Буюк шоир ижодига эҳтиром

09:58 - 09.11.2020

40

Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди – тамомила ибрат. Ҳазратнинг бебаҳо ижодий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида салмоқли ўринга эга. Давлат юритиш, халқни бошқаришда ҳам Навоий юксак иқтидор, беназир дипломатия билан иш тутиб, мамлакатдаги барқарорликни сақлашга, ғалаёнларнинг олдини олишга бемисл ҳисса қўшган. Раият осойишталиги учун ўз ҳаловатидан кўп бора воз кечган.

Ё каъба зиёрати, ё халқ осойишталиги…

Тарихчи Хондамирнинг маълумот беришича, Навоий уч марта ҳажга отланади, аммо Ҳусайн Бойқаро ва ўғиллари ўртасидаги ихтилофлар туфайли муқаддас сафар ҳар гал ортга сурилаверади. Бутун қалби билан Каъбага интилса-да, шоҳ ва шаҳзодалар ўртасидаги тахт талашишлар мам лакатнинг сиёсий яхлитлигига зарба бериб, элни қонга ботириши, навқирон йигитларни тутдек тўкишини ўйлаб Навоий энг катта орзусини қурбон қилади. Ҳусайн Бойқаро ва ўғилларининг орасини яхшилашда ниҳоятда нозиклик, эҳтиёткорлик, нуктадонлик билан иш тутади ва ҳар гал тарафларни сулҳга кўндиради. Бундай фидойиликдан ташқари, Навоий ўз ҳисобидан қурдирган кўплаб мадраса, шифохона, қироатхона, ҳаммом, хонақоҳ, масжид ва кўприклар халқ корига ярайди. Қиш кунлари улашилган пўстин, қалпоқ, чориқлар, қозонлар тўлиб пишган овқатлар камбағалларнинг жонига ора киради. Санаб адоғига етиб бўлмас бу каби хайрли амаллари туфайли буюк бобомиз йўқсилларга ёрдам қўлини чўзмоқ Каъба вайрон бўлса обод этиш билан баробарлигини тўла исботлаган.

Шу кунларда…

Юртимизда Навоий ижоди ва сиймосига эҳтиром янгича мазмун-моҳият касб этиб бормоқда. Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий кафолати бўлди. Қарорда Навоий таваллудининг 580 йиллигини юксак савияда нишонлаш билан бирга ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўрганиш, тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилиши белгиланди.

Меҳнат қилган рағбат топади, албатта. Хусусан, меҳнатда алоҳида ютуқларга эришган, ибрат кўрсатган фидойи ватандошларимиз мамлакатимизнинг турли орден ва медаллари билан тақдирланиб келмоқда. Президент қарори билан Алишер Навоий номидаги орденнинг таъсис этилаётгани яна бир қувончли мужда бўлди. Мазкур орден билан Навоийнинг ижодини чуқур ўрганиш, оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган юртдошларимиз ва хорижликлар, илмий ва ижодий муассасалар мукофотланади.

– Навоий ижодини қанча ўргансак, ёшлар қалбига унинг асарларида илгари сурилган ғояларни қанча чуқур сингдирсак, маънавиятимиз шунча юксалади, – дейди Ўзбекистон миллий университети профессори Муҳаббат Қурбонова. – Президентнинг мазкур қарорида Алишер Навоий асарларини узлуксиз ўқитиш концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда 2021/2022-ўқув йилидан барча таълим муассасаларида шу асосда ўқитишни йўлга қўйиш, Ўзбекистон миллий кутубхонасида Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик бўйича қилинган тадқиқотларнинг электрон платформасини яратиш ҳам белгиланган.

Бундай чоралар халқимизни Навоий ижодига яқинлаштиради. 2021 йилда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактабининг ташкил этилиши ёшларнинг муносиб издош, халқ хизматига камарбаста инсонлар бўлиб етишишига замин ҳозирлайди.

Бир-биридан хайрли вазифалар

Алишер Навоийнинг мақбараси Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида. Ушбу мамлакатдаги нотинчлик сабаб ҳазратнинг қабрини зиёрат қилолмаслигимиз ачинарлидир. Ҳатто бутун умрини шу улуғ зотнинг ҳаёти ва ижоди тадқиқотига бағишлаган навоийшунос Суйима Ғаниева ҳам урушлар туфайли Навоий мангу қўним топган мақбара томон ўтолмаганини интервьюларидан бирида афсус билан ёдга олганди.

Президентимизнинг қарорида эса ҳазратнинг мақбарасини обод этиш ташаббуси илгари сурилди. Яъни, Навоий мақбарасини ободонлаштириш имконияти ўрганилади, кейинчалик у ер обод қилинади.

Ёш авлодга Навоийни тушунтириш осон эмас, буни педагоглар яхши билади. Қарорда ёш дастурчиларни жалб этган ҳолда Алишер Навоий асарларининг мобиль иловаларини яратиш ва оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани эса ана шу мураккабликларни осонлаштиради.

Умрининг ниҳоясида тартиб берган энг сўнгги асари «Маҳбубул-қулуб»да Алишер Навоий 60 йиллик ҳаётини сарҳисоб эта туриб, «гоҳ нотавонлиғ», «гоҳе комронлиғ» кўргани, «басе иссиғ, совуғ», «аччиғ, чучук тотгани»ни баён қилади, ҳаёт ҳақидаги хулосаларини жуда ёрқин тасвирлайди. Бу дунёнинг бевафолиги, ҳамма нарса ўткинчи, фақат яхшиликнинг умри боқийлиги, илмнинг қадри абадийлигини уқтириб кетади. Дарҳақиқат, инсонни комилликка етакловчи куч ҳам, давлат ва жамият тараққиёти ҳам илм ва маърифат биландир. Навоий ижоди бизни ана шундай юксак мақсадлар сари илҳомлантиради, маънавий қудрат бахш этади.

Юлдуз ҲОЖИЕВА,

«Huquq»