Пардоз баҳона миллионлар

16:30 - 10.11.2020

3

“Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, дейишади. Аммо аввал ҳам ўғирлик ва талон-торожлик жиноятлари учун 7 йил озодликдан маҳрум этилиб, жазони ўтаб чиққан И. бундан тегишли хулоса чиқармайди. Яна эски “ҳунар”ини бошлайди. Ўтмиши билан қизиқмаган Маданият вазирлигининг мутасаддилари унга имконият яратиб беришади. Ўтган йилнинг февраль ойида вазирликнинг бош ҳисобчиси лавозимига тайинлаган И. ишга киришади ва танишлари Ё. ҳамда К. билан жиноий режа тузади.

У вазирлик тизимидаги театр, маданият уйлари ва бошқа ташкилотларга учун грим маҳсулотлари учун таниши К.га тегишли фирмаларга 2,6 млрд. сўм ўтказиб беради. Бунинг эвазига 26 минг доллар улуш олади. Ўз навбатида бу фирмалар грим ўрнига «Ўрикзор» бозоридан 264 млн. сўмга арзон ва сифатсиз косметика маҳсулотларини харид қилишади ва унинг грим эканлиги ҳақида сохта ҳужжатларни тузиб, вазирликка топширишади. Вазирлик ҳам бу маҳсулотни маданият муассасаларига грим сифатида сохта ҳужжат орқали етказиб беради. Оқибатда 2,3 млрд. сўм маблағ талон-торож қилинади. Вазирлик ишлар бошқармаси бошлиғи О.нинг қилмишлари ҳам бош ҳисобчиникидан қолишмайди. У театр ва мусиқий мактабларга аслида берилмаган мебель ва мусиқа анжомлари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар тузади ва 1,7 млрд. сўм маблағни ўзига таниш фирмаларга ўтказади. Бундан ташқари, танишларидан 13,5 млрд. сўмлик мебель ва жиҳозларни 20,2 млрд. сўмга сотиб олиб, 6,7 млрд. сўм маблағнинг талон-торож қилинишига йўл қўяди.