Устоз шогирдига тузоқ қўйди

10:49 - 30.11.2020

12

Қинғир йўл билан бойлик орттиришни хоҳловчилар орамизда топилади. Судланувчи Алижон Алиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шундайлардан. У 2020 йил май ойида шогирди Икром Ўлмасовга тузоқ қўяди. А.Алиев Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги иқтидорли болалар академик лицейида катта ўқитувчи бўлиб ишлар, И.Ўлмасов эса мазкур лицейни тамомлаётган эди. Устоз шогирдига тўғри йўл кўрсатиш ўрнига нотўғри маслаҳат беради. Яъни А.Алиев ўқувчиси И.Ўлмасовни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали консерваторияга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. Бунинг эвазига ундан 5 минг АҚШ доллари талаб қилади.

20 май куни Бектемир туманидаги «Компас» савдо мажмуасида А.Алиев И.Ўлмасовдан 5 минг долларни фирибгарлик билан олган пайтида департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди. Мазкур жиноят 24 август куни жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида кўриб чиқилиб, А.Алиевга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди.