Луқма ўз оёғи билан келди

16:23 - 24.11.2020

12

Фуқаро Т.Н.нинг аризаси бўйича ўткзилган тадбир ва суриштирувда Тошлоқ туманининг Обисиё маҳалласида яшовчи 44 яшар М.И одамларни алдаб, Жанубий Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилиб олган пулини қайтариб бермай келаётгани тасдиқланди. Тергов мобайнида тағин алданган уч кишининг мурожаати ҳам ўз тасдиғини топди.

Дастлаб М.И. Жанубий Кореяга отланган танишларидан бирига Фарғона шаҳрида ишга ёлланилаётганини айтиб йўл-йўриқ кўрсатади. Касби, билими талабга мос тушган йигит воситачиларсиз ишга кетади. Бироқ М.И. таниш-билишлари орқали хорижга ишга жўнатиши мумкинлиги ҳақида овоза тарқатади. Буни эшитган таниши Р.М. ўғлини Кореяга ишга жўнатишга ёрдам беришини сўрайди. М.И. 2013 ёзида ўз оёғи билан келган луқмани қўлдан чиқармаслик учун Р.М.дан харажатларига дея 4700 АҚШ доллари олади.

Орадан икки йил ўтиб бошқа бир фуқаро Т.Н.нинг ўғлини 4000 доллар эвазига бир йил ичида Жанубий Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилиб, дастлаб 1100 долларини қўлга киритади. Қолганини сўраганида Т.Н. «ўғлим ишга кетганида бераман» дейди. Орадан бир йил ўтса-да, М.И. ваъдасини бажармайди.

2017 йилнинг февраль ойида фирибгарнинг қармоғига таниши А.Н.  илинади. Ўғлини Жанубий Кореяга ишга жойлаштиришига ишонтирган М.И.га 4500 доллар беради. Кейинчалик ишга жойлаштириш харажати ошганини айтган фирибгарга яна 3500 долларини топшириб қўяди.

2017 йил май ойида фирибгар таниши Ш.Қ.ни чув туширади. Жанубий Кореяга ишга жўнатаман деб ундан олган 4000 долларини қайтариб бермай, бу йил бўлмади, кейинги йил жўнатаман дея алдаб юраверади. Алданганларни ишонтириш учун Тошкентдаги хорижга ишга юборишга тайёрлаш курсларига  олиб боради. Курсда ўқиганлар ҳам ишга таклиф қилинмасдан қолишади. Пулини қайтаришни талаб қилганларга бир қисмини бериб, қолганини кейин бераман дея алдаб юраверади.

Судда айбига иқрор бўлган фирибгар алдаб олган пулларини жабрланганларга тўлиқ қайтариб беришини инобатга олишни сўради. Суд ҳукми билан зарарни қоплаш ва гаров учун топширилиб, банкда сақланаётган пулнинг 20 млн. 307 минг сўми жабрланувчи Р.М.га, 10 млн. 253 минг сўми Т.Н.га, 40 млн. 612 минг сўми Ш.Қ.га, 30 млн.459 минг сўми А.Н.га топширилди. Зарарни тўлиқ қоплаган судланувчига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.