Кореяга кетувчилар нега кўп чув тушяпти?

17:41 - 26.11.2020

8

Ҳозир хорижга ишга бормоқчи бўлиб, фирибгарларга алданаётганларнинг кўпчилиги Жанубий Кореяга кетмоқчи бўлган фуқаролардир. Таъкидлаш керакки, Кореянинг бандликка кўмаклашиш тизимидан ташқари ҳеч ким ҳеч бир кимсани у ёққа ишга юбора олмайди. Жанубий Корея дунёдаги ўн икки давлатдан ишчи олади, Ўзбекистон шу ўн икки давлатдан биридир. Жанубий Корея фақат давлат ташкилоти орқали одам олади. Тестни корейсларнинг ўзи ўтказади, ишчиларни ҳам Корея томонининг ўзи танлайди.

Кореяга бориб ишлаш учун имтиҳон харажатига тўланадиган пул унчалик катта эмас. Буларнинг бари тахминан 250-350 доллардан ошмайди. Лекин юртимизда баъзи олғирлар фуқароларимизга бу харажатни бир неча баробар кўп кўрсатиб, барча масалаларни ўзлари ҳал этишини таъкидлайди. Билингки, бу каби шахслар фирибгарлардир!

Пойтахтлик 37 ёшли Сергей Кан ҳам фуқароларни Кореяга жўнатиш борасида ўзини ҳамма ишга қодир қилиб кўрсатиб, фирибгарлик ортидан катта пул топди, лекин бунинг оқибатини ўйламади.

Бу йигит дастлаб 2016 йилнинг март ойида И.Ориповни танишлари орқали Кореяга ишга жўнатишига ишонтиради. Ҳужжатларни расмийлаштириш, паспортга виза босиб бериш, йўл ҳақи ва Кореяга борганда бир ойлик яшаш харажатига деб ундан 5000 АҚШ долларини олиб, ўзининг эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. 

Шу йили М.Ирисовни ҳам юқоридаги ваъдаларига ишонтиради ва ундан 2200 доллар пулини олади.

Текин пул мойдай ёққан С.Кан фирибгарлигини яна давом эттиради. Бу сафар у ишонтиришнинг бошқа йўлини топади. Яъни ҳужжатларни қалбакилаштиради. Хусусан, Ф.Эровга Корея Республикасига ишга кетиши учун сохта виза қоғози тайёрлаб беради ва тез кунда йўлга отланишини айтиб, ундан 6300 доллар олади. Аммо Корея сафаридан анча вақтгача дарак бўлмайди. 

Фирибгарликнинг бу усули Х.Маҳмудовни алдашда ҳам қўл келди. Унинг ҳам паспортига қалбаки виза босиб бериб, тез кунда Кореяга кетишини айтади ва 3800 доллар пулини олиб, ўз эҳтиёжига сарфлайди. Шу йўл билан С.Аҳмадовдан ҳам 5400 доллар ундиради. 

Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганлар. С.Каннинг фирибига учганлар ниҳоят ҳуқуқни муҳофаза этувчи идорага мурожаат этишди. Тергов жараёнида унинг барча қилмишлари фош этилди.

Суд жабрланувчиларга етказилган моддий зарар қопланганини инобатга олиб, С.Канга базавий ҳисоблаш миқдорининг 95 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Фарҳод Нариманов,

Сирдарё тумани прокуратураси катта терговчиси