Қoидaбузapликнинг зaмoнacи йўқ

14:44 - 05.11.2020

10

«Huquq» газетасининг 2020 йил 29 октябрь кунги сонида чоп этилган «Фожиали рақамлар қачон камаяди?» сарлавҳали мақолада юртимизда йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб бораётгани ҳақида фикр билдирилган. Дарҳақиқат, бундай ҳодисалардан кўп инсонлар, шу жумладан, диндошларимиз ҳам жабр кўрмоқда.

Мақолада ҳалокатларнинг олдини олиш борасида бир нечта фикр берилган. Мақола муаллифи Камолиддин Асқаров- нинг фикрига қўшилган ҳолда таъкидлаш жоизки, йўл ҳаракати одобларига риоя қилиш ҳам диний бурчлардан биридир. Йўл қоидаларига риоя қилиб, бировларнинг ҳаётига хавф солмасликнинг ҳам ажри бор.

Аммо бу қоидаларга айрим диндошларимиз ҳам риоя қил маётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Хусусан, жамоат намозларини ўқиш учун масжидга келган баъзи намозхонлар автомашиналарини йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган ҳолда, бошқаларга халақит қиладиган даражада қў йиб қўяди. Ахир йўлда кўпчиликнинг ҳаққи бор. Афсуски, бундай ҳолатларга кўпгина масжидлар атрофида гувоҳ бўлаяпмиз. Айниқса, жума намози ўқиладиган пайтда республикамиздаги аксарият масжидларнинг атрофидаги кўчаларда тирбандликлар вужудга келади. Уларни тартибга солиш учун бир нечта йўл патрул ходимлари овораи сарсон.

Ҳатто, тўрт мучаси соғ бўлган ёш йигитлар ҳам масжиднинг эшигигача машинада келиб, йўлнинг қатнов қисмига ҳеч иккиланмай уловини қўяди. Уларнинг бу ҳаракатлари бир беморга тез ёрдам, бир ёнғинга кўмак кечикишига сабаб бўлиши мумкин-ку. Бунинг гуноҳи эса истаб келган савобимиздан кам бўлмаса керак.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, машинани узоқроқда қолдириб, намозга пиёда келса, бунинг савоби ортиқ бўлади. Масжидга пиёда келаётганларнинг ҳар бир қадамига фаришталар савоб ёзар экан. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг «Биринчи қадами билан ўтган гуноҳларига мағфират бўлади, иккинчи қадами билан Аллоҳнинг ҳузуридаги мартабаси юқори бўлади», деган ваъдалари бор. Шуни эътибордан четда қолдирмайлик.

Қуръони карим ва ҳадисларда бу борада бир қанча кўрсатмалар мавжуд. Уламоларимиз уларни турли мавзулардаги ки тобларида, хусусан, исломий одобга доир асарларида алоҳида баён қилишган.

Йўл ҳаракатига доир исломий ҳукм ва одобларга тўхталишдан аввал бу мавзуга доир айрим тушунчаларни таъкидлаб ўтиш жоиз. Яъни жон муҳофазаси. Исломда ноҳақ қон тўкиш, бировга ноҳақ жисмоний ёки руҳий зарар етказишнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром қилинган ва ушбу жиноятга қўл урган кишиларга нисбатан керакли чоралар кўрилади. Шунингдек, шахс ўзининг жисми ёки руҳига зулм қилиши,
зарар етказиши ҳам мумкин эмас. Яна бири – ақл муҳофазаси. Шу боис исломда ақлга зарар етказадиган, унинг фаолиятини чекладиган таом, ичимлик ва бошқалар ҳаром қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳаёти давомида ўша вақт ва шароитга керак бўлган йўл тартибларини жорий қилган. Сафарлар асносида бирор жойга қўнилганда ҳам бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чоралари кўрилган.

Ислом фиқҳи-ҳуқуқшунослигида йўл ҳаракатига доир масалалар қадимдан айтиб келинган. Йўлнинг кенглиги қанча бўлиши кераклиги, улов ва кема минган кишининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улов ёки кемалар тўқнашуви натижасида юзага келган муаммолар – барча-барчаси Қуръон оятлари ва ҳадислар асосида, уларда келган хусусий ва умумий қоидалардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилинган. Хусусан, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неч та оятида ерни инсонлар учун ёйиб қўйганини, унда йўллар барпо қилганини алоҳида эслатади. Дарҳақиқат, агар Аллоҳ ерни юришга мос қилиб тўшамасдан, фақат тоғу тошлардан, жарлик ва дарёлардан иборат қилиб қўйганида, биз ожиз бандалар нима ҳам қила олардик?!

Аллоҳ Зухруф сурасида шундай марҳамат қилади: «Ўша зотсизлар учун ерни бешик (қароргоҳ) қилиб қўйди ва (сафарларда) йўл топишингиз учун унда (ерда) йўлларни (пайдо) қилди» (10-оят). Нуҳ сурасида ҳам худди шу маъно таъкидланган: «Аллоҳ ерни сиз учун тўшак қилди, токи ундаги кенг йўлларда юргайсизлар». (19-20-оятлар). Аллоҳ таоло ўз каломида ушбу неъматдан унумли фойдаланишга, йўл юриб, сайр қилишга тарғиб ҳам қилган: «У (Аллоҳ) сизларга ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у(ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир». (Мулк сурасининг 15-ояти). «Айтинг: «Ерни сайр қилиб (айланиб) чиқингиз.
Сўнгра (пайғамбарни) ёлғончига чиқарганларнинг (охир-)оқибати не бўлганини кўрингиз!». (Анъом сурасининг 11-ояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида йўлнинг ҳам инсонлар зиммасида ҳақи борлигини айтган ва «Йўлга ўз ҳақини беринглар» дея амр қилган. Йўл четида уй қурмоқчи бўлганларга йўл учун керакли бўлган миқдорда оралиқни сақлашни буюрган. Йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўлўртасида намоз ўқишдан қайтарган.

