Ўғригина келин

16:59 - 16.11.2020

25

Аёлни меҳрибон она, вафоли ёр, севимли сингил сифатида доим эъзозлаймиз. Афсуски, аёллар орасида жиноятга қўл ураётганлари ҳам учраб турибди. Хусусан, чинозлик Рашида Эгамбердиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) шундай кимсалардан бўлиб чиқди.

У 2018 йилда яхши ниятлар билан Раҳимовлар оиласига келин бўлиб тушади. Бошида ҳаммаси яхши эди. Йиллар ўтиб, фарзандлар туғилади, ҳаёт бир маромда кечарди. Мазкур хонадоннинг каттаси Собир ака ёши улғайиб, кўзи яхши кўрмай қолганди. Отахон озгина пул жамғарган бўлиб, ҳар ойда келиб турадиган пенсия унинг хазинасини кўпайтириб борарди. Собир ака пулини ўзининг сейфида сақлар, калит доим ёнида бўларди. Ҳар сафар пулга кўзи тушган Рашида бир энтикиб қўярди. У нафсига қулоқ тутиб, қайнотасининг жамғармасини қўлга киритишни мақсад қилади. Бунинг учун махсус режа тузади.

Сейфдаги пул 100 мингталик купюрада бўлиб, Собир ака ҳар сафар пенсия пулини жойлаган пайтда келин усталик билан пулларни минг сўмликка алмаштириб қўяверади. Кўзи яхши кўрмаган қайнота пулларнинг фақат қатини санарди, купюралар алмашиб қолганини сезмасди ҳам. Бу иш хамирдан қил суғургандек осон битар, ҳеч қандай шубҳа уйғотмасди.

Шундай қилиб келин қайнотанинг 30 миллион сўм пулини ўмаради. Агар қайнотаси қизига пуллар сенда турсин деб айтмаганида, балки бундан ҳам кўп маблағ ўғирланган бўлармиди…

Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади деганларидек, ўғригина келиннинг ҳам қилмиши фош бўлди.

2020 йилнинг 8 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Чиноз тумани суди томонидан Янгимаҳалла маҳалласида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, Рашида Эгамбердиевага нисбатан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.