Муштумзўр ва унинг тўрт улфати

15:48 - 01.12.2020

7

Карантин талабларига риоя этилишини таъминлаш ИИБ ходимлари зиммасига юклатилган. Бағдод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори  Собиржон (исмлар ўзгартирилган) 2020 йил 25 август куни ўзига бириктирилган Дўрмонча маҳалласида хизмат вазифасини ўтамоқда эди. Кечқурун ўзининг «Дамас» автомашинасида Муқимий кўчасидаги дўконга борганида бир неча киши спиртли ичимлик ичиб, ниқобсиз ўтирганини кўрди. Улар инспекторнинг карантин қоидаларидан огоҳлантиришига парво қилмай ичкиликбозликни давом эттиришди. Инспектор машинадан тушиб телефонида ҳуқуқбузарларни тасвирга тушира бошлайди. Шунда ароқ ботирга айлантирган улфатлардан бири инспекторнинг қўлидаги телефонни тортиб олиб ерга уради, сўнг юзига  кетма-кет муштлайди. Бурни қонаб гангиб қолган инспекторни йўл ўртасига судрайди. Яна дўппослаб, кетиб қолади. Инспектор ўзини ўнглаб «Дамас»да  ИИБга йўл олади. Туман ИИБ бошлиғининг ўринбосарига бўлган воқеани айтади…

Инспектор шифохонага етказилиб, унга биринчи ёрдам кўрсатилди. Собиржоннинг ИИБ раҳбариятига билдиргиси асосида жиноят иши қўзғатилиб, муштумзўр Тўрабой ҳибсга олинди. Судда унинг айбига иқрорлигидан ташқари гувоҳларнинг кўрсатмалари билан тасдиғини топди. Карантин қоидаларига риоя этмасдан, ИИБ профилактика инспекторини уриб жароҳат етказган Тўрабойга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Унинг тўрт улфати эса маъмурий жавобгарликка тортилди.