Мажбурий ижро бюроси янги босқичга ўтмоқда

11:15 - 04.12.2020

68

Мажбурий ижро бюроси ташкил этилган вақтдан буён доим жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда.

Илгари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий та раққиётида муҳим ўрин тутувчи энергия ресурслари, сув таъминоти ҳамда чиқиндилар соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлади, энди фақат суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг бажарилишини таъминлаши лозим.

Мажбурий ижро бюроси органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар 51 трлн. сўмлик ҳужжатларнинг ижроси таъминланиб, ундирув миқдори 64 фоиз ошди.

Бугунги кунда ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси ишга туширилди. Ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали 32 та ташкилот билан ахборот алмашилмоқда.

Бироқ ишларимизни жадаллаштириш билан бирга, камчиликларни ҳам бартараф этиш муҳим масала бўлиб қолаяпти.

Хабарингиз бор, 2020 йилнинг 17 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида суд ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 24 ноябрь куни эса «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Фармон билан Суд ҳужжатлари ва бош қа органлар ҳужжатларини ижро этиш са марадорлигини ошириш бў йича республика кенгаши ва ҳудудий кенгашлар ташкил этилади. Рес публика кенгашига Бош прокурор, ҳудудий кенгашларга эса ҳокимлар раислик қилади, кенгашлар жойларда мажбурий ижро бўйича юзага келаётган муаммоларнинг сабабларини ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўради. Ижро ҳаракатлари жараёнида зиддиятли ва низоли ҳолатларнинг сабаблари аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Бу жараёнга халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши депутатлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари кенг жалб этилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб бюронинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари ўз фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Жўқорғи кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашларига ҳар ярим йилда ҳисобот бериб боради.

2020 йил 1 декабрдан бош лаб жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича тушган пул алоҳида ғазначилик ҳисобрақамида жамланади ва «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллашга йўналтирилади.

Эътиборингизни яна бир муҳим жиҳатга қаратсам. Бюрода мулкий ҳуқуқларни рўйхатга олиш, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш, жарима ва коммунал тўловларни тўлаш каби 8 тоифадагимажбурловсиз ижро ишлари ҳам мавжуд.

Бу каби ишлар ҳозир 1,6 миллиондан ортиқ бўлиб, иш ҳажмининг 35 фоизини, 400 минг сўмгача бўлган маб лағларни ундиришга оид ҳужжатлар эса 60 фоизни ташкил этмоқда, бу ўз-ўзидан давлат ижроларининг юкламасига салбий таъсир қилади.

Шунинг учун суд қарорларини ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилиниб, ижросини таъминлаш натижасиз бўлгандагина бюро органларига тақдим этиш тартиби йўлга қўйилди.

Эндиликда бюрода юритувдаги ижро ҳужжатларининг тоифаланиши ва тааллуқлилиги ҳам белгиланди. Бу тамойил аввало камбағал ва муҳтож оилаларнинг моддий таъминотини яхшилашга хизмат қилади.

Бюронинг марказий аппарати: базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 000 баравари ва ундан ортиқ суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари; хорижий ва халқаро тоифадаги давлат органлари, дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ҳукумат ташкилотлари ва уларнинг ваколатхоналари, шунингдек, уларнинг дипломатик иммунитетга эга бўлган ходимларига нисбатан берилган ижро ҳужжатлари; алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича иш олиб боради.

Ҳудудий бошқармалар: базавий ҳисоб лаш миқдорининг 50 000 бараваридан 100 000 бараваригача суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари; ижро ҳужжати бўйича қарздор-юридик шахс хорижий давлатнинг резиденти ҳисобланган ижро ҳужжатлари ва алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича иш юритади.

Туман ва шаҳар бўлимлари эса юқоридаги тоифага эга бўлмаган ижро ишлари билан шуғулланади.

Бюрода алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижро ҳаракатларини олиб борадиган 15 та туманлараро ихтисослашган бўлимлар ташкил этилади.

Яна бир янгилик шуки, 2021 йил март ойидан бошлаб хатланган мулкларнинг шаффоф ва очиқ, қулай нархларда электрон савдо ташкилотларида сотилиши йўлга қўйилади. Содда қилиб айтганда, мулкнинг интернет дўконларида сотилиши аҳоли учун ҳам қулай бўлади.

Яхши биламизки, доимо долзарб бўлган алимент ишлари 367 мингга яқин боланинг келажаги билан боғлиқдир. Шу боис 2021 йилдан бошлаб алиментни ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилади. Бу эса алиментнинг эгасига ўз вақтида етказилишини таъминлайди.

Жамоатчиликнинг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда билдираётган эътироз ва таклифларини инобатга олиб, ходимларнинг касб этикаси ва маданиятини оширишга зарурият туғилмоқда.

Шунга асосан 2021 йил 1 январга қадар давлат ижрочиси лавозимини эгаллаб келган барча ходимлар махсус дастур асосида Бош прокуратура академиясида қайта тайёргарликдан ўтади, курсларни қониқарли тамомлаган ҳолдагина ишини давом эттиради.

Ўқув курсларида касб одоби, психология, зиддиятларни ҳал қилиш ва вақтни бошқариш («тайм-менежмент») асосларидан сабоқ олишади.

Энди намунали ижрочиларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йили «Йилнинг энг яхши давлат ижрочиси» танлови ўтказилади.

Суд ва бошқа органлар қарорларининг ижроси мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқаётган мазкур фармон ижросини сўзсиз таъминлаш, олдимизга қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш устувор вазифамиздир.

Хасан КАБИРДЖАНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги
Мажбурий ижро бюроси директори