“Ишлатилган телефон ҳам бўлаверади…”

12:15 - 25.11.2020

6

Нафсининг йўриғига юрган инсон пушаймон бўлиши турган гап. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Олот тумани жамияти раиси вазифасини бажарувчи И.Ҳамроев федерациянинг Бухоро вилояти бирлашмаси раисининг 2020 йил 9 июндаги буйруғига асосан Олот тумани «Деҳқон бозори»да тадбиркорлик субъектлари карантин талабларига қандай риоя қилаётганини ўрганди. Ўрганиш давомида «Экспресс савдо плюс» ХК раҳбари М.Нуруллаев тиббий ниқобсиз ва оралиқ масофага риоя этмасдан фаолият олиб бораётганини аниқлади. Дарров маълумотнома тузди.

– Ака, энди нима бўлади? Бу маълумотнома билан мени жаримага тортасизларми? – деди М.Нуруллаев.

– Албатта. Бу ҳужжат вилоят бирлашмасига юборилади. Менимча, ойлик маошнинг 2 бараваридан 10 бараваригача жарима қўлланиши мумкин, – деди И.Ҳамроев. Кўнглида «қармоққа тушди» деган ўй кечди шекилли, «мен сизга ёрдам беришим мумкин» деб қўшиб қўйди.

Ушбу суҳбат асносида тадбиркор М.Нуруллаевни маълумотномани юқори ташкилотга бермаслиги эвазига 600 минг сўм пул ёки телефон олиб беришга кўндирди.

23 июль куни тадбиркор телефон қилиб қолди:

– Ака, ишлатилган телефон олиб берсам хафа бўлмайсизми? Кейин 50 доллар берай, ўша маълумотномани Бухорога юборманг…

Келишилгани бўйича И.Ҳамроев ўзи билан ишлайдиган М.Баҳромовани тадбиркордан порани олиб келиш учун юборди. Ҳеч гапдан хабари йўқ М.Баҳромова 600 минг сўм пулни М.Нуруллаевдан олиб келди.

И.Ҳамроев порани киссасига уришга улгурмади, жиноят устида қўлга олинди. Унга суд ҳукми билан иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ўтказиш шарти билан 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.