Эъзоздаги беғубор дунё

15:17 - 03.12.2020

19

Мамлакатимизда барча болалар, айниқса, ногирон ёки шароит тақозосига кўра, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг тўлақонли ва бахтли болалигини таъминлаш борасида ҳукуматимиз ҳамиша ғамхўрлик қилиб келмоқда. Чунки болажонлик – азал-азалдан халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу қадрият.

Зеро, бола кулгуси янграган ҳар бир ошён жаннатмонанд гўшадир. Боланинг беғубор ва ишонувчан нигоҳларини ҳис қилганингда, уларнинг қувноқ ва шодон кулгусини эшитганингда кўнглингдаги ғубор тарқаб кетади, руҳан енгил тортасан киши. Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти 15 октябрь куни тасдиқлаган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим аҳамият касб этди.

Қарши шаҳридаги «Мурувват» ногирон болалар интернат уйида тарбияланаётган 296 бола ҳам мазкур қонун асосида давлатимиз томонидан ҳимояга олинган. Интернат 1976 йилдан буён фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ерда 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар яшайди ва тарбияланади.

«Мурувват» интернат уйи 2018 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «ERIELL» ва «Enter Engineering PTE.Ltd.» компаниялари ҳомийлигида реконструкция қилиниб, зарурий жиҳозлар билан таъминланди. Бу ерда тарбияланувчилар учун барча шароитлар яратилган. Замонавий, кенг, шинам ётоқхоналар, овқатланиш хоналари, ўқув хоналари, ўйин хоналар, физиотерапия хонаси, сенсор хонаси, кутубхона, ёзги-қишки ошхона, хўжалик блоклари қурилди, ҳовлиси ободонлаштирилди. Ҳар хил дарахт ва гул кўчатлари экилди. Катта майдонда боғ ташкил этилди. Айвончалар, ўйин майдончалари барпо этилди.

“Мурувват” уйи дарвозасидан киришингиз билан шундай бежиримлик, шундай чиройга дуч келасизки, кўриб кўзингиз қувнайди. Ичкарига киравергач теп-текис, ялтираган паркет полга қадам қўйишга ийманасиз. Ётоқхона жамланмаси – диван, шкаф, тумбочка ва бошқа жиҳозларни ушлаб кўргингиз келади. Лекин истиҳола қиласиз. Хоналар шунчалик чиройли, шинам ва ёруғки… Буюмларнинг оҳори тўкилмасин, деб қанчалик авайласангиз, худди ўшандай асрагингиз келади. Мен бу ердаги имконият, шарт-шароит, замонавийликни беш юлдузли меҳмонхоналарга менгзаб, агар бир кеча қўноқ бўлсангиз, фалон пулга чақишини хаёлимдан ўтказдим.

Инсонпарварликни қарангки, юртимизда жаҳон андозалари асосида жиҳозланган бино “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи тарбияланувчиларига армуғон этилган. Бир сўз билан айтганда, бу бизда меҳр пулга чақилмаслигининг яна бир кафолатидир.

“Мурувват” уйи директори Рўзиқул ХОДЖАЕВга учрашиб, муассасадаги болалар билан олиб борилаётган тарбиявий, психологик ва бошқа турли тадбирлар ҳақида сўзлаб беришини сўрадик.

– «Мурувват» уйида тарбияланаётган болаларнинг психологик тайёргарлиги илк ўқув мотивларининг шакллангани, боланинг билиш-психик жараёнларининг етарли даражада ривожлангани, янги муҳитга мослашиши ва жамоавий ҳамкорлик кўникмаларининг мавжудлиги, шунингдек ақлий имкониятларининг таълим талабларига мутаносиблиги билан изоҳланади.

