Ўсмир нега ўттиз миллион ўмарди?

14:16 - 19.11.2020

9

Мамлакатимизда болалар тарбиясига катта эътибор қаратилади. Ҳамма ҳам фарзандининг етук инсон бўлиб улғайишини хоҳлайди. Бу яхши албатта, лекин ўқиб билим оламан, меҳнатим билан юрт равнақига ҳисса қўшаман деб интилаётган ёшларимиз орасида тарбияси суст, ўқиш ва изланиш ўрнига енгил ҳаёт кечиришни афзал биладиганлари ҳам учраётгани ёмон.

Тўғри, ёшлар тарбияси бўйича тегишли ташкилотлар иш олиб бормоқда. Лекин айрим ҳудудларда вояга етмаганлар жиноятчилиги ўтган йилга нисбатан ўсган.

Республикамизда 2020 йилнинг 9 ойи давомида вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияларга юборилган ҳужжатлар ўтган йилнингшу даврига нисбатан 132 та камайган. Аммо вояга етмаганлар, ёшлар ва ўз фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган ота-оналарни профилактик ҳисобга олиш 70 та кўпайган.

Мисоллар шуни кўрсатадики, боланинг профилактик ҳисобга олинишида, шу билан бирга, боланинг ҳуқуқбузарлик содир этишида ота-онасининг маълум даражада айби бор. Дейлик, айрим ота-оналар фарзандим бўш вақтида ишлаб пул топаяпти, бунинг нимаси ёмон деб боланинг назоратини иккинчи ўринга қўяётганини билишмайди.

Афсуски, бугунги кунда айрим ўқувчилар ўқишдан бўш вақтида ҳунар ўрганиш ё бошқа тўгаракларга қатнашиш ўрнига, бир-икки сўм пул топиш учун автомашиналарни ювиш шохобчаларида, дўкон, кафе ва тўйхоналарда ишлаб юришибди. Тадбиркорлар эса биринчидан, улардан арзон ишчи сифатида фойдаланса, иккинчидан, улар билан ҳеч қандай меҳнат шартномасини тузмасдан, қонунда назарда тутилган иш берувчи мажбуриятларидан бў йин товлайди. Демак, бу каби ҳолатлар фарзанд тарбиясига салбий таъсир ўтказиш билан бирга меҳнатга оид қонун талабларининг бузилишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Яна бир гап. Табиийки, кафе, рес- торан ёки тўйхонада ишлаётган ўсмир қадаҳларга спиртли ичимлик қуйиб, меҳмонларга хизмат кўрсатади ва катталарга тақлид қила бошлайди. Вақт ўтиши билан шаробхўрликка, маишатга ўрганади. Оқибати барчамизга маълум.

Фикримизни мавзуга оид мисоллар билан давом эттирамиз. Беруний тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи бир оиланинг вояга етмаган аъзоси Г.С. бировнинг контейнерига эшигини бузиб киради. Унинг ичидаги темир сейфнинг ҳам эшигини бузиб, ундаги 30 миллион сўм пулни ўғирлаб кетади.

Қўнғирот тумани Олтинкўл маҳалласидаги бир оиланинг Т.К. исмли вояга етмаган фарзанди автомашина бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатга эга бўлмасдан, яқинларига тегишли автомашинани ўзбошимчалик билан ҳайдаб кетади ва йўлда бир кишини уриб ўтиб, жиддий жароҳат етказади.

Ушбу жиноятларнинг сабаблари ўрганилганда аниқландики, жиноятчиларнинг иккаласи ҳам ўзига тўқ оиланинг фарзанди бўлиб, ҳеч нарсага муҳтожлик сезмаган. Муаммо уларнинг оиладаги тарбиясида бўлган.

Демак, айрим жойларда оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлигига эътибор пасайган. Чунки 2020 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон бўйича турли сабаблар билан 1490 нафар ўсмир узоқ муддат чет давлатларда юргани аниқланган ва уларнинг 566 нафари уйига қайтарилган. Айни пайтда қолганларини ҳам қайтариш чоралари кўрилмоқда. Хуллас, фарзанд тарбиясида у ёки бу ҳолатни баҳона қилиб назоратни сусайтирсак, кўп жиҳатдан ютқазишимиз тайин.