Жуфтини пуллаган жувон…

16:31 - 02.11.2020

23

Ўтган йили ҳайдовчилик курсида таҳсил олган аёл Люба исмли дугонасига бир йил давомида ўзининг жуфти ҳалолиги турмушга чиқишини таклиф қилган. Бу ҳам камлик қилгандек, дугонасидан 400 АҚШ доллари олиб, қарз эвазига турмуш ўртоғини “инъом” қилган.

…Ғира-шира тонг. Катта тезликда қишлоқ кўчалари оралаб келаётган атомашина ҳашаматли дарвоза ёнида тўхтади. Шаҳд билан машинадан тушган аёл орқа-олдига қарамасдан: “Ким бор. Уйдалигингизни биламан. Дарвозани очинг!”, деганча дарвозани таққилата бошлади. Тўрт фарзандини олиб турмуш ўртоғидан сўрамасдан ота уйига кетиб қолган рафиқасининг қилган ишини ҳазм қилолмаган оила бошлиғи икки кундирки уйқу нималигини билмайди. Қанча қўнғироқ қилмасин аёли билан гаплашолмади. “Қаерга кетишди экан? Нега кетишади ўзи? Наҳотки бир оғиз сўрамасдан, ҳеч нарса демасдан кетиш мумкин бўлса. Ёки бирор кор ҳол бўлдимикан.
Йўқ-йўқ бирор гап бўлса дарров хабар топишим керак-ку. Қаерда бўлиши мумкин…” Узундан-узоқ хаёлларга берилган Софдил кимдир чақираётганини эшитибоқ кўчага отилди….Эшикдан ўқдек отилиб кирган аёли “Мен сиз билан ортиқ яшамайман. Фарзандларим билан Самарқандда ота-онамнинг уйида яшайман. Зудлик билан юк машина чақириб беринг! Ҳозироқ нарсаларимни олиб кетаман”, деганча буюмларини йиға бошлади. Софдилнинг “Нима бўлди ўзи Нега кетяпсиз? Болалар қани? Кетишингиз сабабини тушунтириб беринг?” каби саволлари ҳавога учди. “Чақирмасангиз ўзим чақираман”, деганча аёл кимгадир қўнғироқ қилди…Саволларига жавоб ололмаган Софдил зудлик билан етиб келган юк машинасига уйдаги барча жиҳозлар, мебелдан тортиб эскириб қолган супургигача ортган аёлини умуман тушунмади. Сиғмаган буюмларни қўни қўшниларга тез фурсатда сотган аёл машинага ўтирдию, 18 йиллик турмушини “пуч”га чиқариб кетди. Шеробод туманида бўлган бу воқеа барчани ҳайратга солди. Наҳотки, ўзбек аёли ўз турмуш ўртоғини дугонасига сотиб кетса-я…– Тўғрисини айтсам, бу воқеага гувоҳ бўлганим учун ишонмасдан иложим йўқ, – дейди Шеробод туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилором Мажидова. – Ўзбек аёлидаги садоқат, вафо, сабр-тоқату нафосат хислатларини унутган самарқандлик келин гулдек оиласини нафс йўлига қурбон қилди. Аёлнинг бойликка ўчлиги, ҳаддан ташқари орзу-ҳавасининг қули бўлгани оиласининг барбод бўлишига олиб келди. Калтабинлик оқибатида фарзандларини отасиз улғайишга маҳкум қилган аёлдан ҳеч нарса умид қилиб бўлмайди. Тор дунёқараш билан бу аёл тўрт фарзанднинг тарбиясига қай даражада ёндашади. Унинг тарбиясидаги фарзандлардан келажакда нимадир умид қилиш мумкинмикан?! Қонуний ажрашмасдан туриб, ҳеч кимнинг рухсатисиз қайнота-қайнонасига тегишли буюмларни олиб кетгани, энг ачинарлиси, дугонасига турмуш ўртоғини 400 долларга сотганини қайси қолибга сиғдириш мумкин? Бу ҳурматсизлик, тарбиясизлик белгиси. Бундан бошқа нарса эмас. Воқеа юзасидан тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида қайнона- келинлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди. Қонуний ажримсиз мол-мулк талашган, ҳеч кимнинг рухсатисиз, иштирокисиз ўзгаларга тегишли нарсаларни сотган, қолганини олиб кетган аёлдан ҳеч нарса кутиб бўлмайди. Наҳотки, ўзбек аёли турмуш ўртоғига нисбатан шундай ҳаётни раво кўрса… – туманидаги “Галагузар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Обиджон Валиев.Шу ўринда савол туғилади. Наҳотки, аёлнинг ота-онаси, қариндош-уруғи бу ишларга бепарво қараб турган бўлса? Тўрт фарзанд билан бу аёл ҳозирги кунда кимнинг уйига сиғади? Ота тарбиясига муҳтож фарзандлар эрта бир кун катталарни кечирармикан?. Нима бўлганда ҳам, фарзандларнинг келажаги учун ота-она бирдек масъул. Айниқса, оталарнинг ўрни беқиёс.Қизим ҳам куёвим ҳам маслаҳат оладиган эмас, маслаҳат берадиган, кишиларга йўл-йўриғ кўрсатадиган ёшда, – дейди келиннинг онаси. – Қизим шу қарорга келган бўлса, мен нима ҳам дердим. Турмуш ўртоғисиз тўрт фарзандини боқишга, тарбиялашга кўзи етгандирки, ажрашишга қарор қилган. Оиланинг мустаҳкамлиги, фарзандлар тарбиясига кўпроқ эътибор бериш эркакнинг вазифаси эканлигини куёвим англаб етганда эди, бундай бўлмасди.

Нигина ШОЕВА,

журналист