– «Мурувват» уйида тарбияланадиган болалардан 12 нафари Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ҳузуридаги махсус тиббий-педагогик-психологик комиссия томонидан таълим олишга лаёқатли эканлиги аниқланиб, айни пайтда 33-имконияти чекланган болалар махсус мактабининг 10 нафар ўқитувчиси уларга таълим бермокда. Болаларнинг психофизиологик ривожланишидаги хусусиятлар ўрганилиб, шу асосда улар учун дифференциал ёки интеграциялашган, инклюзив таълим ташкил этилди, уларнинг таълим-тарбияси, ижтимоий мослашувига ёрдам берилди. Болаларимиз орасида иқтидорлилари ҳам кўп. Масалан, Ирода Усановада шеърият, Жамшид Пардаев, Саъдулла Матяқубовда жисмоний тарбия, Аннабиби Матяқубовада мусиқа йўналишида қобилият кучлилиги аниқланди. Уларнинг иқтидорини ривожлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Болаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, мантиқий фикрлашини ошириш мақсадида улар билан Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғига, Қашқадарё кўпригига, «Соҳил» сайилгоҳига, вилоят мусиқали драма театрига ва шаҳримизнинг бошқа диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштираяпмиз. Тарбияланувчиларимизда ўз ли гини англаш, хотира, диққат, тасаввурни мустаҳкамлаш, предметларни масофага жойлаштириш малакаси мунтазам шакллантириб борилади. Қўл меҳнати ва конструкциялар билан ишлаш ногирон болаларнинг ақлий салоҳиятини оширишга ёрдам беради. Болалар билан ўқув-тарбиявий ишларни олиб боришда уларнинг психикаси ва жисмоний ривожланишига алоҳида аҳамият берилади. Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида мусиқа, меҳнат, ошпазлик, каштачилик, тўқув, рассомлик сингари қатор йўналишларда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ташқари, бу ерда иппотерапия (от спорти орқали муолажа ҳам) ташкил этилган. Тарбиячиларимиз ҳар йили ногирон болалар билан ишлаш бўйича малака оширишмоқда. Бундан ташқари, «Мурувват» уйида васийликка олинган болаларнинг камситилишига йўл қўймаслик, васийликка олинганлар, жумладан, муассасага юборилган ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг шахсий ҳужжатлари билан ишлаш мақсадида ижтимоий ходим фаолият кўрсатади. «Мурувват»уйига келган болаларни қабул қилиш, ташхис қўйиш, руҳий-жисмоний ривожланиши омилларини шакллантириш, ўзаро ҳамкорлик тамойилини амалга ошириш мақсадида тарбияланувчилар оилаларига ва тарбиячиларга психологик ҳамда педагогик кўмак кўрсатиш, таълим-тарбия жараёнига комплекс ёндашувни таъминлаш мақсадида психолог иш олиб боради. Нутқида нуқсони бўлган болалар билан логопед ишлайди. Сенсор хонаси тарбиячиси эса болаларнинг кайфиятини кўтариш, сезги органларини ривожлантириш ишларини бажаради. Бунда мушакларни бўшаштириб, ҳиссий зўриқишни камайтириш, туйғуларини кўрсата олиш, арт-терапия, хусусан, мусиқа, ўйин, эртак терапияларидан кенг фойдаланиб келинмоқда. Ҳа, интернат директори таъкидлаганидек, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун «Мурувват» интернат уйида яшаётган ва тарбияланаётган болаларнинг ҳуқуқларини муҳофазалашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қонуннинг 8-моддасида белгилаб қўйилганидек, ногирон болалар бошқа болалар билан тенг равишда инсоннинг барча ҳуқуқ ва эркинликларидан тўлиқ фойдаланади. Ногирон болаларни ҳар томонлама ва уйғун ривожлантириш, таълимга, фанга, техникага, санъат ва спортга жалб этиш орқали ижтимоий фаоллигини ошириш интернат уйи тарбиячиларининг устувор вазифасидир. Мен у ерда бўлганимда, шуни ҳис этдимки, “Мурувват” уйи тарбияланувчиларининг ҳаётига ҳеч ким бефарқ эмас. Балки уларнинг ҳар бир кунига зеб бериш,

мазмун бағишлаш учун муассасанинг ҳар бир ходими қўлидан келганича нимадир иш қилишга интилишини сездим, қарор- нинг ҳар бир банди тўла бажарилаётганига гувоҳ бўлдим.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»