80 жуфт эр-хотиннинг фикри нега ўзгарди?

13:07 - 25.11.2020

10

Тўрақўрғон туманининг Кумидон маҳалласида яшовчи Нурмуҳаммад ва Мафтуна бир олам орзу-умидлар билан оила қуришган эди. Нимадир бўлиб, уларнинг ораси бузилди. Оила ажрашиб, Мафтуна икки фарзандига алимент ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига мурожаат қилди. Унинг аризаси қондирилди ва алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБ Тўрақўрғон тумани бўлимига келиб тушди.

Бюронинг туман бўлими, шунингдек, мутасадди давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари ҳамкорликда ҳар икки томонга оиланинг муқаддаслиги, ўртадаги икки фарзанднинг ота меҳрига зор ўсиши уларнинг тарбиясига салбий таъсир қилишини обдан тушунтиргач, иш ижобий томонга сурила бошлади. Ёшлар ярашиб, бугунги кунда ўзлари пешона тери эвазига сотиб олган мўъжазгина ҳовлида аҳил яшамоқда.

Бугунги кунда бюронинг туман бўлими ходимлари айнан алимент билан боғлиқ ҳужжатларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келаяпти. Шу йўналишда фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. 2020 йилнинг ўтган даврида 80 га яқин оила яраштирилди.