Ҳадисларда йўлнинг одоб ва ҳукмлари, пиёда ва уловда юришга доир таълимот шунчалар мукаммал баён қилинганки, улар орадан ўн тўрт аср ўтиб ҳам ўз қийматини заррача йўқотгани йўқ, балки борган сари аҳамияти ортиб бормоқда.

Ислом дини ўз ҳукмларини жорий қилишда инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимоясини мақсад қилган. Чунки инсон яшаб турган бу дунё мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ундаги фаровон ҳаёт ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан боғлиқ.

Хулоса қилиб айтганда, йўл ҳаракати асносида содир бўладиган кулфатларнинг олдини олиш, яъни ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишнинг бир кўриниши ҳисобланади. Шунинг учун ҳам йўл ҳаракатига доир қоидалар ишлаб чиқилган.

Демак, йўл ҳаракати қоидалари умумий манфаатларни, инсон ҳаётининг эминлигини таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаби ҳам айни шу. Бугунги кунда жорий қилинган йўл ҳаракати қоидалари билан танишар эканмиз, уларнинг бир қанча фиқҳий қоидаларга, жумладан, «зарар бартараф этилади», «зарарни бартараф этиш ва фойдани жалб қилиш», «зарар келтириш ҳам, зарарга зарар қайтариш ҳам йўқ», «жамиятнинг манфаати якка шахснинг манфаатидан устун туради» каби шаръий қоидаларга ҳамоҳанглигини кўрамиз. Ушбу зарар ва манфаатлар жонга бўладими, молга бўладими, фарқи йўқ. Бу борада асосий далил расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси бўлиб, у ислом фиқҳида энг машҳур шаръий асослардан бирига айланган: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ».

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши аввало ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса ислом динида ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ йўлида (бойликларингиздан) сарфлангиз ва ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради» (Бақара сурасининг 195-ояти). Қолаверса, бошқаларнинг ҳаёти ва саломатлигига таҳдид
солган бўлади, тажовуз этишга қадам қўйган бўлади.

Мана шу маънолардан келиб чиқиб, ислом фиқҳи уламолари йўл ҳаракати қоидалари шариатнинг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайди ва уларга амал қилиш ҳар кимга шариат нуқтаи назаридан вожиб, уларни бузиш мумкин эмас, дейди. Шунга кўра мазкур қоидаларга хилоф иш тутиш йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасликкина эмас, балки вожибни тарк қилиш, мусулмонларга зарар келтириш, одамларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш жиҳатидан улкан гуноҳ ҳамдир.

Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш кўпчиликка зарар етиши хавфи борлиги сабабидан мумкин эмас. Зеро, ислом фиқҳида «зарарни бартараф этиш фойдани жалб қилишдан олдин қўйилади»ва «жамиятнинг манфаати якка шахснинг манфаатидан устувор туради» дейилади.

Йўл омманинг мулки, унда бошқаларга зарар етказиш уларнинг ҳақини поймол қилишдир. Бировларга зиён етказиш жоиз бўлмагани каби, зиёнга олиб борадиган ишга қўл уриш ҳам мумкин эмас.

Исломда ҳар бир инсон тўла ҳур, эркин ҳисобланади. Фақат бу эрк бошқаларнинг эрки ва ҳуқуқи чегарасида адолат чизиғи билан чекланади. Шунга кўра йўлдан фойдаланиш бир тарафдан ҳар кимнинг ҳаққи бўлса-да, иккинчи томондан бошқаларнинг ҳаққи ҳисобига маълум даражада чекланади. Ушбу чеклов одатда йўл ҳаракати қоидалари ва одобларида акс этади. Бинобарин, мазкур қоидаларга риоя қилмаслик бошқаларнинг ҳақига тажовуз ҳисобланади.

Динимизда йўл юриш мубоҳ амаллардандир. Агар йўлга отланган киши йўлнинг ҳақларига, жумладан, йўл ҳаракати қоида-ларига, одобу ҳукмларига ихлос билан амал қилса, йўл юриш нафақат мубоҳ амал, балки кўп лаб савобларга сабаб бўлувчи ибодат даражасига кўтарилади. Уларга риоя қилинмайдиган бўлса, бузилган меъёрнинг даражасига кўра йўл юриш макруҳ ёки ҳаром бўлади.

Пиёда бўлсин, уловда бўлсин, ҳар бир мусулмон ўзи яшаб турган жамиятдаги кўпчилик томонидан қабул қилинган йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиши лозим. Чунки улар инсон ҳаёти, саломатлиги хавфсизлиги учун жорий этилган. Ислом шариатининг мақсадларидан бири ҳам айнан ушбу хавфсизликдир.

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ,

Юнусобод туманидаги
«Кулолқўрғон» жоме масжиди
имом ноиби