Одамийлик

17:34 - 03.11.2020

9

Ғамхўрлик, меҳр ва табассум. Бу туйғулар инсонга шунчалар зарур эканки, ўн бир кундан бери шифохонада ётиб, у бунга амин бўлди.

Ўзини даволаётган шифокору ҳамшираларнинг юзини бирор марта кўргани йўқ. Бошдан-оёқ оппоқ кийинишган, юзларида махсус ойна ниқоб, фақат кўзлари кўринади. Аммо у билади, дўхтирлар доим беморларга табассум улашади. Баъзан аҳволи оғирлаша бошласа, хавотир ёки хотиржамлик борми, дея шифокорларнинг кўзларига диққат билан тикилади, илғаганлари эса унга таъсир этмай қолмайди…

—     Кучли экансиз! Тузалдингиз! Бугун уйга жавоб!

Тўғри, у кучсизмас, аммо шу пайтгача бировга ёрдами тегмаган, муҳтожликдан оғир аҳволда қолганларга заррача ачинмаган. Негадир табассумли чеҳра унинг ғашини келтирарди. Эҳ, бу дард уни не кўйга солмади: кучидан, ишончидан, умидидан бирдек айрилди-қолди, ҳатто табассумни соғиняпти. Баралла кўринмаса-да, ниқоблар ортидаги табассум ҳам унга мадор бўлаётир.

У касалхонада одамнинг одамга муҳтож эканини, кўнгил-кўнгилдан сув ичишини, умр йўлларида яхши дўст, ҳамфикр ва дарддош доим зарурлигини, кибр одамийликка бегона эканини тан олди. Ўн бир кундан бери ҳеч ким йўқламаган бўлса-да, ўзи барча танишларини қўмсади. Йўтали тиниб, овози равонлашгач, телефонда кўпчилиги билан боғланиб ҳол сўраб чиқди.

…Ҳозир касалхонани тарк этмоқда. Эҳтимол, кўчада учратса, шу оқ либослиларнинг бирортасини танимас, аммо одамийликнинг ниқоблар бекитолмаган қиёфасию инсонни ўлимдан қайтаришга қодир қудрати борлигини у энди унутмайди…

ГУЛҲАЁТ