Муштумзўр киракаш

16:12 - 14.11.2020

7

Дилшод (исмлар ўзгартирилган) таксичилик қилади, тумандан шаҳарга одам ташийди. Ўша куни ҳам бекатда одам йиғаётган эди. Нима бўлди-ю, йўловчи сифатида келган Зафар билан тортишиб қолди. Жанжалга аралашган Жўрабек Зафарнинг елкасидан тортган эди, Зафар уни бир мушт уриб йиқитди. Атрофдагилар уларни ажратиб қўйишди. Шундан сўнг Зафар бошқа таксига ўтириб шаҳарга кетди.

Ўша кунги тортишув кейинроқ телефонда давом этди. Сўкиниб бир-бирларини ҳақорат қилишди, эртаси куни Самарқандда гаплашиб оладиган бўлишди. Соат 11:00ларда Зафар шаҳарга келиб, келишилган жойда Дилшод кўринмагач, унга қўнғироқ қилди.

– Ҳозир бораман, йўлдаман, – деди Дилшод.

Кўп ўтмай Дилшод таниши Солининг машинасида тўрт шериги билан етиб келди. Жўрабек келибоқ бир мушт тушириб, Зафардан кечаги аламини олди. Дилшод эгнидаги кийимини ечиб, энди муштлашишга чоғланаётганди, профилактика инспектори келиб, уларни идорага олиб кетди. Йигитлар жанжаллашмасликка ваъда бериб, у ердан чиқишди. Инспектор Зафарни туманга кетаётган бир «Дамас»га миндириб юборди.

Орани очиқ қилиб олишга тайёрланиб келган йигитлар «Дамас»нинг изидан кетишди. Етиб олиб йўлини тўсишди. Зафар аввалига эшикни очмай ўтираверди. Йигитлар ҳайдовчи томонга ўтган пайтда машинадан тушиб қочди. Қувлаётганлар зумда уни оёғига тепиб йиқитишди ва бир-икки мушт уриб, машинасига миндириб олиб кетди.

Ўзларини ҳақ билган йигитлар йўл-йўлакай дўкондан скотч сотиб олишди, машинани овлоқ далага ҳайдашди. Кейин йигитларга таниш бўлган Моҳира ҳам машинасида шу ерга келди.

– Ҳа, «герой», гапларингга жавоб бероласанми энди? Кеча сўкинаётгандинг-ку? – деди Дилшод.

– Ака, жаҳлим чиққанда оғзимдан чиқиб кетди-да, – дея кечирим сўради Зафар телефонда сўкингани учун.

Лекин йигитлар унинг узрини эшитиб қўйиб юбормоқчи эмасди. Соли машинага бориб темир қозиқ олиб келди.

– Ҳозир буни қозиққа ўтқазамиз.

– Агар қозиққа ўтқазсанглар, мен ўзимни осаман, – деди қўрқиб қолган Зафар.

– Қозиққа ўтқазсанглар, бу ўзини бир бало қилиб қўйиши аниқ. Бунга аёллар кўйлагини кийдириб, видеога оламиз, – ақл ўргатди Моҳира.

Қизнинг гапи уларга маъқул тушди. Зафарнинг қаршилигига, ялинишига қарамай пастликка олиб тушишди. Икки киши қўлидан ушлаб турди, биттаси оғзини скотчлади. Моҳира машинасидан аёллар кўйлагини олиб келиб, мажбурлаб кийдирди ва бу жараённи расмга, видеога олди.

Қўллари бўшаган Зафар кўйлакни ечиб отди-да, Дилшоддан расм ва видеоларни ўчириб ташлашни илтимос қилди. Аммо унинг гапларига ҳеч ким қулоқ солмади. Аксинча, «Агар бирор жойга ёзадиган бўлсанг, видеони инстаграмда тарқатиб юборамиз» деб қўрқитишди. Зафарни бозор олдидаги бекатга тушириб кетишди. Шундан сўнг Зафар ИИБга мурожаат қилди. Суд ҳукми билан Дилшод 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Унинг шериклари ҳам жазодан бенасиб қолишмади.