Аравани қуруқ олиб қочмоқчи эди. Аммо…

17:43 - 13.11.2020

14

2020 йилнинг бошидан Янгийўл туманидаги «Бунёдкор Нуробод» масъулияти чекланган жамияти раҳбари бўлиб фаолият юритган Кенжа Ҳамдамов бунгача Қуйичирчиқ туманидаги «Natilus» масъулияти чекланган жамиятини бошқарган эди.

Жамиятнинг аввалги раҳбари Х.Пошшаевнинг ташаббуси билан Қуйичирчиқ тумани ҳокимининг Чақмоқ маҳалласида эски мактаб биноси ўрнига 120 ўринли, икки қаватли болалар боғчасини қуришга рухсат бериш тўғрисидаги қарори чиқарилган бўлиб, Х.Пошшаев қурилишнинг смета ҳужжатларини тайёрлатади. 2019 йил октябрь ойида «Natilus»га Кенжа Ҳамдамов раҳбар бўлгач, у аввалги раҳбар билан боғча учун ажратилган мактабни кўриб келади. Х.Пошшаев ҳужжатларни К.Ҳамдамовга топширади  ва қурилиш ташкилоти топишни айтади.

2019 йил ноябрь ойида К.Ҳамдамов танишлари орқали Шерзод Абдураҳмоновни топади. Қаршилик бу қурувчи смета ҳужжатларини ўрганиб чиқиш учун олиб кетади, таниш мутахассисларга кўрсатиб, тўғрилигига ишонч ҳосил қилади. Шундан сўнг К.Ҳамдамов билан учрашади ва сметадаги боғча қурилишини олишини айтади.

– Хўш, унда гап бундай, – дея гап бошлайди Кенжа Ҳамдамов. – Сизга бу қурилишни олиб бераман. Шартнома қиламиз. Унга асосан боғча қурилишини бошлагач, банкдан ажратилган кредит фирмангиз ҳисобрақамига ўтади. Лекин бунгача смета учун қилинган харажатларни — 8000 долларни бизга тўлаб берасиз…

Ш.Абдураҳмонов рози бўлиб, 7500 АҚШ доллари ва 5 миллион сўм пулни унинг қўлига тутқазади.

Бироқ, К.Ҳамдамов Шерзоддан олган пулларни ўзининг эҳтиёжига сарфлаб юборганлиги боис, қурилишни бошлаш учун ҳужжатларни тайёрлаб бера олмади.

Суд ҳукми билан Кенжа Ҳамдамовга ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлатга ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди. Жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қоплангани қайд этилди.