Дунё конституциялари

10:55 - 23.11.2020

114

Конституция мамлакатнинг асосий қонуни бўлиб, давлат ва жамият қурилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзида акс эттирган олий юридик кучга эга ҳужжат ҳисобланади. У сиёсий-ҳуқуқий билимлар сарчашмасидир. Хўш, жаҳонда илк конституция қачон ва қаерда пайдо бўлган? Ҳамма давлатлар ҳам ўз конституциясига эгами?

Давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ҳозир биз тасаввур этадиган конституцияларнинг пайдо бўлганига ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Баъзи манбаларда дастлабки конституция сифатида 1787 йили Филадельфияда қабул қилинган АҚШ конституцияси тилга олинади. Аслида ундан олдин қабул қилинган конституциялар ҳам бор. Бу дунёдаги энг кичик давлатлардан бири – Сан-Марино (ҳамма томондан Италия ҳудуди билан ўралган) Республикасининг 1600 йилда қабул қилинган асосий қонунидир. 1710 йил 5 апрелда қабул қилинган Филипп Орлик конституциясини ҳам баъзида Европанинг илк конституцияси сифатида эътироф этишади.

Конституциянинг ибтидоси аслида қадимги Афина ҳуқуқий ҳужжатлари бўлса ажаб эмас. «Конституция» сўзи лотинчада constitutio – тузум, тузилиш маъносини англатади. Бундан қарийб тўрт минг йил аввал қадимги Бобилда яратилган Хаммурапи қонунларида ҳам конституцияга хос кўпгина жиҳатлар ўз

аксини топган.

Шарқ мамлакатларида диний таълимот, хусусан, ислом дини кўрсатмалари, шариат қоидалари конституция вазифасини ҳам бажариб келган. Бундан ташқари, улуғ аждодимиз Юсуф Хос Хожибнинг «Қутадғу билиг» («Саодатга бош ловчи билим») асарида давлат, жамият ва инсон ўртасидаги муносабатлар қандай бўлиши лозимлиги теран ёритилган. Айниқса, соҳибқирон Амир Темурнинг «Тузуклар»и бу борада бебаҳо сиёсий, ҳуқуқий, маърифий қўлланма бўлиб, ундаги кўпгина ғоялар ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

* * *

Ҳинд халқи мустақилликка эришганидан икки йил ўтиб 1949 йил 26 ноябрда қабул қилинган Ҳиндистон конституцияси ҳажман дунёдаги энг катта конституциялардан бири ҳисобланади. У 395 та модда, 12 та йирик илова, 117400 та сўздан иборат. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингандан буён 500 дан ошиқроқ ўзгартиш ва қўшимча киритилган, 80 та янги модда қўшилган, қарийб 20 та модда бекор қилинган. Қиёслаш учун қуйидаги маълумотга эътибор беринг: АҚШ конституцияси ҳажман энг кичик – 4400 сўздан иборат бўлишига қарамай қабул қилингандан буён ўтган икки асрдан ошиқроқ вақт мобайнида бор-йўғи 27 та ўзгартиш киритилган. Шунинг 10 таси «Инсон ҳуқуқлари ҳақида билл» деб номланади. АҚШ конституциясининг илк матнида асосий эътибор федерал давлат тузилишига қаратилган бўлиб, инсон ҳуқуқларига оид нормалар деярли йўқ эди.

Ҳиндистон конституциясида инсон ҳуқуқ ва мажбуриятлари яхлит ҳолда берилмай, жуда кўплаб моддалар мазмунига сингдириб юборилган.

Америка Қўшма Штатлари демократик давлат сифатида маълум ва машҳур бўлса-да, унинг конституциясида «демократия» сўзи қўлланмаган.

«Демократия» сўзи халқ ҳокимияти маъносини билдиради. Ўзбекистон конституциясининг 7-моддасида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» дейилган. Бу сўзлар демократик тараққиёт йўлини танлаган, инсон ҳуқуқларини олий қадрият деб билган Ўзбекистон халқининг улуғ мақсадларини ифодалайди.

* * *

Дунё мамлакатлари орасида конституцияга эга бўлмагани ҳам бор. Буюк Британия ва Янги Зеландия конституцион қонунчилик ривожланган демократик давлатлар бўлса-да, конституция деб номланувчи яхлит ҳуқуқий ҳужжатга эга эмас. Буюк Британияда конституциявий ҳуқуқлар парламент қабул қиладиган қонунларда ўз аксини топади. Бу ерда 1689 йилдаёқ «Хабеас корпус акти» қабул қилинган эди.

Дунё давлатлари конституциялари моҳиятан ҳокимият манфаатлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ёки мафкуравий мақсадлар устувор бўлган хилларга бўлинади. Мафкуравий конституцияларнинг яққол намунаси собиқ СССР конституцияси эди. Ўз умрини ўтаб бўлган бу ҳужжатнинг мақсади коммунистик тузум ва унинг мафкурасини ҳимоялаш бўлган. Бу мафкура иттифоқ халқлари бошига қандай жафолар келтиргани биз – катта авлод вакилларига кундай равшан. Ўша конституциядан фарқли ўлароқ ватанимиз конс титуциясида «Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Унда ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас» дея алоҳида қайд этилган.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»