Коррупция ҳолатлари муҳокама қилинди

12:48 - 12.11.2020

188

7 ноябрь куни Бош прокуратурада Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида коррупция кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабабларига бағишланган идоралараро йиғилиш бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси масъул ходимлари, ҳукумат аъзолари, Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва масъул ходимлари қатнашди.

Жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари иштирок этди.

Очиқ ва ошкора руҳда ўтган йиғилишда Бош прокурор Н.Йўлдошев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва қатъий сиёсий иродаси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Энг аввало, ҳуқуқий асосларни яратишга эътибор берилиб, сўнгги тўрт йилда 70 дан ортиқ қонун ҳужжати қабул қилинди. Давлат хизмати тизими тубдан такомиллаштирилди. Давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, иш ҳақи сезиларли оширилди.

Коррупция кенг тарқалган капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда комплаенс назорат тизими йўлга қўйилмоқда.

Қисқа муддатда кўрилган чоралар самара бера бошлади.

Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш» индексида 18 поғона, Мерос жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида эса 52 поғона кўтарилди. Шунингдек, Жаҳон банкининг «Коррупцияни тийиб туриш», «Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилотининг «Коррупцияни қабул қилиш», Жаҳон одил судлов лойиҳасининг «Коррупциянинг мавжуд эмаслиги» индексларида сезиларли юқорилади.

Шу билан бирга, айрим соҳаларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги кўрсатилди.

Бош прокурор Н.Йўлдошев маърузасида немис давлат арбоби Отто фон Бисмаркнинг «Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бошқарса бўлади. Аммо амалдор ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ёрдам бермайди» деган гаплари бугунга қадар долзарблигини йўқотмаганини таъкидлади.

Таассуфки, мамлакатимизда ўтган икки йилда 1986 нафар мансабдор коррупциявий жиноят содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай жиноятлар оқибатида етказилган моддий зарар миқдори 2 трлн. сўмдан ошган.

Йиғилишда прокуратуранинг назорат тадбирлари ҳамда тергов натижалари таҳлили асосида коррупция энг кўп учраётган соҳалар, вазирлик ва идоралар аниқ мисоллар ва рақамларда кўрсатиб берилди.

Иқтисодий соҳадаги коррупция асосан бюджет маблағидан фойдаланиш жараёнида содир этилаётани таъкидланди.

Ўтган икки йилда республика бўйича 371 млрд. сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани аниқланиб, бу қилмишлар учун 2477 киши жиноий жавобгарликка тортилган.

Бюджет маблағининг рационал тақсимланиши ва тўғри ишлатилиши юзасидан давлат назоратига масъул молия органларида юклатилган вазифалар талаб даражасида бажарилмаётгани танқид қилинди.

Молия органларининг бюджет сарфини тўлақонли назорат қилишига тизимдаги коррупция ҳолатлари ҳам тўсқинлик қилмоқда.

Ўтган икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция ҳолатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Давлат молиявий назорати департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси бош назоратчи-тафтишчиси Н. Узун қурилиш коллежида аниқланган 265 млн. сўмлик камомадни яшириш эвазига коллеж бош ҳисобчиси А.дан 2000 доллар ва 500 минг сўм олгани учун суд ҳукми билан жазога тортилган.

Ғазначиликнинг Андижон вилояти бошқармаси мансабдорлари ходимларга иш ҳақи бериш важи билан банкдан 1 млрд. сўм ортиқча пул олишга эришиб, уни шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборгани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.

Вазирлик тизимидаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 22 нафар ходими пенсия учун ажратилган пулларни талон-торож қилгани ва бошқа суиистеъмолчиликлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, жамғарманинг Пискент тумани бўлими бош инспектори М. «Халқ банки» кассири Ҳ. билан бирга вафот этган 142 фуқаро номига пенсия расмийлаштириб, жами 86 млн. сўмни ўзлаштириб юборган.

Банк тизимида маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчиликлар танқид қилинди.

