Перрондаги аёл нега бўзлади ?

17:51 - 02.11.2020

11

Пешинда Урганчдан чиққан поезд эрталаб саҳарда Тошкент жанубий темир йўл вокзалида тўхтади. Ёнимда ёш болаларим борлиги боис тезроқ чиқишга уринмасдан, шошилмай, эшик томон илгарилай бошладик. Ёрдамга шай инсонлар кўп, бирови қизимни кўтариб поезддан тушириб қўйди, яна бир йигит жомадонимга қўл чўзди. Мамнун бўлдим. Вокзал перронидан шаҳарга чиқадиган дарвоза томон борарканман, бир аёлнинг чинқириғидан чўчиб тушдим. Гуррос-гуррос кетаётган оломон ҳам таққа тўхтади.

— Болажоним! Бобуржооон!!! Қаердасан?!

Беихтиёр бўзлаётган аёл томон юрдим. Аёлнинг ёнида ногиронлар аравачаси, унда ҳеч ким йўқ. Ўтган-қайтгандан телбаларча боласини сўрарди:

— Боламни кўрмадингизми? Бобуржонимни! Олти ёшида. Юролмайди. Кўк курткада…

Айтишича, боласини худди шу ерга, 16-вагоннинг рўпарасига сумкалари билан бирга қолдириб, ўзи бошқа юклари ва қизини олгану вокзал ҳудудидан ташқарига чиқариб қайтган. Келса, ўғли йўқ. Тумонат одам орасида болани излаб изилларди шўрлик она. Шу пайт кутилмаган воқеа юз берди. Махсус форма кийган темир йўл ишчиси югуриб келиб, аёлни тинчлантирди:

— Опа, болангиз ва юкларингизни мен ташқарига олиб чиққандим. Сизга айтмоқчи эдим, ортингиздан етолмадим. Ёрдам берай дегандим-да. Болаларингизнинг иккиси ҳам ҳалигидек… юролмаслигини кўриб раҳмим келди. Ўғлингиз ҳозир қизингизнинг ёнида…

Аёл бирдан бўшашди, аравачага ўтириб қолди. Кафтлари билан оғзини маҳкам тўсганча, унсиз йиғларди у… Кейин дарҳол ўзига келди-да, қаддини ростлади, дадил қадам ташлаб, аравачани олдинга сурганча юриб кетди. Биз ҳам ташқарига йўналдик. Вокзал дарвозасидан чиққач, яна унга кўзим тушди. Аниқроғи, уни одамлар орасидан нигоҳларим билан излай-излай зўрға топдим: аёл автобуслар тўхтайдиган ерда, асфальтга мук тушган иккала мажруҳ боласини маҳкам бағрига босганча дир-дир титрарди…

Унинг яқинига бориб, қай томонга кетишини сўрадим. Йўлларимиз тескари бўлса-да, биз ҳам у айтган тарафга бораётирмиз, дедим ва такси ушладим. Аёлнинг 12 ёш қизи ҳам, 6 яшар Бобуржон ҳам неврал амиотрофия касаллигидан оғришаркан. Нега иккаласи ҳам?

— Турмуш ўртоғим билан қариндошмиз, — дея юрагини оча бошлади аёл. — Ака-сингилнинг фарзандларимиз. Бу бўлмайдиган савдо, дейишимизга қарамай катталар қаттиқ туришди. Мана оқибати — 3 нафар боламнинг бари ногирон. Ҳомиладорлик яхши ўтади, соғлом туғилишади, юра бошлашади, аммо 3-4 ёшга етишганида қўл-оёқлари майишиб кета бошлайди. Ҳар икки-уч ойда Тошкентга келамиз. Тузалиб кетишларига умид йўқ, аммо бунданам оғирлашиб, тўшакка михланишларидан чўчиймиз. Тўнғичимизни махсус мактабга топширдик. Ўқишлари яхши. Айниқса, физикага жуда қизиқади.

Аёлнинг кўзлари порлади. Боласининг қизиқиши, ютуқлари унинг куйик юрагига таскин эди гўё. Она-болалар Қорақамишда қолишди. Мен эса шаҳарнинг бутунлай бошқа томонидаги уйимга етиб келгунимча уларни ўйлаб кетдим. Тушунмайман, нима учун айримлар жоҳилларча йўл тутишаркан? Қавму қариндошлар ўртасидаги никоҳ хавфлилиги тинмай тарғиб этилаётган бўлса-да, нега улар парво қилишмайди? Тўғри, қуда бўлғучиларнинг ниятлари қора бўлмагандир, аммо мана шу аёл ҳам ҳамма қатори бахтли яшашга ҳақли эмасмиди?! Нима учун бегуноҳ гўдаклар ва оналар бир умр бировларнинг калтабинлиги жабрини тортишлари керак?!

* * *

Шу ўринда аждодлари — бобо ва бувилари умумий бўлган эр-хотинлар никоҳи ҳақида тўхталиш жоиз. Бундай никоҳда ота-оналар соғлом бўлсалар-да, фарзандлар ирсий касаллик билан туғилиш хавфи юқори бўлади. Бунга сабаб не?

— Ирсий ва туғма касалликлар ҳақида гап кетганда юртимизда ҳозирги кунда иккита касаллик оммавий равишда скрининг қилинади: булар кенг тарқалган туғма гепотиреоз касаллиги, иккинчиси фенилкетонурия касаллигидир, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти, тиббий генетика кафедраси ассистенти, олий тоифали шифокор Муҳаммаджон Босимов. — Ҳозирги кунда инсонда 35 мингта ген аниқланган. Шулардан 7 мингтаси касаллик генлари ҳисобланади. Бу касаллик генларининг барчаси бир инсонда учрамайди, битта ёки иккитаси учрайди. Биз ана шу генларни бир неча авлод кўринишида наслимизда бериб борамиз. Генетика фанида инбрид никоҳлар деган тушунча бор. Бу қариндошлар ўртасидаги никоҳга нисбатан айтилади. Бундан 200-300 йиллар муқаддам инсоният маълум бир ҳудудда яшаган, яқин атрофидагилар билан оила қурган. Айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ юқоридаги каби касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Чунки уларнинг аждоди битта одам. Ундан тарқалган битта касаллик, қариндошларида ҳам бор. Улар бир-бири билан турмуш қурса, касаллик уларнинг фарзандларида пайдо бўлаверади. 

Генетик шифокорнинг таъкидлашича, ирсий касалликлар бошқа соматик касалликларга қараганда оғир кечади. Доимий ногиронликка ёки боланинг ўлимига сабаб бўлади. Баъзи ирсий касалликлар борки, улар болада 3-4 ёшда пайдо бўлади, 14-15 ёшга бориб бола ҳатто ўрнидан ҳам тура олмай қолади. Худди перрондаги аёлнинг жигарбандлари каби…

— Бу ҳолатларни одамларга тушунтирсак, улар тушунишни исташмайди, ўзларининг насллари тоза эканлигини исботлашга ҳаракат қилишади, — дейди М.Босимов. — Аммо бу нарсалар мутахассислар томонидан аниқланадиган ҳолатлар ҳисобланади.

Қолаверса, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болаларда ногиронлик бирида бўлмаса бошқа авлодда такрорланиши мумкин. Қариндошлик қанча яқин бўлса, касаллик пайдо бўлиш эҳтимоли шунча кучлидир. Шундай экан, фарзандларимизни, наслимизни, миллатимиз генофондини асраб-авайлайлик. Ҳеч ким перронда бўзлаган аёл ҳолига тушмасин…

Юлдуз ҲОЖИЕВА,

Huquq