Учиб келгач, нияти бузилди…

13:07 - 02.12.2020

7

Қурбон Мавлонов 30 ёшда, асли самарқандлик. У пул топиш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига бориб, ресторанда ошпазлик қилган. Вақт ўтиши билан оиласини соғингани сабабли уйига бориб келмоқчи бўлади. 2020 йилнинг февраль ойида Дубай – Тошкент йўналишидаги авиарейсга чипта сотиб олади. 2020 йил 20 февраль куни Тошкентга учиб кетиш учун Дубай халқаро аэропортига борганида бир юртдоши ундан юкини олиб кетишни илтимос қилади. Абдулла Ҳакимов Қурбонга хизмат ҳақи эвазига 55 доллар беришини айтганида, у рози бўлди.

Хуллас, Абдулла Қурбонга ишониб, Тошкентга жўнатиши лозим бўлган, умумий нархи 25 млн. 400 минг сўмдан ошиқ 2 та «Iphone» телефони, 1 дона «LG» телевизори ва турли хил ширинликларни бериб юборади.

Қ.Мавлонов 21 февраль куни Тошкентга учиб келади. Чегара ва божхона назоратидан ўтиб бўлгач, кўзи жияни бериб юборган юкларни олиш учун кутиб турган Шуҳрат Ҳакимовга тушади. Юкларни эгасига бермаслик учун Ш.Ҳакимовнинг қўнғироқларига жавоб бермай, унга кўринмасдан аэропорт биносидан чиқиш йўлларини ахтара бошлади. Режасини амалга ошириш мақсадида йўловчилар чиқиб кетиши учун мўлжалланган умумий йўлакдан юрмасдан, аэропортнинг учиб кетиш учун келган йўловчилар кирадиган жойига бориб, у ердаги панжарадан ошиб ташқарига чиқиб кетди.

Қурбон шу куни Самарқандга бориб, телефонлар ва телевизорни харидор топиб сотиб юборди. Пулини эса ўз эҳтиёжига сарфлади.

Шундан сўнг юкларидан айрилган Ш.Ҳакимов ариза билан ички ишлар идорасига мурожаат қилди. Қидирув натижасида Қ.Мавлонов ушланди. Тергов жараёнида қилмишига иқрор бўлди. Етказилган зарарни қоплади.

Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди Қ.Мавлоновга 2 йилу 7 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлаб ҳукм чиқарди.