Ўтган икки йил мобайнида банкларнинг 166 нафар мансабдори коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Масалан, «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»да бошқарув раиси лавозимида ишлаб келган Э. ўз мансабидан фойдаланиб, қатор коррупциявий жиноятларга қўл урган.

Хусусан, илгари қатор жиноятларни содир этиб, АҚШда яшириниб юрган Х. билан тил бириктириб, Сирдарё вилоятида 4 та сохта фирма ташкил қилган. Бу фирмаларни бошқариш учун 18 кишидан иборат уюшган гуруҳ тузган.

Уюшган гуруҳ 2019 йилнинг сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет  маблағини талон-торож қилган. 215 млрд. сўм турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилиб, 22,5 млн. доллар нақд пулга айлантирилиб,  хорижга олиб чиқиб кетилган.

Уюшган гуруҳ раҳнамолик қилган фирмалар 101 млрд. сўм солиқ тўлашдан ҳам бўйин товлаган.

Бундан ташқари, Э. «Халқ банки» бошқаруви раиси лавозимига тайинлангач, банк биносини қураётган пудратчиларни ўзига таниш пудратчиларга алмаштириб, объект қурилишида банкнинг 5,5 млрд. сўм маблағини талон-торож қилган.

«Микрокредитбанк»ка раҳбар этиб тайинланганда эса ўз раҳнамолигидаги фирмалар орқали биргина хизмат кабинети учун 100 млн. сўмлик мебелларни 273 млн. сўмга, банкнинг Сирдарё филиали учун 700 млн. сўмлик бинони 4 млрд. 700 млн. сўмга сотиб олиб, маблағларни ўмарган.

Ҳозир Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олиниб, суд олдида жавоб бермоқда.

Аҳолининг иқтисодий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга ажратилган бюджет маблағи муҳтожларга етиб бормасдан, айрим банк мансабдорлари томонидан талон-торож қилинаётгани кўрсатиб ўтилди.

Биргина «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1,7 млрд. сўм имтиёзли кредит банк мансабдорлари томонидан талон-торож қилинган. Масалан, «Миллий банк»нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Р. ва касса мудири Д. 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, имтиёзли кредитдан 378 млн. сўмини шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган.

Ўтган икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани учун 31 нафар солиқчи ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Т. пулларни нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22 та сохта фирма очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган. Ушбу фирмаларда 268 млрд. сўмлик ноқонуний пул айланмаси амалга оширилиб, 19 млрд. сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, шунингдек жиноий йўл билан топилган 200 млн. сўм легаллаштирилган.

Ҳозир Т. ва унинг 14 нафар жиноий шериги судда жавоб бермоқда.

Қурилиш соҳаси коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолаётгани оқибатида сўнгги икки йилда 1233 киши жиноий жавобгарликка тортилган.

Қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўп кузатилмоқда. Масалан, Навбаҳор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Х. «Конимех балиқчи» жамияти раҳбари А.дан балиқчилик ҳавзасига коллектор қазилишига рухсат бериши эвазига 11 минг доллар олгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт кузатилмоқда.

«Сувоқава» корхонаси Қашқадарё вилояти бошқармаси мутахассиси Н. «Диёрбек Учқун» корхонаси раҳбари Б.га танишлари орқали қурилиш объекти олиб бериш эвазига 14 минг доллар беришни талаб қилиб, 9 минг доллар олганда ушланган.

Бу соҳада давлат бошқаруви ва назоратига масъул Қурилиш вазирлиги тизимида ҳам суиистеъмолчиликлар кузатилаётгани алоҳида таъкидланди. Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. ва Чилонзор тумани ҳокимияти бўлим бошлиғи Ш. «Max Saodat» жамиятига кўп қаватли уй қуриш учун Чилонзор туманидан 1 гектар ер ажратиш эвазига 1 млн. 400 минг доллар талаб қилиб, 50 минг долларни олган вақтда ушланган.

Транспорт соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари бартараф этилмагани кўрсатиб ўтилди. Сўнгги икки йилда Транспорт вазирлиги ва соҳадаги корхоналар ходимларидан 57 нафари коррупциявий жиноятга қўл урган.

