Ўчоққа ўтин, қозонга гўшт, дастурхонга нон…

10:29 - 16.11.2020

12

Турмушимизда учраб турадиган жиноят, ҳалокат ва оилавий ажримлар таҳлил қилиб кўрилса, аксарияти ичкилик туфайли юз бергани ойдинлашади. Дарҳақиқат, туппа-тузук одам спиртли ичимлик ичгач, тамомила ўзгаради – қўрқоқ ботирга, камбағал бойга, зиқна сахийга айланади. Энг ёмони, у кимларнидир жиноятга мойил қилиб қўяди. Бундайлар салга сапчиб, ким зўрлигини исботламоққа уринадилар.

АРОҚ, АСАБ ВА АЖАЛ…

Инсон бошқа мавжудотларга қараганда қанчалик ақлли бўлмасин, ичкилик ичгандан кейин ҳайвондан ҳам тубанлашади.

Қадим замонда бир табиб шаробни ихтиро қилиб, подшо ҳузурига йўл олибди ва:

– Мен шундай ажойиб дори яратдимки, у кўрнинг кўзини очади, шолнинг оёғини тузатади, гадони эса бой қилади, – дебди.

Бу гапдан ҳайратланган подшо ушбу ихтирони синаб кўрмоқчи бўлибди. Кўр, шол ва гадони ҳузурига келтиртириб, уларга шароб ичиришни буюрибди. Улар кайф қила бошлагандан кейин кўр шароб сузилган пиёлани эҳтиёткорлик билан ушлаб «Бай-бай-бай… Рангинг бунча тоза ва гўзал-а!» деб шаробни мақтайверибди. Шунда замбилда икки оёғини қимирлатолмай ётган шол:

– Эй кўр, тезроқ пиёлани бўшат, бўлмаса ҳозир қорнингга бир тепиб, кунингни кўрсатаман,– дебди.

Кайфи ошган гадой эса:

– Эй шол, кўрни тезроқ тепиб ўлдир, унинг хунини ўзим тўлайман, – дебди.

Бу ҳодисани кузатиб турган сарой аҳли бирданига кулиб юборишибди. Шундан кейин подшо табибга шароб тайёрлаш сирини ҳеч кимга айтмасликни буюрибди. Табиб эса аксинча, бу сирни ҳаммага айтибди. Оқибатда эса…

…Ҳусайн Бойқаро ўз набираси Мўмин Мирзони ўлимга ҳукм қилганда ғирт маст бўлгани тарихдан маълум.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.) ҳадисларининг учинчи китобида «…маст қилувчи ичимликлар, қимор, бутлар ва қуръа ўқлари – булар ҳаммаси нопок бўлиб, шайтон ишларидандур, бас, улардан сақланингизлар, шояд нажот топсангизлар!» (538-бет) дейилади. Абдулазиз Мансурнинг «Гуноҳи кабиралар» китобида «Гуноҳи кабираларнинг ўн тўртинчиси маст қилувчи ичимликлар ичишдир. Уни оз ёки кўп ичишдан қатъи назар, ичган киши гуноҳи кабира қилган бўлади» дейилган.

ҚАЛТИС ҚАДАМ

Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Лекин инсон қандай қилиб жиноятчига айланади? Оила қуришга чоғланган ҳар кимнинг биринчи орзуси бахтли яшаб, фарзанд кўришдир. Чунки фарзанд оилани мустаҳкамловчи ришта, ҳаёт давомчиси. Бироқ ҳамма ота-оналар ҳам фарзанд тарбиясига ўзининг биринчи даражали вазифаси деб қараяпти деб бўлмайди. Акс ҳолда 2020 йилнинг тўққиз ойида Қашқадарё вилоятида 1338 оилавий ажрашиш u1179 .айд этилмаган бўлар эди (бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 208 та кўп). Бунинг ортидан қанчадан-қанча болалар тирик етим, кўнгли ўксик бўлиб ўсишини, назоратсизлик оқибатида эгри йўлларга кириб кетишини тасаввур қилиб кўринг-а! Демак, оилалар тотувлигини сақлаш ва балоғат бекатида турган ўғил-қизлар билан ишлаш бобида ҳали анча тер тўкишимизга тўғри келади.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Аслида ичкилик ичиш учун баҳона доим топилади.

«Ҳа, олинг, соғлиқ учун».«Кўтардик, ғам кўрмайлик!».

«Ёшлар бахтли бўлсин».

«Қудачилик – минг йилчилик бўлсин!».

Давраларда айтиладиган бу каби қадаҳ сўзларининг охири йўқ.

Ваҳоланки…

Ҳаммамизга аён: ароқ ҳеч қачон умримизни узайтирмайди, ҳеч қачон саломатлигимизни, дўстлигимизни, қуда-андачилигимизни мустаҳкамламайди, аксинча, уларга путур етказади. Ичкилик кулфат келтиради, асло бахт келтирмайди…

Айни пандемия кунларида сизу бизга шу тариқа маслаҳат берувчилар кўпайиб қолгани бор гап: «Юз грамм олиб юборинг. Ҳақиқий антивирус мана шу…». Шу тарзда ароқ ичишга баҳона ҳамиша топилади. Лекин улар билган ҳақиқатни яна такрорлаймиз: Спиртли ичимликлар ичкиликбозлар авлодида касалликларнинг ривожланишига, майиб, мажруҳ болалар туғилишига олиб келади. Алкоголизм шахсни инқирозга учратади, ҳаётга қизиқиши сусайиши ва пировардида буткул йўқолишига, оила ва жамият олдидаги бурч туйғуси унутилишига сабаб бўлади.

Бинобарин, бу йўлда барча воситалардан: жамоатчилик таъсиридан ҳам, қонун кучидан ҳам фойдаланиб, бу иллатнинг томирини кесмоқ керак. Бу ҳақда Бенжамин Франклин шундай деган эди: «Ичмаслик ўчоққа ўтин, қозонга гўшт, дастурхонга нон, давлатга даромад, ҳамёнга пул, танага куч, мияга ақл, оилага фаровонлик бахш этади».

Ҳа, ичкилик кишини кўнгилсизликлар сари етакловчи иллатдир. Ким ундан йироқ юрса ҳурмат топади, уни ўзига дўст билганлар эса – кулфат. Буни асло унутмаслигимиз керак.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»