Ишонч ва умид

10:25 - 13.11.2020

26

Одамларни рози қилиш бугун давлатимиз сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Шу боис сўнгги йилларда халқимиз билан юзма-юз мулоқотлар кўлами кенгайди. Шундай мулоқотларда аҳолини кўп йиллардан буён ўйлантириб келаётган муаммоларга ечим топилмоқда.Ҳар бир оиланинг фаровон турмуш кечириши учун бор имкониятлар ишга солинаяпти. Бу борада чекка ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ташаббуси билан Наманганда ўтказилган оммавий қабуллар ҳам мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларидаги оммавий қабулларда ҳар хил масалалар таҳлил қилиниб, уларни тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилди. Дейлик, вилоятнинг кўмир ва брикетга йиллик эҳтиёжи 236 647 тонна. Ҳозиргача 96 минг тоннадан зиёд, яъни режанинг 40,6 фоизи миқдорида кўмир ва брикет етказиб берилган. Ижтимоий соҳа объектларининг 74,9 фоизи, аҳолининг эса 24,1 фоизи кўмир олган, холос. Дастлабки ўрганишлардан сўнг уч кун ичида вилоятга юз вагон кўмир олиб келишга киришилди. Ангрен кўмир конидан йўлга чиққан илк эшелон Наманганга кириб келгач, қабул жараёнининг ўзида кўмир масаласида келган 24 кишининг хонадонига 47 тонна, Чуст туманидаги 12 та маҳаллага эса 150 тонна кўмир етказиб берилди. 2020 йили вилоятда 63616 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 11867 тонна кўп. Айни пайтгача аҳолига 55 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ берилган.

Бу борадаги мурожаатлардан сўнг Чуст, Поп, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Косонсой ва Наманган туманларидаги 7 мингдан зиёд хонадонга 142 тонна суюлтирилган газ етказилди. Чустнинг энг чекка ҳудуди – Баймоқ маҳалласидаги 30 та фермер хўжалиги далалари бир зовурдан сув ичади. 1,7 км узунликдаги бу зовур балчиқ билан тўлгани боис анчадан бери ҳудудда оқар сувнинг шитоби суст, ҳосилнинг чўғи ҳам пасайиб бормоқда. Фермер Аъзамжон Холдоровнинг бу борадаги мурожаатидан сўнг Сув хўжалиги вазирлиги масъуллари масалани жойига чиқиб ўрганди. Дарҳол техникалар ажратилиб, тозалаш ишлари бошлаб юборилди. Чустнинг Дозонда маҳалласидаги 60 та хонадоннинг чироғи ҳам, кайфияти ҳам хира эди. Мурожаатдан сўнг янги трансформатор ўрнатилиши билан уларни ўйлантираётган муаммолардан бири бартараф қилинди. Тўрақўрғон туманининг Еттикон, Ибрат маҳаллаларидаги ўрганишлардан сўнг уларга катта қувватли трансформаторлар ўрнатилди. Шу аснода қарийб етти километрлик электр тармоғи қуришга киришилди. Автомобиль йўллари қўмитаси масъуллари эса ўзларига тегишли мурожаатлардан сўнг муаммоли йўлларни пиёда кезиб чиқишди. Масъуллар 44 та мурожаатнинг 5 тасига жойида ечим топди, 6 та мурожаатда айтилган масала бир ой ичида, 32 таси эса келгуси йил дастурлари асосида ҳал қилинадиган бўлди. Тўрақўрғонда Тошкент маҳалласи бор. Шу маҳалланинг Косонсой кўчасидан ҳам пиёда юриш азоб. Ёзда чанг, қишда лой бўлади. Ҳудуд аҳли оммавий қабулга келиб бу муаммони кўтаргач, 1,3 км кўчага шағал тўшалди. Тўрақўрғоннинг Ибрат маҳалласи Пахтаобод кўчасида 460 хонадон бор. Аҳолини йўл муаммоси кўп йиллардан буён қийнаб келади. Мулоқотдан сўнг бу масала ҳам ҳал бўлди. Кўчанинг 800 метрлик қисмини асфальтлаш ишлари бошланди.

Наманган вилоятидаги оммавий қабулларнинг илк куни Чуст, Поп, Мингбулоқ, Тўрақўрғон, Косонсой ва Наманган туманларидан келган 843 кишининг 863 та мурожаати кўриб чиқилди. Уларнинг 456 таси ҳал этилган бўлса, 71 та масала бўйича тушунтириш берилди. 336 та мурожаат назоратга олинди. Мазкур оммавий қабуллар давомида Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова 100 нафар фуқаронинг турли мазмундаги мурожаатларини қабул қилди. 1 та мурожаат жойида ҳал этилди. 23 таси бошқа ҳудудларга тегишли бўлгани сабабли Бош прокуратура юритувига олинди, 16 таси юзасидан тушунтириш берилди. Қолган 60 та мурожаат вилоят прокуратураси органлари томонидан кўриб чиқилмоқда. Жумладан, фуқаро Р.Аҳмедовга Наманган шаҳар ҳокимининг 2016 йил 15 октя брдаги 1396-қарори билан уй қуриш учун 600 мb ер ажратилган. Шаҳар ҳокимининг 2018 йил 28 июлдаги 1105-қарорида эса мазкур ер фуқаро Х.Рашидовга уй қуриш учун берилган. Наманган шаҳар прокуратураси томонидан мазкур қарорларнинг қонунийлиги ўрганилди. 1105-қарор Ер кодексининг 23-моддаси талабларига зид равишда қабул қилингани боис қарорнинг Х.Рашидовга тегишли қисмини бекор қилиш юзасидан протест келтирилди. Мухтасар айтганда, Наманганда ўтказилган сайёр қабуллар кўплаб юртдошларимиз қалбига қувонч, умид ва ишонч бахш этди. Бундай хайрли ишлар эса, Президентимиз таъкидлаганидек, «Одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшаши керак» деган эзгу тамойилга ҳамоҳангдир.