Таҳлилларга кўра, тизимда йўл қурилиши учун ажратилган бюджет маблағини талон-торож қилиш, йўловчи ва юк ташиш хизматидан тушган пулларни ўзлаштириш билан боғлиқ жиноятлар содир этилмоқда. Мисол учун «Каттақўрғон туман йўллардан фойдаланиш» корхонаси директори Р. бош ҳисобчи Ш. ҳамда аввал шу корхонада содир этган қатор жиноятлари учун судланиб, фаолиятини яна давом эттираётган жиноий шериклари билан тил бириктириб, умуман таъмир кўрмаган 20 та йўлни таъмирлашгани ҳақида қалбаки ҳужжат тайёрлаб, 2,4 млрд. сўм бюджет маблағини ўмарган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вазирлик ва идораларда ҳануз турли қонунбузилишлар, суиистеъмолчиликларга барҳам берилмаётгани танқид қилинди.

Ўтган икки йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходими турли жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Масалан, Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. «Валиев инвест барака» фермер хўжалиги раҳбари В. билан тил бириктириб, хўжаликнинг 30 сотих ерини сохта кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали 38400 долларга сотиб юборган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи аввало ердан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ. Айрим раҳбарлар ердан хўжасизларча ва ноқонуний фойдаланишга йўл қўяётгани таъкидланди. Хусусан, ерларни хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34822 гектар ер қонунга зид ажратиб берилгани аниқланган.

Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда коррупция мавжудлиги қайд этилди. Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21493 гектар ерни ноқонуний ажратиш ҳақида қонунга зид қарорлар қабул қилинган. Мисол учун Жондор тумани ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ерни чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмаса-да, ноқонуний ажратиб берган.

Ер ажратиш жараёнида коррупцияга йўл қўйгани учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходими жавобгарликка тортилган. Хусусан, Арнасой тумани ҳокимининг ўринбосари С. «Оққуш ҳалол парранда» жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.

Шу каби ер ажратиб бериш эвазига Юнусобод тумани ҳокимининг ўринбосари З. 5 минг, Бувайда тумани ҳокимининг ўринбосари Д. 20 минг, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги уй-жой ширкатлари уюшмаси раиси А. 35 минг доллар олгани учун қонун олдида жавоб берди.

Айрим ходимлар тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига, улардан пул ундираётгани ташвиш билан таъкидланди. Мисол учун Сурхондарё вилояти ҳокимлиги бўлим бошлиғи И. Шўрчи тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Т. орқали тадбиркор Б.дан 1 млрд. сўм имтиёзли кредит олишига ёрдам бергани учун 2 минг долларни талаб қилиб олган.

Бўш биноларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам турли қонунбузилишларга йўл қўйилаяпти. Масалан, Андижон вилояти ҳокимлиги мутахассиси Қ. илгари судланган А. ва М. билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан Шаҳрихон тумани Силга қарши курашиш диспансери биносини «ноль» харид қийматида қўлга киритган. Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бинони бузиб, қурилиш материалларини 760 млн. сўмга сотиб юборган.

Жойларда бозорлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил қилиш ҳокимликлар зиммасидаги асосий вазифалардан биридир. Айни пайтда бозорларда таниш-билишчилик, турли суиистеъмолчилик ва талон-торожликлар кузатилмоқда. Биргина пойтахтдаги «Янгиобод ихтисослашган бозори» директори И. қатор коррупциявий жиноятларни содир этишда айбланиб, тергов ўтказилмоқда.

У илгари савдо ва бозор соҳаларида ишлаб, бир неча марта судланган, сўнгги бор «Сергели деҳқон бозори» директори лавозимида ишлаганда содир этган суиистеъмолчиликлари ва талон-торожликлари учун 2016 йилда суд ҳукми билан жазоланган.

