Тинчлик ва тараққиёт кафолати

15:20 - 04.12.2020

30

Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилигининг ривожи, фуқароларининг ҳаёти, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берадиган асосий қонунидир. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳам том маънода халқимизнинг инсон ҳуқуқларига содиқлигини ифода этиб, миллий давлатчилигимиз ривожи, демократия, ижтимоий адолат ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидаларига асосланган инсонпарвар давлат барпо этишнинг мустаҳкам йўлини белгилаб берди. Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдеворини яратди.

Бугун жамиятимиз қандай ютуқларни қўлга киритаётган бўлса, қандай марраларга эришаётган бўлса, буларнинг замирида халқимизнинг руҳияти, маънавияти ва орзу-интилишларига ҳамоҳанг тарзда яратилган Конституциямиз тургани ҳеч биримизга сир эмас.

Ҳақиқатан ҳам ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – эл-юрт тинчлиги, ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш борасида эришган улкан муваффақиятларимиз пойдеворида Конституциямизда ифодаланган ҳуқуқий нормалар мужассамлигини бугун барчамиз чуқур ҳис этмоқдамиз.

Конституциямиз инсон ҳуқуқларининг демократик хартияси бўлиб, инсонпарвар ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишнинг стратегик дастури вазифасини ўтаб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз – давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий замини, халқимиз хоҳиш-иродасининг олий ифодаси сифатида майдонга чиқди. У энг ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибасини ҳамда тарихда синалган умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган.

Бу эса айнан халқимиз асрлар оша ардоқлаб келаётган энг эзгу фазилатлар – тинчлик, тотувлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, жамоанинг фик рига бўйсуниш, оила муқаддаслиги, ота-оналарнинг фарзанди, ўз навбатида фарзанд ларнинг ота-она олдидаги мажбуриятлари, бу борада жамият ва давлатнинг масъуллиги, маҳалла ва бошқа кўплаб қадриятларимизнинг ҳуқуқий ифодасидир.

Таъкидлаш жоизки, Асосий қонунимиз мудофаа органлари тизимининг ҳам янгидан шаклланишига, самарали фаолият кўрсатишига оид давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати кўламини белгилаб, халқимиз манфаатлари, юртимиз фаровонлиги ҳамда хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги мақомини ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берди.

Ўзбекистон Республикасини мудофаа қилиш, унинг хавфсизлигини таъминлаш Конституция, қонунлар ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормалари ва принциплари асосида амалга оширилмоқда. Жумладан, Асосий қонунимизда миллий армиямизга, Қуролли кучларимизга бағишланган алоҳида ҳуқуқий нормалар мавжуд. Зеро, армиямиз юртимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати ҳисобланади.

Конституциямиз олий норматив-ҳуқуқий манба сифатида миллий манфаатларни ва фундаментал принципларни, нормаларни ҳамда миллий хавфсизликни таъминлашнинг асосий масалаларига тааллуқли мафкуравий йўл-йўриқларни белгилаб беради. Конституция ҳарбий хизмат тизимини, мамлакатимизнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган органлар тизимини мустаҳкамлайди.

Бугун Асосий қонунимиз ва унинг асосида яратилган ҳарбий соҳага доир қонун ҳужжатлари Ўзбекистоннинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаёт кечириши ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бирга халқимиз хавфсизлигини ва давлатимиз мудофаасини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Масалан, Конституциямизнинг XXVI боби «Мудофаа ва хавфсизлик» деб номланиб, 125-моддада Ўзбекистон Респуб ликаси Қуролли кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилиши белгиланган.

Конституциянинг 126-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли кучларига эгалиги кўрсатилган.

Шу асосда Қуролли кучларимиз фақат мудофаа мақсадида ташкил қилиниб, уруш ва қуролли можароларнинг олдини олиш, Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг хавфсизлиги ва тинч ҳаётини ҳимоя қилиш учун ташкил этилган ҳарбий бирлашмалар, қўшилмалар ҳамда қисмларни, шунингдек бошқа ҳарбий тузилмаларни ўз ичига олади.

2018 йил 9 январдаги қонун билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бошқарув органлари, қўшинлари, ҳарбий тузилмалари ва муассасалари Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари таркибига киради.

Эътироф этиш керак, Конституциямизнинг беқиёс ўрни армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг самарасида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Ўз навбатида, ҳарбийларимиз ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси ҳам таъминланиб, бу борадаги ҳуқуқ ва имтиёзлар қатор қонун ҳужжатлари билан кафолатлаб қўйилган.

Бундан ташқари, хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбийлар байрамларда ёдга олинади, уларнинг оилаларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Бу эса Конституциямизда таъкидланганидек, инсонийликнинг олий қадрият даражасига кўтарилганидир, мамлакатимиз, халқимизнинг ўз фидойи фарзандларини ҳеч қачон унутмаслигидан далолатдир. Қолаверса, ватан ҳимояси йўлида фидойилик кўрсатган ҳарбийларимизнинг оила аъзолари ҳам доимо давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланади.

Армияни том маънода армия қиладиган, ҳар қандай мураккаб вазият ва синовлардан ёруғ юз билан чиқишига асос бўладиган, жанговар қудрати ва ҳарбий маҳоратини юксалтирадиган куч – албатта Қуролли кучларимиз сафларида хизмат қилаётган инсонлардир. Шу маънода, сўнгги тўрт йил ичида ҳарбий соҳада кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилди ва бу борада қонун ҳужжатлари қабул қилинди, борлари такомиллаштирилди. Уларнинг аксарияти армия сафларида хизмат қилаётган, юрт ҳимоясини ўзига бурч ва касб деб билган ҳарбийларимизни янада кўпроқ ижтимоий ҳимоялашга қаратилган.

Ҳозирги дунёда турли ғоявий, ахборот хуружлари авж олаётгани ёш авлод қалбига ватанпарварлик, бурчга садоқат, миллий ғурур туйғуларини чуқур сингдиришни талаб этади. Бунда мамлакатимиз тараққиёт йўлининг ҳуқуқий асоси бўлган Асосий қонунимизни, унинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёшлар тафаккурига сингдириш муҳим аҳамиятга эга. Зотан, ёшлар нафақат конституциявий ҳуқуқларини, балки бурч ва масъулиятини ҳам чуқур англаши лозим.

Шу ўринда айтиш лозимки, «Прокуратура тўғрисида»ги қонунга биноан жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда иштирок этиш прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири саналади.

Бу борада Ҳарбий прокуратура органлари томонидан ҳам тегишли вазирлик ва қўмондонликлар билан ҳамкорликда Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллиги муносабати билан ҳарбий қисмлар ва муассасаларда маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Шунингдек, конституциявий билимларни янада ошириш мақсадида «Конституция билимдонлари», «Биз конституцияни биламиз» каби шиорлар остида викториналар ташкил этилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, давлатчилигимиз шаклланиши ва ривожланишида, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда Конституциямизнинг ўрни беқиёс. Унинг меъёрларини ва у асосида қабул қилинган қонунларни ҳаётимизга самарали татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшиш эса ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Шухрат УЗАКОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари –
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори