Никоҳ — бир умрлик иттифоқ

17:48 - 01.12.2020

30

«Яхши қиз маҳалладан ортмайди» деган гап кимлар учундир ҳозир ҳам муҳим. Айримлар эса кўнглига ёққан кишисини олис мамлакатлардан топади. Миллий қонунчилигимиз бу борада фуқароларга хайрихоҳ, яъни чет эллик фуқаро билан оила қуришнинг ўзига хос қоидалари, тартибига амал қилинса кифоя. Чунки қаерда ва ким билан бўлмасин, инсон бахтли яшашга ҳақли.

Унутмаслик керак, чет эллик шахс билан никоҳлангач, муаммолар гирдобида қолаётган ҳамюртларимиз ҳам йўқ эмас. Бунга нима сабаб бўлмоқда? Хорижлик шахс билан никоҳни қайд этишнинг тартиби қандай? Мазкур жараёнда Ўзбекистон фуқароларининг манфаати қандай ҳимоя қилинади? Ушбу саволлар юзасидан Тошкент шаҳар «Наврўз» никоҳ уйи мудири Барно Рўзиева билан суҳбатлашдик.

– Барно опа, аввало, «Наврўз» никоҳ уйи ва ундаги хизматлар ҳақида қисқача тўхталсангиз.

– Бизда, асосан, никоҳни қайд этиш ҳаракати амалга оширилади, шунингдек, никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувларига асосан зарур ҳолларда такрорий гувоҳномалар ва маълумотлар берилади. 1981 йилда ташкил топган никоҳ уйимизда бугунги кунгача тузилган барча далолатномалар архивимизда сақланади. Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларнинг, бундан ташқари, МДҲ, чет эл фуқаролари, фуқаролиги йўқ шахсларнинг никоҳлари ҳам расмийлаштирилади. Оила кодексида никоҳни қайд этиш никоҳланувчи шахслардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органи томонидан амалга оширилиши белгиланган. Фуқаролик кодексига кўра фуқаронинг вақтинча яшаб турган жойи ҳам яшаш жойи ҳисобланади. Демак, вақтинча пойтахтда рўйхатда турган фуқаролар ҳам никоҳини қайд этиш учун бизга ариза топширишлари мумкин. Алоҳида ҳолларда, ис- тисно тариқасида (агар ота-онаси ва никоҳга кираётган ёшлар Ўзбекистон Республикасининг турли ҳудудларида ёхуд унинг ташқарисида яшаб турган бўлсалар) никоҳланувчи шахсларнинг илтимоси ва отаси ёки онасининг ёзма аризасига кўра никоҳ ота-онасининг ёки улардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органларида қайд этилиши мумкин.

– Ҳар ким оила қуриш ҳуқуқига эга. Аммо никоҳга қандай ҳолатлар тўсқинлик қилиши мумкин?

– Оила кодексининг 16-моддасига мувофиқ, агар никоҳланаётганлардан бири бошқа никоҳда турган бўлса, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар бўлишса, бундай никоҳ қайд этилмайди. Туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида ҳам никоҳ тузишга йўл қўйилмайди. Никоҳланаётганлардан бири руҳий касал, ақли заифлиги туфайли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган тақдирда ҳам никоҳ тузилмайди. Никоҳга ариза икки томоннинг иштирокида қабул қилинади. Ариза берилган кундан бир ой ўтгач, уларнинг никоҳи қайд этилади. Қонунчилигимизда бир ойлик муддатни қисқартириш мумкинлиги ҳам белгиланган. Бунинг учун узрли сабаб бўлиши керак.

– Никоҳни расмийлаштириш жараёнидаги фамилия масаласига ҳам тўхталсангиз.

– Никоҳни қайд этишда никоҳланувчилар ўз хоҳишига кўра иккаласидан бирининг фамилиясини умумий фамилия сифатида танлаши ёки ўзларининг никоҳгача бўлган фамилияларида қолиши мумкин. Никоҳланувчиларнинг фамилиялари қўшилиши орқали ҳосил бўлган фамилия умумий фамилия сифатида танланишига ҳам ҳеч қандай тўсқинлик йўқ (масалан, куёв Аҳмедов келин Шуҳратова бўлса, шунда куёв Аҳмедов-Шуҳратов келин Аҳме- дова-Шуҳратова бўлади) умумий фамилия сифатида танлаши мумкин.

– Чет эл фуқаролари билан никоҳ қайд этишда қандай қоидаларга амал қилинади?

– Бундай никоҳ умумий асосда қайд этилади. Бунда чет эл фуқаросининг аризасига шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси ҳамда унинг никоҳда турмаслиги ҳақидаги белгиланган тартибда легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган ҳужжат (албатта, давлат тилидаги таржимаси билан) илова қилиниши лозим. Никоҳ қайд этилгач, хорижий давлатга никоҳ тузилгани ҳақидаги хабарнома белгиланган тартибда жўнатилади. Чет элда доимий яшовчи фуқароларимизнинг никоҳи ўша давлат қонунчилигига асосан унинг ваколатли органлари томонидан қайд этилади. Уларнинг никоҳи Ўзбекистоннинг консуллик идораларида ҳам қайд этилиши мумкин.

– Бизда қонуний қайд этилган никоҳ хорижда тан олинмаган ҳолатлар кузатилганми?

– Кузатилмади. Чунки бу жараён халқаро нормаларга мувофиқ амалга ошади. Аввало ҳужжат лотин алифбосида ёзилади: никоҳ гувоҳномаси ҳам, далолатнома ҳам. Никоҳ гувоҳномаси ўша давлатнинг тилига таржима қилинади. Адлия бошқармалари ҳужжатга апостиль қўяди ёки легаллаштиради. Ушбу ҳолатда тақдим этилган ҳужжат сўзсиз қабул қилинади. Ҳужжат Ўзбекистон қонунларига ёки ўша давлат қонунларига зид келмаслиги керак.

– Чет эл фуқароси билан никоҳланган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари мазкур жараёнда қандай ҳимоя ланади?

– Бунинг учун аввало чет эл фуқаросининг оилавий аҳволи аниқланади. Мана шунинг ўзи фуқароларимиз учун катта ғамхўрлик аслида. Оилавий аҳвол ҳақидаги маълумот ўша давлатнинг ваколатли органидан олинади. Никоҳланаётган чет эллик шахснинг бошқа никоҳи тугатилмаган бўлса, Ўзбекистонда унинг никоҳи расмийлаштирилмайди. Юқорида қайд этилган никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлардан бирортаси аниқланса ҳам никоҳ тузишга йўл қўйилмайди. Юртимиз фуқароси билан оила қураётган чет эл фуқароси илгариги никоҳидан ажрашган бўлса, суднинг бу ҳақдаги қарори ёки никоҳдан ажрашганлик тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиши керак. Ушбу жараёнлар давлатлар элчихоналари, консуллик идоралари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги орқали амалга ошадики, бунда фуқаро манфаатига зид келувчи бирор жиҳат эътиборсиз қолмайди. Никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар йўқлиги тўлиқ аниқланганидан кейингина уларнинг аризалари қабул қилиниб, никоҳи қайд этилади. Фуқароларимизнинг ҳуқуқлари муносиб ҳимояланганига яна бир исбот шуки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низоми чет эл фуқаролари билан никоҳланаётганларга ҳам бирдек тааллуқли. Яъни, белгиланган тартибда 5 та йўналишда руҳий, наркологик касалликлар бўйича ҳисобда туриш-турмаслиги, тери-таносил касалликлари мавжуд эмаслиги, сил, ОИТСга чалинган ёки йўқлиги аниқланиб, тиббий кўрик хулосасига кўра никоҳ қайд этилади.

– Ҳар бир давлатнинг оила қонунчилиги ўз менталитетидан келиб чиқиб қабул қилинади. Масалан, БАА қонунчилигида кўпхотинликка рухсат бор. Хўш, бундай ҳолда юртимиз фуқароси билан никоҳ тузиш қандай амалга ошади?

– Бундай ҳолатда ҳам юқоридаги қоидаларга амал қилинади. Никоҳга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар бўлса, никоҳ қайд этилмайди. Биз чет эл фуқаросининг оилавий аҳволини билмагунимизча, зарур ҳужжатларни қабул қилиб олмагунимизча бу никоҳни қайд этмаймиз.

– Коронавирус пандемияси қоидаларни ўзгартириб, чекланган ҳаётда яшашга мажбур қилди. Аммо никоҳ, туғилиш ва ўлимни тўхтатишнинг иложи йўқ. Шунингдек, мазкур ҳолатларни қайд этишнинг ҳам…

