Фожиали рақамлар қачон камаяди?

16:02 - 02.11.2020

115

Республикамиз йўлларида транспорт воситаларининг кўпайганлиги, ўз навбатида, ўзига хос масалаларнинг ечимини талаб этмоқда. Айни вақтда барча шаҳар-туман ҳамда вилоятларимизга олиб борадиган йўллар қайта таъмирланиб, транспорт воситалари равон ҳаракатланиши учун бирмунча қулайликлар яратилди. Эндиликда транспорт воситалари ҳаракатланаётган йўлларнинг сифатини янада ошириш борасида кўпгина амалий ишлар олиб бориляпти. Шунингдек, йўловчиларнинг ҳам манзилларига соғ-саломат етиб боришлари, йўлда керакли шарт-шароитларга эга бўлишлари учун йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари томонидан бир қатор ижобий ва аниқ чора-тадбирлар кўриляпти. Аммо бу борада ечим излашга мажбур қилаётган бошқа бир жиддий муаммолар юзага келмоқда.

Кейинги йилларда автомобиль бошқарувига ўтирган ҳайдовчилар ҳушёрликни унутиб қўйишлари натижасида йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб кетмоқда. Ёки автоуловни ўйинчоқ билиб уни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ёшларга қўшқўллаб топшириб қўяётган ҳамюртларимиз ҳам автоҳалокатлар кўпайишига “ҳисса қўшишаётир”.

Йўл қоидаси – умр фойдаси, деб бежиз айтилмаган. Зеро, ҳар бир йўловчи ва ҳайдовчининг йўл ҳаракати қоидаларига бирдек амал қилиши қанчадан-қанча фалокатларнинг олдини олиши барчамизга маълум. Афсуски, оддий эҳтиёткорлик қоидаларига ҳам ҳар доим риоя этилавермайди. Оқибатда ҳаракат вақтида мобиль телефонда гаплашиш, мусиқа тинглаш, маст ҳолда бошқариш, тезликни ошириш, пиёдаларнинг нотўғри ҳаракатланиши кўпгина моддий зарарлар, маънавий йўқотишларга сабаб бўлиб, инсон ҳаёти ва соғлиғи учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисалари кўпайгани билан боғлиқ масалалар муҳокамасида маълум бўлишича, бу борада энг асосий муаммо — ҳайдовчи ва пиёдаларнинг билим-кўникмалари, қонунга итоаткорлик ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига ўзаро ҳурмат ва муомала маданиятининг ўта пастлигида. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо қўлланиляпти, лекин натижа кутилганидек эмас. Таъмирталаб йўлларни созлаш, йўл белгиларини хатловдан ўтказиш, уларни босқичма-босқич замонавий қопламали йўл белгилари билан алмаштириш борасидаги ишлар навбати билан амалга ошириляпти. Аммо салбий рақамлар кун сайин эмас, соат сайин ошмоқда. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб айтиш керакки, айни юқорида тилга олинган масала бугун кўпчилигимизни ўйлантириб, қийнаб келаётган долзарб муаммолардан бирига айланди.

Ким айбдор?

Ҳар ким эрталабдан фақат эзгу ниятлар билан кўчага чиқади. Хонадон аҳли бир-бирларига чин дилдан “ой бориб, омон келиш”ни тилаб қолади. Бироқ айни вақтда кунда бир қанча автоҳалокатга гувоҳ бўляпмиз. Бундай кўнгилсиз воқелик ортида не-не уқубатлару йўқотишлар, не-не асаббузарликлару дилхираликлар, не-не аламлару қалбни ўртаб юборадиган пушаймонликлар бор. Буларни тасаввур этиш қийин эмас…

Телевидение ва ижтимоий тармоқларда берилаётган кундалик хабарларга эътибор беринг, кейинги пайтларда автоҳалокат билан боғлиқ фожиавий ҳодисалар кундан-кунга кўпайиб бораётгандек туюлади кишига. Хусусан, шаҳарларда, айниқса, шаҳарлараро йўлларда бундай фожиалар кўпроқ рўй бермоқда. Янаям афсусланарли томони, содир бўлаётган аксарият йўл-транспорт ҳодисаларида турли ёшдагилар, аёллар, энг аламлиси, ёш болалар ҳаётдан кўз юммоқда.

