Γaрoвcиз крeдит қaндaй oлинaди?

17:01 - 05.11.2020

17

Кейинги йилларда юртимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўп иш қилинди. Натижада ҳозирги кунда республикамиздаги кўплаб оилавий корхоналарда ўн минглаб одамлар иш билан таъминланган. Лекин мамлакат аҳолиси йилига ярим миллион кишига кўпайиб бораётган бир шароитда ёшларни иш билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарблигича қолаётган эди.

Шу боис 2020 йил 13 октябрда Президентимизнинг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда қайд этилишича, «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» ва бошқа ижтимоий дастурлар доирасида республикамизда жами 13 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредит ажратилиб, 600 мингдан зиёд оилани қамраб олишга эришилган. Бу дастурлар аҳолининг турмушини яхшилаш ва иш билан бандлигини ошириш учун туртки бўлмоқда.

Мазкур қарор билан энди аҳолининг тадбиркорликка қизиқиши ва манфаатдорлиги оширилади. Аҳолини тадбиркорликка ўқитиш тизими жорий этилиб, бу ишга халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва нодавлат таълим ташкилотлари кенг
жалб қилинади. Микрокредитлаш тизими ривожлантирилади. Бундан ташқари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит тизим ташкил этилади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур қарор билан аҳолининг тадбиркорликка қизиқиши ва манфаатдорлигини оширишга қаратилган чораларни амалга ошириш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таъ- лими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва барча бўғиндаги ҳокимликлар фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Вазирлар Маҳкамаси эса икки ой ичида вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимиятлар томонидан халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб этган ҳолда аҳолининг тадбиркорликка қизиқиши, турмушини яхшилашга интилиши ва манфаатдорлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастурининг тасдиқланишини таъминлайдиган бўлди. Бунда асосий эътибор муваффақиятли ёш тадбиркорлар ва тажрибали бизнесменларни жалб этишга қаратилади. Ўз навбатида, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мазкур тадбирларни амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фаол қатнашишини таъминлайди. Шунингдек, қарорда Ёшлар ишлари агентлиги аҳолини тадбиркорликка қизиқтириш учун видеоматериаллар ва дарсликлар, мотивацион роликлар тайёрлайди.

Қарорнинг яна бир эътиборли жиҳати, 2020 йил 15 ноябрдан бошлаб
ёшлар ва аёлларни ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш учун нодавлат таълим ташкилотлари сарфлаган харажатининг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан қоплаб берилади. Курсларни муваффақиятли тамомлаган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади.

Шунингдек, «Микрокредитбанк» нодавлат таълим ташкилотларининг махсус сертификатини олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган микрокредитни таъминотсиз ажратадиган бўлди. Бундан ташқари, микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полиси, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мулк гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача микрокредит ажратилади.

Умуман айтганда, мазкур қарор ҳар бир оиланинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шароит яратиш йўлида катта қадам бўлиши шубҳасиз.

Жамшид НЕЪМАТОВ,
Бош прокуратура бошқарма прокурори