Қайнона қотилга айланди

12:09 - 06.11.2020

12

Когон туманида юз берган қотиллик зумда оғиздан-оғизга кўчди. Нима эмиш, 70 ёшли қайнона ҳали қирққа ҳам кирмаган келинини бошига темир билан уриб ўлдирганмиш.

2020 йил апрель ойида Санобар Зоирова (исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг ўғли ўз жонига қасд қилиб вафот этди. С.Зоирова ўғлининг ўлимига келинини сабабчи билиб, у билан кўп жанжаллашадиган бўлди. Келини Зарифа Шамсиева ҳам ундан қолишмас эди. Ўша куни идиш-товоқ ювиб ўтирган қайнона уйидан чиқиб келган келини билан гап талашиб, жанжаллашиб кетди.

Келин ҳам бир гапдан қолмади. Унинг заҳар томган гапларидан С.Зоирова жаҳл отига минди ва ҳовлидаги темир қувурни олиб, бошига бир неча марта урди.

Бақир-чақирни эшитган қайнота югуриб келиб, ўртага тушди. Аммо бу пайтда З.Шамсиеванинг жони узилиб бўлганди. Онасининг бақирган овозини эшитиб, воқеа жойига чопқиллаганча келаётган икки норасидани буваси тўхтатиб қолди.

Бошини чангаллаганча бир четда ўтирган қайнона нафақат ўзига, балки икки набирасига ҳам жабр қилди. Жаҳлини босолмагани учун ўзини койиди. Аммо энди кеч эди. Кўп ўтмай уйидан чиқиб, ИИБга борди ва бўлган воқеани айтиб берди.

Суд С.Зоировани айбдор деб топди ва унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.