Ноқонуний қурилмалар бузилмаслигидан ким манфаатдор?

17:16 - 03.11.2020

30

Ернинг бебаҳо бойлик экани, ундан унумли, самарали фойдаланиш кераклигини ҳамма ҳам яхши билади. Аммо республика бўйича 11468 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланиб, 4201 гектар ерда ноқонуний қурилишлар қилинганига нима дейсиз?

Ерларни ноқонуний эгаллаш бўйича судда кўрилган ишлардан 802 таси рад қилинган, 2838 таси кўрмасдан қолдирилган бўлиб, 762 таси эса тугатилган. Жумладан, Зангиота туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорига кўра, Тошкент туманидаги «Ниғматов Рихсибой агро файз» фермер хўжалиги, «Агро ҳамкор экспорт», «Сой бўйи агро» МЧЖлардаги ноқонуний қурилмаларни буздириш ҳақидаги даъволар қурилмалар ихтиёрий бузилган деган важ билан рад қилинган. Ўрганилганда, уларнинг бирортаси ҳам бузилмагани аниқланган.

Р.Мамаюсуповнинг ноқонуний қурилган биноларини буздириш ҳақидаги Пахтакор тумани ҳокимининг даъво аризаси судда кўрилаётганда эса туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи тақдим қилган сохта далолатнома асосида иш тугатилган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга ҳуқуқий чоралар кўрилган.

Айрим ҳолатларда ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни қайтариш, ноқонуний қурилмаларни бартараф қилиш ҳақидаги суд қарорларини бажариш жараёнида ҳам қонун бузилишига йўл қўйилган. Масалан, Зангиота тумани ҳокимининг ўринбосари И.Сайитқуловнинг хати билан фуқаро С.Қўчқоров ва Л.Ҳамидованинг ўзбошимчалик билан қуриб олган иморатларини буздириш ҳақидаги суд қарорлари қайтариб олинган. Умуман эса 430 та ижро ҳужжати ижроси маҳаллий ҳокимликларнинг ноқонуний хатига асосан қайтарилган.