Бетартиблик ва тирбандлик қачон барҳам топади?

12:02 - 27.11.2020

9

Сиз суратларда кўриб турган манзара бирор бозор ёки савдо мажмуаси атрофидаги эмас, балки пойтахтнинг қоқ марказидаги Шаҳрисабз 5-тор кўчасида ҳар куни такрорланадиган ҳолатдир. Бу ерга келиб қолсангиз, тирбандликда қолишингиз аниқ.

Маълумотларга қараганда, охирги 10 йилда пойтахтда автомобиллар сони 250 мингтадан 510 мингтага, яъни икки баравар ошган. Шунга мос равишда транспортлар тирбандлиги ҳам ортаётир.

Автомобиллар кўплиги, йўл четига бетартиб қўйиб кетилгани сабабли транспортлар икки томонлама ҳаракатланишининг иложи йўқ. Бунинг устига совуқ кунларда пойтахтда ҳам энергия таъминотида турли авария ҳолатлари юз бермоқда. Бундай фавқулодда ҳолатлар эса ўт ўчирувчи ёки бошқа оғир техникалар ёрдамида бартараф этилади. Агар бундай техникалар шу кўчадан юришга мажбур бўлса, автомобилларнинг эгаларини топиб, йўлни бўшатишга маълум вақт кетади. Унгача кичик авария жиддий талофатларга сабаб бўлиши эҳтимоли катта.

Юқорида таъкидланганидек, бу каби муаммоларни бартараф этиш учун тегишли лойиҳа ишлаб чиқилган. Жумладан, Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмаси ва жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича бош режанинг дастлабки лойиҳасига кўра, 24 та йирик чорраҳада ҳаракатланиш тартибини оптималлаштириш, бу орқали тўхташлар сонини ўртача 71 фоиз ва вақтини 48 фоиз, тирбандликни 64 фоиз, ёнилғи сарфини 34 фоиз камайтириш мумкинлиги аниқланган.

Умид қиламиз, мутасаддилар пойтахт инфратузилмасини такомиллаштиришда юқорида тилга олинган жиҳатларга ҳам эътибор қаратишади.