И. 2019 йил февраль ойида яна «Сергели деҳқон бозори» директори лавозимига тайинланиб, ўша йилнинг апрель ойидан «Янгиобод ихтисослашган бозори» директорлигига ўтган. Бу бозорда ҳам эски ҳунарини давом эттирган И. бозорга шахсий мулки сифатида қараб, тушумларни ва бозор мулкини талон-торож қилиб келган.

Ғараз мақсадларини амалга ошириш учун атрофига ўзига хайрихоҳ шахсларни тўплаб, қисқа муддатда 2,7 млрд. сўмлик тушумни ўмаргани, 919 млн. сўм солиқдан бўйин товлагани, бозорда 124 та ноқонуний қурилма қурдиргани аниқланган.

Талон-торож қилган пулининг қарийб 740 млн. сўмини легаллаштирган, жумладан, 340 млн. сўмга 5 хонали квартира, 200 млн. сўмга «Траилблезер» автомашинасини сотиб олган. 

Оқибатда бозор ўта аянчли ҳолатга келиб қолган.

Шу билан бирга, «Сергели деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори», «Авиасозлар деҳқон бозори»га ўзига яқин шахсларни лавозимга ўтказишга эришиб, ушбу бозорларга ҳам норасмий раҳбарлик қилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш ижтимоий соҳадаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ана шундай шароитда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги айрим ходимлар зиммасидаги вазифаларни бажаришда турли суиистеъмолчиликларга қўл ураётгани ҳам кўрсатиб ўтилди.

Сўнгги икки йилда вазирлик тизимидаги 57 нафар ходим турли коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилган. Масалан, Тўрақўрғон тумани бандликка кўмаклашиш маркази директори Э. аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағини талон-торож қилган.

Э. 3 нафар ходими билан жиноий тил бириктириб, 2019 йилги пахта мавсумида тўрақўрғонлик 327 нафар ишсиз Тошкент ва Жиззах вилоятларига теримга жалб этилгани, уларга жамоат ишлари жамғармасидан мукофот пули берилиши ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаб, банкдан мукофот пули сифатида жами 276,4 млн. сўм нақд пул олиб, чўнтакка урган.

Э. пандемия шароитида жамоат тадбирларига жалб қилинган фуқароларга иш ҳақи Жамоат ишлари жамғармасидан тўланиши белгиланганидан фойдаланиб, ушбу пулларни ҳам ўзлаштириш пайига тушади. Шу мақсадда дарҳол яқинлари номига 6 та сохта фирма ташкил қилиб, уларга 179 киши жамоат ишларига юборилгани ҳақида сохта ҳужжат тайёрлаб, 325,5 млн. сўм пулни талон-торож қилган.

Э. жиноий йўл билан топилган маблағи ҳисобига 2 та «Ласетти» ва 2 та «Дамас» автомашинасини сотиб олиб, легаллаштирган.

Ҳозир Э. ва унинг жиноий шериклари қамоққа олинган, тергов ўтказилмоқда.

Олий таълим тизимида ҳам коррупцион омиллар тўлиқ бартараф этилмагани кўрсатиб ўтилди. Ўтган 9 ойда тизимдаги 70 нафар ходим таълим жараёни билан боғлиқ жиноятларни содир қилган. Тизимда энг кўп кузатилаётган коррупция ўқишга киритиш масаласи билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Нострификация жараёнидаги коррупциявий омиллар ҳам танқид қилинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг ёрдамчиси Ш. шериклари орқали 4 нафар фуқародан хорижий дипломини нострификация қилиб бериш эвазига 6500 доллар олганда ушланган.

Таълим сифатини назорат қилишга масъул идорага хорижий дипломни нострификация қилиш, яъни бошқарув идораси функциясининг берилиши коррупциянинг олдини олиш имконини чеклаши таъкидланди.

Маданият, Соғлиқни сақлаш, Жисмоний тарбия ва спорт, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси тизими ҳам коррупциядан холи эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, Маданият вазирлигининг айрим мансабдорлари ўзига хос жиноий схема яратишган.