Авваллари кунора бир кўзимиз тушадиган йўл-транспорт ҳодисаларига бугун кунига камида икки марта шоҳид бўласиз. Йўл-йўлакай автомашиналарнинг ҳаракатига эътибор берганмисиз?… Гўёки бирор фалокатнинг олдини олиш учун машинасини учириб кетаётган ҳайдовчилар, “Пиёдалар йўлакчаси” белгиси қаршисида машиналар оқими камайишини ҳам кутмай, бетоқат йўлдан югургилаб ўтаётган йўловчилар, ўнгга ёки чапга қайрилмоқчи бўлган ҳамкасбига йўл бериш ўрнига, тинимсиз “Сигнал” чалиб, зарда қилиб кетаётганлар, қаерда камера йўқлигини ёддан билиб, шу жойларда тезликка зўр берадиган таксичиларни айтмайсизми…

Автоҳалокатнинг сабаби кўп. Бироқ фожиаларга биз доимо нолийдиган йўллар эмас, балки автомашина бошқарувига ўтираётган ҳайдовчилар ёки эътиборсиз йўловчилар сабабчи бўлишмоқда. Юқорида таъкидлаганимиздек, ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг қонунга итоаткорлик ва ўзаро ҳурмат маданияти ўта саёзлашиб кетмоқда. Бунга мисоллар талайгина. Жумладан, бир куни катта йўлдан келаётган “Жигули” автомашинаси рухсат берилган жойдан қарама-қарши томонга қайрилиб олмоқчи бўлди. Ҳайдовчи уёқ-буёққа қаради ва газни босди, автомобилини биринчи йўлакчага тўғрилаб олмоқчи бўлган эди ҳамки, шу йўлакчадан келаётган “Нексия” русумли автомобиль унга бориб тўқнашди. Йўл четида турган эдим, автоҳалокат бўлган жойга ўтдим. “Жигули”ни ҳайдовчиси 55-60 ёшлардаги инсон экан. Машинадан тушишига ёрдам бердим. Ҳар икки гапининг бирида “Кўрмай қолдим, кўрмай қолдим” деб дир-дир қалтирарди. Ҳалокат атрофига йиғилган одамлар билан йўл четига ўтказиб, ўзига келиши учун унга сув бердик. Воқеага жуда яқин турганим учун шуни англадим, яъни “Нексия”нинг ҳайдовчиси бемалол машинасини тўхтатиб қолса ёки бошқа йўлакчага буриб, ўтиб кетса бўларди, аммо ҳайдовчи буни атайлаб қилди.

“Нексия”нинг эгаси 20-25 ёшлардаги йигит экан. “Ука, машинангни бемалол тўхтатиб қолсанг бўлар эдику, нега ундай қилдинг?” десам, “Ака, бу амаки менинг йўлимга чиқиб кетди, айб унда бўлгани учун машинамни тўхтатишга ҳаракат қилмадим, энди зарарни қоплаб берадилар-да”, деди безбетларча. Хом сут эмган бандамиз, йўлларда эса ҳаракат кўп, одам кўрмай қолиши ҳам мумкинку… Бу каби ҳолатларда эса қоидабузарликка атайин қоидабузарлик билан жавоб қайтариш худбинликнинг чўққиси эмасми? Афсуски, ҳозир ана шундай ҳолатлар кўпайиб кетди. Тормозни босиб, автоҳалокатнинг олдини олиш ўрнига “Мен ҳақман” дея машинасини учиртириб келаверадиган ҳайдовчилар сони ошди.

