Соғлом жамият яратувчанликка қодир

10:54 - 24.11.2020

14

Тиббий тадқиқотлар касалликларнинг 70 фоизи овқатланиш қоидасига амал қилмаслик оқибатида келиб чиқишини кўрсатади. Умрини инсон юрагини ўрганишга бағишлаган америкалик машҳур кардиохирург Майкл Дебейкидан узоқ умр кўришнинг сирини сўрашганида у «Бу инсоннинг ўз қўлида. Агар қовурма овқатлардан воз кечса, одам ўз умрини 15-20 йилга узайтира олади» деб жавоб бергани ҳам бежиз эмас.

Қолаверса, коронавирус пандемияси нотўғри турмуш тарзи, тўғри овқатланишга эътибор бермаслик қандайоқибатга олиб келишини яққол кўрсатди. Шу боис бу борада давлат сиёсатини янада мус-

таҳкамлашни даврнинг ўзи тақозо этади. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 10 ноябрда имзоланган «Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор бу йўналишдаги вазифаларнинг ҳуқуқий асоси бўлди.

Қарорнинг аҳамияти нимада?

Саломатлик учун муҳиммикроэлемент ва моддаларни инсон организми асосан мева ва сабзавотлардан олади. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, юртимиз аҳолисининг 67 фоизи етарлича мева-сабзавот емайди. Бу эса турли касалликларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда.

Шу боис ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 1 июндан бошлаб 6-23 ойлик болалар учун уйда тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида мик ронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар A витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бў йича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болаларга йод препарати, 35 ёшгача бўлган аёлларга темир ва фолий кислотаси препарати бепул берилади. Ушбу дори ва витаминларни оилавий шифокорлар тарқатади.

Ун микронутриентлар билан бойитилса…

Қарорда имтиёзлар ҳам аксини топган. Маълумки, 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган барча навдаги буғдой унининг 30 фоизигина микронутриентлар билан бойитилгани аниқланган эди. Ваҳоланки, бу каби унни Ўзбекистон аҳолисининг 56 фоизга яқини истеъмол қилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бу борадаги 70 фоиз кўрсаткич ҳам камқонликни анча камайтириш имконини беради. Шу боис 2020 йил 1 апрелдан Ўзбекистонга фақат микронутриентлар билан бойитилган биринчи навли буғдой унини олиб киришга рухсат берилиб, биринчи навли буғдой уни фақат микронутриентлар билан бойитилган ҳолда ишлаб чиқарилиши ва сотилиши ҳам белгиланганди. Мазкур қарор билан эса 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой унини ҳам микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республикаҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.

– Болаларнинг ёшлик чоғиданоқ керакли микронутриентлар билан бойитилган таомларни истеъмол қилиши баркамол ўсишини таъминлайди, – дейди Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова. – Бунинг иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали экани исботланган. Яъни тадқиқотлар кичик ёшда яхши овқатланиш учун сарф этилган ҳар бир доллар кейинчалик давлат бюджетига 4 доллардан 35 долларгача фойда келтиришини кўрсатган.

Ҳақ гап. Чунки бола ёшлигидан илиги тўқ, бақувват бўлиб ўсса касалликка кўп чалинмайди, демак даволаш учун ортиқча харажат қилишга тўғри келмайди.

Туз, шакар ва ёғ миқдори юқори бўлса…

Қарорда кўплаб янгиликлар бор. 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим ташкилотларида «Шахсий гигиена ва жисмоний тарбия асослари» машғулотлари ўтказилиши, умумтаълим мактабларида эса «Саломатлик сабоқлари» дарслари ўтилиши шулар жумласидан. Академик лицей, профессионал ва олий таълим муассасаларининг жисмоний тарбия фани доирасида шу йўналишда машғулотлар ўтказилади. Бир сўз билан айтганда, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга доир жараёнларда боғча боласидан нуроний кексаларгача қамраб олинади.

 Яна бир муҳим масала: 2021 йил 1 июлдан таркибида туз, шакар ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар, шунингдек, соғлиқ учун зарарли бошқа қўшимчалари бор маҳсулотларга белги қўйиш бошланади. Белгилаш 2021 йил июлдан ихтиёрий, 2025 йил 1 январдан мажбурий бўлади. Хўш, тамғалаш нима учун керак?

– Аввало шуни қайд этиш жоизки, бу ўзгариш мамлакатга олиб кирилган маҳсулотларга ҳам, республикада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ҳам бирдай тааллуқли, – дейди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Нурмат Отабеков.

– Бунда таркибида туз, қанд ва ёғ миқдорини ҳисобга олган ҳолда озиқ-овқатнинг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканини давлат санитария назорати органлари белгилайди. Товарларга ушбу рангли белгиларни қўйишдан мақсад – истеъмолчиларга ишончли маълумотларни етказиш ва фойдали маҳсулотларни танлашига ёрдам бериш.

Зеро, шакар, ёғ ва тузни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиш юрак-қон томири касалликлари, артериал гипертензия, қандли диабетнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига олиб келади. Таълим, спорт ва тиббиёт муассасаларида хавфсизлик бел гиси билан тамғаланмаган озиқ-овқатларни сотишга йўл қўйилмайди ҳамда бундай маҳсулотларни реализация қилиш савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

* * *

Ушбу қарор аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги катта қадам бўлди. Зеро, соғлом турмуш тарзига риоя қилинса бундан жамият ҳам, давлат ҳам бирдай фойда кўради.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,

«Huquq»