Ўн минг қaдaм, рaҳбapлapнинг ибpaти, кунлик рaғбaт

14:39 - 13.11.2020

16

ПРЕЗИДЕНТ ФАРМОНИДА ЯНА НИМАЛАР АКС ЭТГАН?

Японияда 2008 йилда қабул қилинган «Метабо» қонуни ҳақида эшитганмисиз? Жуда ажабтовур қонун. Унга кўра 40 ёшдан 75 ёшгача бўлган японлар ҳар йили бир марта мажбурий тарзда бел айланасини ўлчатишади. Аёлларнинг бели 80, эркакларники 90 сантиметрдан ошса бу қонунга зид ҳисобланади ва тезда қонунбузарлар профилактик назоратга олиниб, рисоладагидек кўринишга қайтмагунча тинч қўйилмайди. Ходимининг қорин қўйиб, қомати бузилиб кетишига йўл қўйган компания раҳбарларининг эса, таъбир жоиз бўлса, шўри қурийди – бундай масъулиятсиз иш берувчи жуда катта миқдорда жарима тўлашга мажбур.

Қ анчалар баҳсталаб бўлмасин, бу қонун нафақат аҳоли саломатлиги, балки ишлаб чиқариш самарадорлиги, меҳнат сифати ошишини таъминлаётганини японлар эътироф этишмоқда. Дунёда энг узоқ умр кўрувчилар ҳам японлар.

Энг кўп пиёда юрганга 1 миллион сўм мукофот!

Президентимиз 2020 йилнинг 30 октябрида «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унда инсон саломатлигини сақлаш, узоқ умр кўришни таъминлашга доир қатор янгиликлар акс этган.

Аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб этиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (www.1hls.uz) платформасининг яратилиши – ана шулардан бири. Жисмоний ҳаракат ва юришни тарғиб қилишга қаратилган мазкур платформа доирасида бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқаронинг электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан ўтказиб берилади. Бу ҳали ҳаммаси эмас – ҳар ойда бир марта туман ва шаҳар бўйича энг кўп юрган шахс 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахс 1 млн. сўм пул билан рағбатлантирилади.

Бундай рағбат кўпчиликни қизиқтириб қўйгани рост. Ахир ҳам соғлиққа, ҳам чўнтакка фойда бўлса, давлатимизнинг ўзи қўллаб-қувватлаб турса, бундай имкониятни ким бой берарди? Шу боис кўпчиликни ўйлантирган саволларга тўхталамиз: хўш, платформа қачон ишга тушади ва ундан фойдаланиш учун рўйхатдан қандай ўтилади?

– «Соғлом турмуш тарзи» платформасини яратишдан аввал чуқур ўрганиш талаб этилди, – дейди Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг бошқарма бошлиғи Исомиддин Пўлатов. – 35-50 мутахассисдан иборат жамоамиз билан дунё тажрибасини ўргандик. Шу пайтгача мавжуд бўлган қадамни ҳисоблаш дастурларининг барчаси синаб кўрилди, камчиликлари тўғриланиб, шароитимизга мос жиҳатлар киритилди. Мақсадимиз – яратилган дастур одамлар учун ҳар жиҳатдан қулай ва турли нуқсонлардан холи бўлсин, тушунмовчиликларни келтириб чиқармасин.

Мазкур платформага www.1hls.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин. Бунинг учун фуқаро 18 ёшдан катта бўлиши лозим. Шунингдек, фуқаролардан ID ёки ИНН рақамларини киритиш талаб қилинади. Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) маълумотлари асосида рўйхатдан ўтиш тугалланади. Ким қаерга, нима мақсадда юраётганини GPS орқали кузатиш ҳам йўлга қўйилади. Чунки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилар эканмиз, аввало ҳақиқатан ҳам бир кунда камида 10 минг қадам юришимиз керак.

Платформа ҳали ишга тушмади. Чунки шаффофлик, холислик бўлиши, турли камчиликлар бартараф этилиши учун бироз вақт керак. Бу ишлар 2021 йилнинг 1 мартига қадар якунланиши кўзда тутилмоқда.

Соғлиқнинг баҳоси қанча?

10 минг қадам юрган кишига бериладиган кунлик 3 минг сўм ким учундир арзимасдай туюлиши мумкин, аммо аҳоли сонига ҳисобланганда бу рақам катта суммага айланади. Масалан, ўртача 100 минг одамга ҳисоблаганда кунига 300 миллион, бир ойда 9 миллиард сўм маблағ кетади. Бу оз пул эмас. У аҳоли саломатлиги учун зарарли маҳсулот ишлаб чиқарувчилардан йиғилади. Қолаверса, давлатимизнинг бу ташаббуси фуқароларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун имкониятдир. Зеро, йўқотилган соғлиқни дунё хазинаси билан ҳам ортга қайтариб бўлмаслигини барчамиз яхши биламиз.

Раҳбарлар ибрат кўрсатади

Юртимизда раҳбар деганда кўпчиликнинг кўз олдида қорин қўйган киши гавдаланиши бор гап. Давлат органлари ва ташкилотларида ишловчи ходимларнинг фаолияти ҳам компьютер қаршисида кечади ҳамда ташқи кўринишида бунинг оқибати яққол кўзга ташланади. Бундай кишиларга ҳам осон эмас, озиш, саломатлигини мустаҳкамлаш учун спорт залига қатнашга доим ҳам вақт топилавермайди. Фармонда мазкур масала ҳам эътибордан четда қолмаган. Яъни 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида ҳар бир ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифаси юклаш ва унинг иш ҳақига 20 фоиз устама белгилаш йўлга қўйилади. Иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта раҳбар ва барча ходимлар жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва б.) билан шуғулланиши таъминланади.

Ҳар шанба куни соат 14:00 дан сўнг ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида оммавий мусобақалар ташкил этилади. Биринчи раҳбарлар шахсий намуна кўрсатиб ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлигини камайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини яхшилаш чораларини кўради.

Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

Фармон билан танишган киши шунга амин бўладики, соғломлаштириш тадбирларидан ҳеч ким четда қолмайди. Жумладан, ҳар бир туман ва шаҳарда «Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла» танлови ташкил этилади. Ҳар чоракда бир марта ўтказиладиган танловда асосий эътибор маҳалла аҳлининг доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этилиши, соғлом турмуш тарзига риоя қилишига қаратилади. Шунингдек, маҳаллада спорт инфратузилмаси борлиги, ўтказилган мусобақалар сони, аҳолининг касалланиш даражаси пасайиб бориши ҳам эътиборга олинади. Танловда биринчи ўринни эгаллаган маҳаллага 10 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 5 миллион сўм ва учинчи ўринга 3 миллион сўм пул мукофоти берилади.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,

«Huquq»