Автоҳалокатлар сони ортишида пиёдаларнинг ҳам улуши салмоқли. Уларда ҳам кўчаларда юриш, кесиб ўтиш маданияти йил сайин ўтмаслашиб кетаяпти. Мисол учун, светафор билан бошқарилмайдиган пиёдалар ўтиш йўлакчаларида кўпинча гувоҳ бўламиз, кап-катта ақли расо одамлар ҳам автотранспорт воситалари йўлакчага 3-4 метр қолганда ҳам чиқиб келаверишади. Ахир пиёдага ҳам Яратган ақл берган, келаётган автомобилнинг тезлигини инобатга олиб, кейин йўлни кесиб ўтсалар, кун сайин йириклашиб бораётган рақамлар ортга чекинарди. Ёки айрим бефаросат пиёдалар борки, икки метр нарида турган йўлакчадан ўтмай, кўчанинг хоҳлаган жойидан ўтишади. Яна аксарият ёшларимиз бундай йўлакчаларда қулоқчин тақиб олиб, имиллаб юради. Унинг ўтишини кутиб турган турна қатор автомашиналар бундайларнинг парвойига ҳам келмайди.

Аҳамият берган бўлсангиз, ҳозирда катта-катта юк машиналари ҳайдовчиларининг аксарияти 20-25 ёшлардаги йигитлар. Бирор жойдан юк ортса, қаторлашиб йўлга чиқади ва бири-бири билан пойга ўйнайди. Тасаввур қилинг, бундай юк автомашиналар юқори тезликда кетаётганда тормозни мажбурий босишга тўғри келиб қолса, қанча масофагача сурилиб боради? Ёки орқа ойнасига “У” (“Ўқувчи”) белгисини қўйиб олган айрим ҳайдовчилар борки, автоуловни ҳали яхши бошқара олмайди, лекин ҳаракат тиғиз кўчаларда довдираб, бошқа автотранспорт воситаларининг ҳаракати хавфсизлигига раҳна солиб юради.

Яқинда бир дўстимнинг машинаси орқасидан аёл ҳайдовчи келиб урибди. Автоҳалокат бўлган жойга бордим. Дўстимнинг пешонаси ёрилган, унга “етиб олган” аёлни Аллоҳ асрабди, бирон жойи тирналмаган. Машиналар яхшигина шикастланган. “Синглим, светафорда тўхтаб турган машинани қандай кўрмаслигингиз мумкин?”, деб унга мурожаат қилдим. “Ака, кечирасизлар, кўрдим, лекин машинани тўхтатиш учун тормозни босиш ўрнига газни босиб юборибман”, деди. Тасаввур қилинг, тормоз босиш керак бўлган жойда газ босилса, автоҳалокатларнинг оқибати янада аянчли тус олади-ку…

Яна бир оғриқли жиҳат: ҳайдовчилик курсларини тугатаётган ёшларнинг аксарияти йўл белгиларини, ҳатто республикамиз йўлларидаги транспорт ҳаракати қайси томон қоидалари бўйича амалга оширилишини ҳам билишмайди. Бу каби битирувчилар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бошқармаларида ўтказиладиган имтиҳонлардан қандай ўтаяпти экан?…

Кўпинча ижтимоий тармоқларда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун тайинланган жарималарга эътирозлар билдиришади. Уларнинг баландлиги, буни тўлаш учун эса бизда аҳоли даромадларининг пастлигини иддао қилишади. Аммо улар қоидабузарлик ортидан содир бўладиган автоҳалокат оқибатлари барча давлатларда ҳам бирдек аянчли эканлигини ўйлаб кўришганмикан. Қолаверса, қоида бузмай автомобиль бошқариш мумкин. Мамлакатимизда йиллар мобайнида қоида бузмай ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ҳам талайгина.

Хорижда аҳвол қандай?

Албатта, йўл-транспорт ҳодисаларининг ортиб кетиши фақат бизга хос муаммо эмас, бундан бутун дунё жабр чеккан. Аҳамиятли томони шундаки, жаҳон мамлакатларида бу иллатга қарши кенг миқёсда ва катта кўламда кураш олиб борилмоқда ва оқибатда одам ҳавас қиладиган натижаларга эришилмоқда. Биз ҳар бир хорижий мамлакатнинг яхши томонларини ўрганишимиз лозим.

