Ҳисобрақамлар нега музлатилди?

16:13 - 16.11.2020

11

Ихтиро – халқ хўжалигининг турли соҳаларида, ижтимоий-маданий қурилиш ва мудофаа соҳаларида ижобий самара берадиган, ўзига хос техникавий ечимга эга бўлган янгилик ҳисобланиб, ихтиро муаллифи махсус ҳуқуқлар, имтиёзлар билан қонун воситасида таъмин этилиши мумкин.

Ғаллаорол тумани магистрал газ қувурлари бошқармасининг бир неча ходимлари томонидан ихтиролар амалга оширилган, бироқ уларнинг мукофот пуллари берилмаган. Бунинг натижасида мазкур масала суд томонидан кўриб чиқилган ҳамда ижросини таъминлаш Бюро органига йўналтирилган.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судининг 2020 йил 31 августдаги ижро ҳужжатига асосан туман магистрал газ қувурлари бошқармасидан У.Исроиловга 11 млн. 908 минг 781 сўм, М.Аҳмедовга 625 млн. 562 минг 440 сўм, З.Саъдуллаевга 556 млн. 673 минг 530 сўм, С.Ҳотамовга 61 млн. 947 минг 654 сўм, Э.Аҳадовга 66 млн. 235 минг 730 сўм, М.Сайдазимовга 625 млн. 562 минг 440 сўм мукофот пули ҳамда давлатга 33 млн. 744 минг 559 сўм бож ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро бюросининг Ғаллаорол тумани бўлими қарздорнинг мулкларини аниқлаш мақсадида ваколатли ташкилотларга сўров юбориб, банкдаги барча ҳисобрақамларига банд солган ва инкассо топшириғи берган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида ижро ҳужжатида кўрсатилган сумма бюронинг Ғаллаорол тумани бўлими депозит ҳисобрақамига тўлиқ ундирилиб, фуқароларнинг пластик карталарига, давлат божининг эса тегишли ҳисобрақамга ўтказиб берилиши таъминланди.