида расман огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, мазкур гуруҳ томонидан:

– бюджет пулининг тўғри ишлатилишига масъул идораларнинг фаолияти таҳлил қилинади;

– идора ва ташкилотларда коррупцияга қарши ички назорат тизими кучайтирилади;

– статистик маълумотлар ва таҳлилий ахборотлар ўрганилиб, бу борадаги фаолият мувофиқлаштирилади;

– коррупция ва бюджет маблағи талон-торож қилингани тўғрисидаги мурожаатларни қабул қилиш учун махсус «телеграм-бот» ташкил қилинади;

– прокуратура органларининг коррупцияга қарши кураш бўйича қилаётган ишлари, аниқланаётган қонунбузарликлар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилади.

Шу ўринда вилоят прокуратураси томонидан ташкил этилган «Прокурор қабули Covid-19» номли «телеграм-бот» бугунги кунда тиббиёт ходимларининг муаммоларини зудлик билан ҳал этишда самарали платформага айланганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Ҳозир шундай ҳамкорликни тадбиркорларимиз ва коррупция ҳолатлари тез-тез учраётган таълим соҳаси вакиллари билан ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, бундан кейин бюджет маблағининг тўғри ишлатилиши изчиллик билан текширилади. Коррупцияга қарши курашда идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти жадаллаштирилади. Албатта, бу ишни биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар, назорат идоралари ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширамиз.

Давлат бюджети маблағи ноқонуний сарфланишининг олдини олиш бўйича вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда шулар хусусида батафсил сўз юритилди ва вазифалар белгилаб олинди.

Эркабай ТАДЖИЕВ,
Қашқадарё вилояти прокурори