Чет эл қонунчилигида асосий қоидалар йўл ҳаракати қоидаларини бузганларнинг қатъий жавобгарлигига қаратилиши энг муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Бу қоидабузарликларнинг жиддийлигига қараб оғир жарималар, транспорт воситаларини мусодара қилиш, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш каби жазо чоралари қўлланилади. Шу билан бирга, қоидабузарликлар автоуловларнинг мажбурий йиллик суғуртасига ҳам таъсир қилади. Масалан, Германияда ҳайдовчи бир йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жаримага тортилса, унинг келаси йилги мажбурий суғурта суммаси икки баробарга, иккинчи мартада эса уч, учинчи марта содир этса бир неча баробарга ошади. Шу сабабли, қоидабузарлар суғуртага бир неча баравар кўп пул тўламаслик учун йил давомида автомобилдан фойдаланмасликка мажбур бўладилар.

Статистикага кўра, дунёдаги энг жиддий қоидабузарликлар тезликни ошириш, маст ҳолатда ҳайдаш, қизил чироқдан ўтиш ҳисобланади. Бу ҳуқуқбузарликлар учун дунёнинг деярли барча мамлакатларида энг катта жарималар белгиланган. Белгиланган тезликдан ошиб кетиш бахтсиз ҳодисаларнинг 40 фоизигача сабаб бўларкан.

Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, ривожланган мамлакатларда автоуловларнинг бахтсиз ҳодисаларини рўйхатга олиш ва олдини олиш тизими, биздаги мавжуд амалиётдан фарқли ўлароқ, санкцияларнинг жиддийлиги ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жазо чораларини амалга ошириш учун яхши ишлайдиган тизим билан ажралиб туради. Хусусан, ҳайдовчиларнинг мулкий жавобгарлиги кенг бўлиб, жарималар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш, қоидабузарликларнинг сони ва жиддийлигини автоуловларни мажбурий йиллик суғуртаси учун тўланадиган ҳақ билан боғланади. Шунингдек, қоидаларни бузганлик учун жарималарни тўламаганлик учун транспорт воситаларини мусодара қилиш тизими жорий этилганлиги ҳам ҳайдовчилар ҳушёрлигини оширади.

Умуман олганда, чет элда ҳайдовчилар билан бевосита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими билан алоқани қисқартириш тенденцияси мавжуд. Кўпгина давлатларда ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва кўриб чиқиш деярли электрон тизимга ўтказиб бўлинган. Бундай тизим нафақат қоидабузарликларни, балки коррупциянинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Яна шуни таъкидлаш керакки, хориждаги жарима ва жазоларнинг қаттиқлиги муаммога ижобий ечим топаётганини ишончли тарзда исботламоқда.

Жазолардан кимлар норози?

Албатта, бундан жуда кўп қоида бузадиган ҳайдовчилар норози. Энди шу ўринда дўппини четга қўйиб, бир ҳисоб-китоб қилайлик. Дейлик, кимдир кўчада ўзингиз ёки бирон-бир қариндошингизнинг машинасини автомобилида уриб юборди (Аввало Аллоҳ асрасин). Ўша инсон автоҳалокат натижасида оғир тан жароҳати олди. Яп-янги машинаси бир уюм темир-терсакка айланди. Энг асосийси, тирик қолди! Йўл-таранспорт ҳодисасига сабаб бўлган ҳайдовчининг инсофи бўлса-ку, хўп-хўп. Виждони қийналиб бир-икки келар, жароҳат олган инсонга моддий-маънавий кўмак берар. Бунинг учун қонуний жазосини ҳам олар. Энди танганинг иккинчи томонини ўгириб кўрайлик. Ўшанинг айби билан автоҳалокатга учраган инсон, дейлик, кимнингдир фарзанди, онаси, отаси ёки ўзи бир умр ногирон бўлиб қолса-чи?! Автоҳалокатга сабабчи бўлган шахс уни умрбод боқмайди-ку. Лекин бунинг учун давлат қонун ва ҳужжатлардан келиб чиқиб ногиронлик нафақаси тайинлайди. Қоидабузар келтирган зарар бадалини энди давлат ўша шахсга умрбод тўлайди. Шундай экан, қоида буздингизми, жарима тўлашга оғринманг.

