Афғон йигит жазо олди. Нега?

15:50 - 02.12.2020

6

Виждонига қарши бора олмайдиган ҳамюртларимиз порахўрликка қарши курашишга маълум даражада ҳисса қўшмоқда. Гулнора Бобожонова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам шундайлардан бири. 2019 йилнинг ёзида интернет орқали Сайфуллоҳ исмли афғон йигит билан танишган Гулнора унинг саволларига жавоб қайтариб, ёзишиб юрди. Бир сафар Гулнора Сайфуллоҳга банкка бориб доллар олмоқчилигини айтдию, «қўлга тушди». Сайфуллоҳ шу заҳоти телефон рақамини ёзиб, қўнғироқ қилишини илтимос қилди.

– Қанча пулингиз бор ўзи? – сўради Сайфуллоҳ. Қиздан 90 миллион сўм ҳақида эшитгач, – Сиз бироз кутиб туринг. Ўзим сизга қайтиб чиқаман, — дедию кўп куттирмади. Уч-тўрт дақиқада телефон қилиб, бир долларни 8570 сўмдан алмаштириб бериши мумкинлигини айтди.

Умрида кўрмаган-танимаган, фақат ижтимоий тармоқдагина тўрт-беш марта ёзишган бу одам нима учундир Гулнорага шубҳали кўринди. Қолаверса, хорижий валютани сотиш ёки харид қилишда ҳеч қандай чеклов йўқлиги ҳақида ўйлаб, бу ҳақда тегишли органларга хабар берди. У ерда Гулноранинг мурожаати асосида тезкор тадбир ўтказиш режалаштирилди. Холислар иштирокида Гулнорага 90 миллион сўм пул берилди. Шу орада Сайфуллоҳ ҳам қўнғироқ қилиб, «Қўйлиқ деҳқон бозори» ёнида учрашишни таклиф қилди. Гулнора айтилган вақтда келишилган жойга етиб борди. Сайфуллоҳ келгач, пулни бериб, долларларни олди. Гулнора у билан хайрлашиб, узоқлашиши билан Сайфуллоҳнинг олдига бир неча киши келиб, ўзларини таништиришди ва тезкор тадбир ўтказилаётганини маълум қилишди. Шунингдек, унинг ёнидан топилган 90 миллион сўм пул расмийлаштириб олинди.

Ўзбекистонда АҚШ доллари тижорат банклари томонидан сотилиши ва сотиб олиниши белгиланганига қарамай хорижий валютани ноқонуний равишда сотган Сайфуллоҳга қилмишига яраша жазо тайинланди.