Ғуруримдан устун туйғу

11:25 - 16.11.2020

13

Оналик бахт, неъмат, буюклик деймиз. Ўйлашимча, оналик — бу энг катта фидойилик. Она бўлдингми, ўзингни эмас, болангни ўйлайсан, уни деб яшайсан. Ҳатто унинг учун ғурурингдан кечаркансан. Ғурур нима бўпти, бор-будинг, бутун борлиғингни болангнинг бир кулгусига нисор қилишга ҳозирсан. Бугун мен қизим туфайли борлиғимни безаб турган ғуруримдан осонгина воз кечяпман…

— Ҳозир шу эшикдан чиқсанг, қайтиб кирмайсан!  

— Менинг эса қадрим йўқ жойда яшашга кўзим учиб тургани йўқ!

Охирги гап-сўзимиз шу бўлди, анчадан бери давом этаётган бемаъни жанжалга шу тахлит нуқта қўйдиму эшикни тарақлатиб ёпганча ота уйимга равона бўлдим. Жуда амин эдим, у ортимдан албатта келади, ахир уч яшар қизалоғини бир кун кўрмаса чидолмайди-ку. Аммо унинг ғурури меникидан ҳам баланд экан. Икки йил ўтди, дараги йўқ. Уйимизда ҳеч ким у ҳақда гапирмас, гўё исми буткул тақиқлангандек эди.

Бир куни олисда яшайдиган қариндошимизникига қизим билан меҳмонга бордик. Оилавий альбом томоша қилаётсак, турмуш ўртоғим билан тушган суратимиз чиқиб қолди. Қизим бу суратни кўришга улгурмасидан саҳифани тезда ўтказиб юбордик. Суратларни кўриб бўлгач, альбомни бир чеккага суриб, гурунгга берилдик.

Шу пайт қизимнинг хатти-ҳаракати эътиборимни тортди. У биз томонга қўрқа-писа қараб, секин альбомни қўлига олди ва варақлай бошлади. Кейин айнан отасининг сурати сақланаётган саҳифани

очди. Менинг пайқаб қолишимдан чўчиб, кўзлари тўла соғинч, меҳр билан суратга термулар, назаримда суратга кўпроқ қараб олгиси келарди. Мени азоблагани — бу нигоҳлар беш яшар боланинг нигоҳларига ўхшамасди…

Шу пайтгача отаси ҳақида бир оғиз сўрамаган бўлса-да, қизалоғимнинг юраги соғинчдан азобда экани, жажжи қалбида улкан армон ва катта яра борлигини шундагина англаб етдим. Бу яранинг давосини эса мен биламан — ғурур отлиқ душманни енгиш! Танламоқ даркор эди: ё ғурурим, ё қизимнинг кўзларидаги бахт. Қанчалар азобли, хоҳиш-истагимга зид бўлмасин, бир қарорга келдим. Ахир, бола юрагига санчилиб азоблайдиган бундай ғурур қуриб кетмайдими?!

* * *

…Ҳозир ўша эшик қаршисида турибман. Бундан икки йил олдин тарақлатиб ёпиб кетганим, ташлаб кетганим, ғурур билан тарк этганим ўша остона. Ҳозир эса ғуруримни синдириб, оёқларим билан босиб, бош эгиб турибман. Нариги томондан тобора яқинлашаётган қадам товушлари мени чўчитмоқда: бу қадамлар ҳам ғурур отлиқ душманни янчиб ўтишга тайёрмикан…

ГУЛҲАЁТ