Илгари ўғирлик ва талон-торож қилгани учун 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб чиққан И. 2019 йил февраль ойида вазирлик бош ҳисобчиси лавозимига тайинланган. Бюджетни ўмаришда қулай имкониятни қўлга киритган И. дастлаб ишни танишлари Ё. ва К билан жиноий режа тузишдан бошлайди. Режага кўра, И. вазирлик харидларини фуқаро К. ва унинг яқинларига тегишли фирмаларга бериш учун 26 минг доллар улуш олади.

Шундан сўнг вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга зарур бўлган грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли фирмаларга 2,6 млрд. сўм ўтказиб берилади.

Ўз навбатида, бу фирмалар грим ўрнига «Ўрикзор» бозоридан 264 млн. сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини сотиб олиб, уларнинг грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, вазирликка топширади. Вазирлик эса маданият муассасаларига умуман керак бўлмаган бу маҳсулотларни грим сифатида сохта ҳужжат қилиб, уларга етказиб беради.

Схемага кўра маҳсулот нархи ҳужжатларда бир неча баробар қиммат кўрсатилиб, 2,3 млрд. сўм маблағ талон-торож қилинган.

Вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О. театр ва мусиқа мактабларига мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тайёрлаб, 1,7 млрд. сўмни ўзига таниш фирмаларга ўтказиб, талон-торож қилган.

Шунингдек, 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни танишларидан 20,2 млрд. сўмга олиш йўли билан 6,7 млрд. сўм пул ҳам талон-торож қилинган. Бу жиноий схема билан 12 млрд. сўм бюджет маблағи ўмарилган. Ҳозир бу шахслар қамоққа олиниб, тергов ўтказилмоқда.

Вазирлик ва идораларда коррупциянинг сабаблари ўрганилганда айрим соҳаларда ички назорат ҳамда юридик хизматнинг ўрни сезилмаётгани, баъзи раҳбарларнинг ўзи бундан манфаатдор эмаслиги ҳам коррупцияга чек қўйишга имкон бермаётгани таъкидланди.

Барча соҳаларда қонунлар ижросини бевосита таъминлашга масъул бошқарув идоралари, ижро устидан назоратга масъул эса 50 дан ортиқ назорат-текширув органи мавжуд. Бироқ назорат органларининг қонунийликка таъсири сезилмаётгани танқид қилинди.

Йиғилишда ҳуқуқни муҳофаза қилишдаги коррупция ҳолатлари ҳам муҳокама этилди. Ўтган икки йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 318 нафар ходими жиноий қилмиши учун жавобгарликка тортилгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, «Арк булоқ» божхона пости бошлиғи Ж. бошчилигидаги бир гуруҳ божхона ходимлари пора эвазига турли субъектлар импорт қилган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлатга қарийб 9 млрд. сўм зарар етказган.

Тергов жараёнида Ж.нинг уйида ўтказилган тинтувда пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пул олинган.

Бундан ташқари, жиноий йўл билан топилган пул эвазига Бўстонлиқ туманида 8 сотихли далаҳовли қургани, «Тошкент-сити» мажмуасидан 2 та хонадон ва 1 та нотураржой ҳамда «Каптива» автомашинаси сотиб олгани аниқланган.

Ҳозир Ж. ва шериклари суд олдида жавоб  бермоқда.

Комиссия йиғилиши қизғин муҳокамалар билан кечди. Сўзга чиққан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н.Умаров, Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев, Адлия вазири Р.Давлетов ва «Халқаро пресс-клуб» раиси Ш.Қудратхўжаев коррупциянинг олдини олиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Молия вазири Т.Ишметов, Молия вазирининг ўринбосари – Молия вазирлиги ғазначилиги бошлиғи О.Исаков, Қурилиш вазири Б.Закиров, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Ф.Салихов, Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев, Маданият вазири О.Назарбеков, Марказий банк ва тижорат банклари раҳбар ва бошқа ходимларининг тушунтириш ва изоҳлари эшитилди. Йиғилиш якунида соҳалар, вазирлик ва идораларда коррупцияга барҳам бериш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган қарор қабул қилинди.