Ахир ҳар битта йўл-транспорт ҳодисаси ортида бир эмас, ўнлаб инсонлар тақдири ётади. Жабр кўрганларга, руҳий зўриқишга учраган юртдошларимизга ўз вақтида ва ҳар томонлама кўмак бериш давлат вазифаси экан, қилар ишни қилиб жариманинг катталигидан нолиш инсофданми?…

Нима қилиш керак?

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга кўриладиган чора-тадбирларнинг ўзи билан кўзланган мақсадга етишиш қийин. Йўл ҳаракати қоидаларини назорат қилувчилар сонини кўпайтириш ортидан ҳам муаммога ижобий ечим топиб бўлмайди. Бу борада таълим-­тарбия ва тушунтириш ишлари олиб борилиши, кишиларнинг онгли равишда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишларига эришиш лозим. Бу эса илм-маърифат билангина юзага чиқади.

Юртимиз аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил қилади. Шундан келиб чиқиб, бу борада диний-ахлоқий таълимот ва тарбия ишларидан унумли фойдаланиш керак. Яъни, одамларга йўл ҳаракати одобларига риоя қилиш ҳам диний бурчлардан бири эканлигини тушунтириш лозим. Ҳамюртларимиз қоидаларга риоя қилиб, ўзгаларнинг ҳаётига хавф солмаслик учун ҳам Аллоҳнинг ҳузурида ажр-мукофотлар борлигини англаб етишса, ўша қоидаларга чин дилдан, ҳеч бир тангликсиз амал қилади.

Яна бир таъкидланиши лозим бўлган жиҳат бор. Йўл қоидасини бузган шахс жазоланади, лекин унга амал қилиб, йиллар давомида қоидаларни бирор марта бузмаганларга мукофот тариқасида ҳеч қандай имтиёз берилмайди. Демак, йўлларда қоидаларни бузмай, узоқ вақт давомида тартибли ҳаракат қилганларни рағбатлантириш чораларини ишлаб чиқиш лозим.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ рақамларда ёшларнинг ҳиссаси “салмоқли” эканига эътибор қаратган ҳолда, ҳайдовчилик гувоҳномаси бериш ёшини бирмунча ошириш ҳам мақсадга мувофиқ келиши муқаррар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 1,25 миллионга яқин инсон йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳаётдан кўз юмади, 20-50 миллион киши жароҳат олади. БМТ экспертларининг қайд этишича, йўл-транспорт ҳодисаси 15 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабчиларидан.

Маълумот ўрнида:

Ўзбекистонда январь-сентябрь ойлари давомида 4294 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган. ЙТҲлар оқибатида 1293 киши ҳалок бўлган, 3886 нафари жароҳатланган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг:

728 таси болалар,

1919 таси пиёдалар,

         579 таси велосипедлар,

        146 таси лицензияга эга бўлмаган таксилар

        ва 77 таси мотоцикллар иштирокида содир этилган.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари асосан пиёдалар йўлнинг белгиланмаган жойидан ўтиши (17,8 фоиз), белгиланган тезликка риоя қилмаслик (15,5 фоиз), велосипед йўлаклари ташкил этилмагани (6,3 фоиз), чарчоқлик ёки ухлаб қолиш (6,2 фоиз) ва автомобилни маст ҳолатда бошқариш(1,7) каби ҳолатлар оқибатида содир бўлган.

Ушбу даврда:

3,9 млн. йўл ҳаракати қоидабузарликлари аниқланган.

Шулардан 2,1 млн. тасини қўпол қоидабузариклар ташкил қилган.

Камолиддин АСҚАРОВ,

“Huquq”