– Тўғри. Чунки шу жараёнларнинг ўзи ҳаётни, давомийликни ифодалайди. Никоҳ тузилганидан кейин фарзанд дунёга келади ва туғилишни қайд этиш бир ой ичида амалга ошиши керак. Юртимизда шу йилнинг ўзида икки марта тўлиқ карантин жорий этилди. Бунда бошқа никоҳ уйлари каби бизда ҳам иш тўхтаб қолмади, тушунтиришлар бериб борилди. Май ойидан яна юртдош ларимиз никоҳ учун ариза бера бошлашди. Ҳозиргача карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда никоҳ қайд этилмоқда. Бизни қувонтиргани, одамлар никоҳдан дабдабасиз ўтиб, маблағни мақсадли сарфлашга ўрганишмоқда. Жумладан, тўйлар 30 кишидан ошмаган ҳолда ўтяпти. Никоҳни қайд этиш маросимига 2 ёки 4 киши бўлиб келишяпти. Карантин чекловлари батамом бекор бўлгандан сўнг ҳам шу қоидаларнинг амалда қолгани яхши. Аммо карантин шароитида камхарж тўй қилиб олай деб шошма-шошарлик билан йўл тутиш, келин-куёвнинг тақдирини қисқа ўйлаб ҳал этиш нотўғри. Чунки никоҳ бир умрлик иттифоқдир.

— Айни пайтда юртимиз фуқаролари кўпроқ қайси давлат фуқаролари билан никоҳдан ўтишяпти?

— Чет элликлар билан тузилаётган никоҳларни қайд этишда юртдошларимизнинг кўпроқ Туркия фуқаролари билан турмуш қуришаётгани диққатни тортади, албатта. Бундан ташқари, АҚШ, Италия, Германия, Франция, БАА, Жанубий Корея каби давлатлар фуқаролари билан ҳам никоҳлар расмийлаштирилмоқда.

— Никоҳни қайд этиш билан боғлиқ жараёнда узоқ йиллардан бери фаолият юритяпсиз. Муаммолар нималарда кўринади?

— Албатта, айрим номувофиқликлар бор. Жумладан, чет эл фуқаролари юртимизга қисқа муддатга келади, яъни виза масаласи муаммога сабаб бўлиши мумкин. Ариза қабул қилингач, бир ой муддат ўтиши жоиз. Аммо чет эллик бу муддатда қололмаслиги мумкин. Мана шу каби номувофиқлик лар йўқ эмас. Иккинчи масала, баъзилар чет эл фуқароси билан турмуш қурсам, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлашади. Аммо тош-тарози ҳамма жойда бор, агар ажралиш рўй берса, кўп юртдошларимиз муаммолар гирдобида қолади. Ажрашиш расман қайд этилган бўлса, суд қарорини легализация қилган ҳолда ёки апостиль қўйдириб юртимизга олиб келиш кераклигини билишмайди. Суд қарорининг ўзини олиб қайтишади. Юртимизга келиб кўплаб оворагарчиликларни бошдан ўтказишади. Юртимиз фуқаролари орасида ҳам биринчи никоҳини тугатмасдан туриб, шаръий никоҳ асосида бошқа билан яшаб фарзандли бўлаётганлар бор. Ачинарлиси, фарзанд қонунан никоҳдаги эрнинг фарзанди саналади. Боланинг шаръий никоҳдаги эрдан туғилганини тасдиқлатиш учун никоҳдаги эр ФҲДЁ бўлимига келиб, тегишли тартибда она аризаси бўйича оталик белгилашга эътирозим йўқ мазмунида ариза ёзиб бериши керак. Шундан кейин ҳам бир қанча расмий ҳаракатлар амалга ошади ва оталик белгиланади. Никоҳдаги эрнинг номига бола расмийлаштириб берилса, бу янада мураккаблашиб кетади. Агар боланинг туғилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувига отаси тўғрисидаги маълумотлар никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги аризага асосан киритилган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзувида кўрсатилган ота ҳақидаги маълумотлар суд тартибида бекор қилинмай туриб, бошқа шахс томонидан бу болага нисбатан оталик белгиланиши мумкин эмас. Суд қарори билан ота ҳақидаги маълумотлар бекор қилиниши шарт. Қаранг, қанча муаммо. Қолаверса, боланинг оталар ўртасида бундай сарсон бўлиши менталитетимизга ҳам тўғри келмайди. Мени яна бир муаммо қийнайди: қандай қилиб, ота-оналар ўз қизини ҳали никоҳдан ажрашмаган одамга турмушга беришаркин? Ачинарлиси, қизларнинг ўзи ҳам бундай никоҳга рози. Ваҳоланки, диний расм-русумлар асосида қурилган никоҳ қонуний кучга эга эмаслиги, бундан, айниқса, хотинкиши жабр чекишини наҳотки тушунишмаса?

Шундай ҳолатларга қарши кўпроқ тарғибот қилишимиз керак. Айни пайтда онлайн тушунтиришлар бериб борилгани маъқул. Аммо минг тушунтирманг, одамнинг ўзида фикр бўлгани яхши, ўзини ва туғилажак фарзанд лари келажагини ўйлаши керак.

Юлдуз ҲОЖИЕВА

суҳбатлашди.