Meҳнaт муҳoфaзacи coҳacидaги муaммoлap

16:31 - 06.11.2020

15

Мамлакатимизда инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, соғлиғи ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган тизим ташкил қилинган. Аммо иш берувчилар меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига эътиборсизлик билан қараган ва ходимларга хавфсиз шароит яратмаган ҳолатлар кузатилмоқда.

Айниқса, қурилиш соҳасида иш берувчилар томонидан хавфсиз шароит яратиш чораси кўрилмаслиги ҳамда ходимлар учун маиший шароитлар яратилмагани сабабли бахтсиз ҳодисалар сони ортиб бормоқда. Чунончи, 2017-2019 йилларда ишлаб чиқариш билан боғлиқ 1583 та бахтсиз ҳодиса юз берган. Оқибатда 543 киши иш вақтида ҳалок бўлган, 1214 киши эса оғир жароҳатланган. Ҳалок бўлганларнинг оилаларига ва ногирон бўлиб қолган ходимларга жами 90,6 млрд. сўм боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиялари тўланган.

Маълумки, меҳнатни муҳофаза қилиш борасида давлат назоратини Меҳнат вазирлигининг инспекторлари амалга оширади. Лекин уларнинг сони назорат объектларига нисбатан мутаносиб эмас. Мамлакатдаги 363 мингта корхона, ташкилот ва муассасада меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини назорат қилиш атиги 104 та инспектор зиммасига юкланган. Яъни, ҳар бир инспекторга ўртача 3490 тадан назорат объекти ёки 127,6 минг ходим тўғри келиши инобатга олинса, амалда самарали давлат назоратини таъминлаш имкони йўқлиги яққол кўринади.

Жумладан, 2019 йилда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги атиги 5397 та (1,4 фоиз) объектда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича текшириш ўтказилган. Уларда 7372 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан 4789 та кўрсатма берилган, 122 та тақдимнома киритилган, 5062 нафар мансабдорга нисбатан 4,5 млрд. сўм маъмурий жарима қўлланган. Масалан, 2019 йилда 36 мингдан зиёд қурилиш ташкилотидан 607 тасида меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунга риоя қилиниши ўрганилган. Натижада 4263 киши норасмий ишлаётгани, 99 156 нафар ходим тиббий кўрикдан ўтмагани, 6847 нафари шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмагани, 1846 ишчи меҳнат хавфсизлиги йўриқномаси билан таништирилмагани, иш жараёнида хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган 475 та нарвон, ҳавоза ва бошқа мосламалардан фойдаланилаётгани аниқланган.

Ачинарлиси, ҳозиргача қурилиш соҳаси ходимларининг меҳнатини муҳофаза қилиш қоидалари ишлаб чиқилмаган.

2017 – 2019 йилларда бахтсиз ҳодисаларнинг 361 таси қурилиш, 76 таси пахта тозалаш, 75 таси кон, 4 таси соғлиқни сақлаш, 48 таси транспорт соҳасида ва 967 таси иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида содир этилган. Бу эса текширув ўтказилмаган бошқа соҳаларда ҳам шу каби жиддий камчиликлар борлигидан далолат беради.

Бинобарин, ўтган йилги 574 та бахтсиз ҳодисанинг 378 таси тадбиркорлик субъектларида юз берган.

Амалдаги қонунчиликда иш берувчи ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши лозимлиги, мазкур талабни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик (МЖТКнинг 49X-моддаси) назарда тутилган. Бироқ иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш механизми яратилмаган. Жумладан, иш берувчиларга фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилгани ҳақида меҳнат органларига ҳисобот тақдим этиш мажбурияти юклатилмаган. Оқибатда 2020 йилнинг 1 июлигача республикадаги 363 мингта корхона ва ташкилотдан 321,4 мингтаси ёки 90 фоизи иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилмаган.

Меҳнат муҳофазаси бўйича корхона ва ташкилотлар мутахассисларининг малакасини ошириш учун етарли шароит яратилмаган. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш, ушбу соҳада илмий изланиш олиб бориш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид норматив базани яратиш ва янгилаб бориш вазифаси юклатилган Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази бу борада бирорта ҳам илмий изланиш олиб бормаган.

Марказнинг моддий-техник базаси талабга жавоб бермайди, компьютерларнинг 60 фоизи маънан эскирган, айримлари носоз. Корхона ва ташкилотларда иш ўринлари ҳамда меҳнат шароитини тезкор таҳлил қилиш ҳамда аттестациядан ўтказиш учун кўчма лабораториялар мавжуд эмас.

Марказ бинолари 1958 йилда қурилган бўлиб, бирон марта ҳам таъмирланмаган. Ходимлар учун етарли шароит яратилмагани оқибатида кадрлар қўнимсизлиги сўнгги 3 йилда ўртача 50 фоизни ташкил этган.

Умуман олганда, таҳлиллар иш берувчилар меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя қилмаётганини кўрсатди.

Ўрганиш натижасига кўра Вазирлар Маҳкамасига таклиф билдирилди, хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Қурилиш вазирликлари, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа идоралар мутасаддиларидан иборат гуруҳ тузиб, унинг зиммасига бир ой ичида қуйидаги вазифаларни амалга оширишни юклаш:

– Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекциясининг намунавий тузилмаси ва штат бирликларини қайта кўриб чиқиш. Бунда ушбу соҳада давлат-хусусий шерикчилик кўринишида корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилинишини ўрганувчи субъектлар ташкил этиш масаласини ўрганиш;

– қонунчиликка тадбиркорлик субъектларида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги

текширишларни ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш;

– мулкчилик шаклидан қатъи назар иш берувчилар фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилгани тўғрисида ҳудудий бандлик органига ҳисобот бериши тартибини жорий этиш;

– қурилиш соҳасида жароҳатланиш ва касб касаллиги бўйича хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бартараф этиш учун меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимини жорий этиш;

– қурилиш ташкилотларида ходимларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қоидаларни ишлаб чиқиш;

– қурилишда ходимларга хавфсиз меҳнат шароитини яратиш борасида «Меҳнат хавфсизлиги ва соғлиқни муҳофаза қилиш менежменти тизими» (ISO 45001-2018) халқаро стандарти талабларини жорий этиш;

– Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази фаолиятини ўрганиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, марказнинг тўлиқ фаолият юритишини йўлга қўйиш;

– меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги мавзусида турли танловлар, халқаро кўргазма ва семинарларни ўтказиб бориш.

Мазкур таклифларнинг амалиётга татбиқ этилиши фуқароларимизга хавфсиз меҳнат ша-

роитини яратиш, шу жумладан, профилактик тадбирлар қамрови ҳамда сифатини ошириш имконини беради.

Абдулатиф АХМЕДОВ,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Фарходжон НАЗАРОВ,

Бош прокуратура бошқарма ката