“Шароити мендан ёмонлар бор. Уларга ёрдамлашинг…”

11:13 - 24.11.2020

5

Жанғил Умаралиева Шўрчи туманининг Лайлакхона маҳалласида яшайди. Ногирон бўлишига қарамай ҳаётидан нолимайди. Аллоҳдан ўзига сабр, фарзандлари-ю келинларига инсоф сўрайди.

– Ўттиз йил ўқитувчилик қилдим, – дейди Жанғил момо. – Шогирдларим орасида ёзувчи ва шоирлар, шифокорлар бор. Тақдир экан, 15 йилдан буён оёқларим ишламай қолди. Тақдиримдан норизо эмасман. Момоларимдан ўрганган тўқувчилик ҳунарини давом эттириб, маҳалламиз ёшларига гилам ва жойнамоз тўқишни ўргатаяпман. Шогирдларимнинг ишини кўриб кўзим қувнайди.

Жанғил Умаралиева тўқиётган «Жонона», «Ғожари», «Тақир» гиламлару Бойсуни, қадимий атлас нусхали жойнамозлар рангларининг ёрқинлиги билан кишини эътиборсиз қолдирмайди. Ижтимоий кўмакка муҳтож бўлса-да Жанғил Умаралиева бировдан ёрдам сўрамайди.

– Жанғил опанинг матонатига қойил қолганман, – дейди маҳалла мутахассиси Бибисора Жўраева. – Маҳалламиздаги баъзи одамлар тўрт мучаси соғ бўлишига қарамай меҳнат қилиб пул топишни истамасдан давлатдан ёрдам сўрайди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг шароитини ўрганиб, уларни «Темир дафтар»га киритиш мақсадида Умаралиеваларнинг хонадонига борганимда, Жанғил опа «Менинг қўлимда ҳунарим бор. Шу ҳунар орқали қора қозонимиз қайнаб турибди. Бунинг устига давлатдан пенсия олиб турибман. Шароити меникидан ёмонлар бор. Уларга ёрдам қилингизлар» деб, «Темир дафтар»га киритмаслигимизни сўради. Дарвоқе, қаҳрамонимиз яқинда туман ҳокимияти томонидан онлайн тарзда ўтказилган «Энг яхши ҳунарманд» танловида биринчи ўринни эгаллаб, диплом ва совғалар билан тақдирланди.