Гўдак тиғдан омон қолди, онаси эса…

09:54 - 02.11.2020

26

Озодлик қадрини жиноий қилмиши учун бир неча йил умрини панжара ортида ўтказишга маҳкум қилинганлар ҳаммадан ҳам яхшироқ тушунишади. Улар учун ҳар бир лаҳза йилларга тенгдек туюлади. Энг ачинарлиси, улар ўйламай босган қадамлари учун ўзларини лаънатлаб яшайди. Суд залидаги маҳбуслар ўтирадиган панжарали катак ичидан чиқиб, нозик қўлларини темир ҳалқалар солиш учун тутиб турган Шаҳло Диллиеванинг ҳам ичида шундай ҳислар туғён ураётгани ҳақиқатдан йироқ эмас.

Йигирма саккиз ёшни қоралаган қизга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Энди у умрининг бир неча йилини сим тўрлар ортида, озодликнинг қадрини қўм- саб ўтказишга мажбур. Ҳали турмушга ҳам чиқмаган Ш.Диллиева қотилликка қўл уриб, шу кўйга тушди. Айбдорнинг турмушга чиқмаганлигини бежизга келтирмадик. Унинг жиноятга қўл уришига кўп жиҳатдан мазкур ҳолат сабаб бўлган. Халқимиз бир нарсани билмаса гапирмайди. Онаси мақтаган эмас, янгаси мақтаган қизни ол, деган мақолни кўп эшитганмиз. Чунки ҳеч бир она боласини ёмон демайди. Янгалар эса қайнсингилларини мақтамасликнинг иложи қолмаган тақдирдагина мақташади. Шаҳло ҳам янгасининг мақтови билан турмушга чиқишни мақсад қилган эди.

Бундан тўққиз йил аввал Чироқчи туманининг Қоракамар қишлоғида яшайдиган Олим Диллиев ва Мафтуна Қаюмова турмуш қуришади. Айнан уларнинг тўйларига ташриф буюрган Олимнинг дўсти Бекзод Шаҳлога ёқиб қолади. Қотилликнинг илдизи мана шу омилга бориб тақалади. Хуллас, Шаҳло бу ҳақида янгаси Мафтунага маълум қилиб, “Акамга айтинг, Бекзод ўртоғига хабар берсин, менга совчи юборсин, унга турмушга чиқаман”, дейди. Қайнсинглисининг илтимосини рад эта олмаган М.Қаюмова унинг сўзларини турмуш ўртоғига етказади. Олим синглисининг илтимосидан таажжубга тушиб: “Мен қандай қилиб ўртоғимга синглимга уйлан, дейман, номус қиламан” дейди. Мафтуна турмуш ўртоғининг жавобини қайнсинглисига айтиб, хафа бўлмаслигини, бахти албатта очилишини таъкидлайди. Аммо Шаҳло янгасига Бекзодни ёқтириб қолганлигини, акасини бу ишга кўндириши лозимлигини такрорлайверади. Янгаси эса эрининг жавоби қандай бўлишини билганлиги учун ҳам Олимга бу ҳақида бошқа гапирмайди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, Бекзоднинг уйланганлигини эшитган Шаҳло янгаси ва акасидан гина қилиб, улар билан гаплашмай қўяди. Ҳаттоки, шу сабаб вақти-вақти билан янгаси билан тортишиб, жанжаллашиб ҳам туради.

Йиллар ўтган сайин Шаҳлонинг ичида ўз яқинларига бўлган адоват кучайиб бораверади. Бу орада Олим ва Мафтуна икки қизлик бўлади. 2019 йилда ушбу оилада икки қиздан кейин ўғил фарзанд дунёга келади. Ўғиллик бўлганидан икки ёш янада бахтиёр ҳаёт кечира бошлайди. Шаҳлога эса уларнинг бу бахти акс таъсир қилиб, ичидаги адоват янада кучаяди. Гўёки унинг бахти очилмай келаётганига акаси ва янгаси сабабчи бўлаётгандек эди. Шу кезларда у янгасига: “Акамдан ўч оламан, унинг ёлғиз ўғлини ўлдирсам, бир умр қийналиб юради” дейди. Бунга М.Қаюмова унча эътибор бермайди. Шундан сўнг Ш.Диллиева ўз жиянини ўлдириш учун қотиллик режасини тузади.

Жорий йилнинг 20 апрель куни эрталаб О.Диллиев бозорга кетади. Ёнма-ён ҳовлида яшаганликлари учун Ш.Диллиева уйда янгаси ёлғиз қолганидан дарҳол хабардор бўлади. Жиноий режасини амалга ошириш учун қулай фурсат бўлганидан фойдаланиб, уйидаги рўзғорда ишлатиладиган пичоқни олиб, акасиникига чиқади. Чақалоғини кўтариб турган М.Қаюмовага маслаҳатли гапи борлигини айтади. Шу баҳона уни уй ичига олиб киради ва ёнидаги пичоқни янгасига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдиради. Шундан сўнг, онасининг қўлидан тушиб кетиб, хонанинг бир четида биғиллаб йиғлаб ётган 9 ойлик чақалоқни қўлига олиб, унинг қорнига икки маротаба пичоқни тиқишга ҳаракат қилади. Яратганнинг қудратини қарангки, пичоқ билан берилган икки зарба ҳам норасиданинг вужудига кирмасдан озгина тилиб ўтади. Шунда ҳам болани қўлидан қўймай, уни ўлдиришга ҳаракат қилаётган пайтида ўзининг синглиси келиб қолади. Шу сабабли Ш.Диллиева ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда жиноий ҳаракатларини охирига етказа олмасдан, ҳодиса жойидан яширинади.

Янгасининг умрига зомин бўлган Шаҳло узоққа қочиб кетолмади. Тергов жараёнида эса айбига иқрор бўлди.

Мазкур аянчли воқеани кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди Ш.Диллиевага 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Умид КУЛИЕВ,

Бош прокуратура бошқарма АМИБ катта терговчиси