Кимга аза, кимга тўй…

17:18 - 26.11.2020

8

Бутун дунёга тарқалган коронавирус кўпчиликни ваҳимага солиб қўйди. Одамзот бошига тушган бу синов айримларга сабоқ бўлиб, тўғри йўлга ўтишига туртки бўлган бўлса, айримлар вазиятдан фойдаланиб қолишга ошиқди.

Зоҳид Содиқов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Самарқанд вилояти санитария-эпидемиология назорати бошқармасининг Самарқанд тумани филиалида ишлайди. У жисмоний ва юридик шахслар санитария ва эпидемиология қоидаларини бузган тақдирда маъмурий жавобгарлик тўғрисида баённома расмийлаштириш ва уни вилоят ДСЭНБга юборишга масъул.

Бир куни Жамол ўзининг «Кобальт» машинасида тиббий муолажа олаётган хотинини олиб кетаётганди.

Гагарин кўчасида уни ИИБ ЙҲХБ ва ДСНЭБ ходимлари тўхтатишди. Карантин қоидасини бузганини айтиб, ҳужжатларни расмийлаштиришди ва машинани жарима майдонига жойлаштиришди.

Шундан сўнг Жамол бир танишининг тавсияси билан санитария-эпидемиология назорати ходими Зоҳиднинг олдига борди. Бўлган ҳолатни, хотини ҳомиладор эканини айтиб, машинасини олишга ёрдам қилишини сўради.

– Майли, ёрдам қиламан, лекин пул бермасангиз иш ҳал бўлмайди.

– Қанча беришим керак?

– Аслида сиз содир этган қоидабузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараварига тенг жарима солинади. Мен бошлиқ билан гаплашиб, жарима миқдорини беш бараварга тушириб, машинангизни жарима майдонидан чиқариб бераман. Эвазига бир миллион сўм берасиз, мен уни бошлиққа бераман, – деди Зоҳид ўз нафси учун бировнинг номини сотиб.

Жамол бу таклифга рози бўлиб, Зоҳиддан телефон рақамини олди. Кейинги кун қўнғироқ қилиб, иши нима бўлаётганини сўради.

– Бошлиқ билан гаплашдим, юрист ҳужжатларни кўриб беради. Сиз душанба куни жаримани тўлаб келинг, – деди Зоҳид.

Жамол ўша куни банкка бориб 1 млн. 115 минг сўм жаримани тўлади, тўлов чекини олиб Зоҳиднинг ёнига борди. Кейин улар қолган ҳужжатларни ҳам тўғрилади. Иши битгач, Жамол ваъда қилганидай 1 млн. сўмни Зоҳидга узатди. У қўлидаги пакетга солишини имо қилди.

Зоҳидни ишхонасига олиб бораётган Жамол «битта сув олиб келай» деб машинасини тўхтатиб дўконга кириб кетди. Шу пайт машина олдига бир неча киши келиб, ўзларининг ИИБ ходимлари эканини, Жамолнинг аризасига кўра тадбир ўтказилаётганини билдириб, хизмат ҳақи эвазига олган пулини холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олишди. Хизмат мавқеидан фойдаланиб пора олган Зоҳид Содиқов суд ҳукми билан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йилга озодлиги чекланди.

Б.ХУРШЕДОВ,

Самарқанд шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси