Тил тўғрисидаги қонун талаблари қачонгача бузилади ?

17:31 - 30.10.2020

36

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг нуфузини тубдан оширишга қаратилган чоралар кўрилмоқда. Чунончи, Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ўзбек тилини ривожлантириш бўйича стратегик режалар белгилаб берилган бўлса, жорий йил 21 октябрь куни илк бор мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни нишонланди.

Бироқ, она тилимизга нисбатан ҳурматсизлик ҳамда “Давлат тили ҳақида”ги қонун ва соҳага оид бошқа ҳужжатлар ижросида камчилик ва муаммолар ҳам учраб турганини эътибордан соқит қилиш керак эмас. Жумладан, прокуратура органлари томонидан бу борада олиб борилган ўрганишлар натижасида давлат бошқаруви, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа идоралар фаолиятида 15 мингдан ортиқ давлат тили ҳақидаги қонун талаблари бузилган ҳолат аниқланди. Масалан, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 31 йил бўлган бўлса-да,  иш  ҳужжатларини  рус  тилида юритиш ҳолатларига чек қўйилмаган. Қонун талабига кўра ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилиши лозим бўлгани ҳолда, давлат бюджетидан молиялаштириладиган вазирлик ва идораларда бухгалтерия ва ҳисоб-китоб ишлари «УзАСБО» электрон дастури орқали тўлиқ рус тилида юритилмоқда.

Айрим ҳолатларда эса иш ҳужжатларини юритишда ўзбек тилининг илмий қоидаларига риоя этилмай, кўплаб имловий ва бошқа хатоларга йўл қўйиляпти. Бу борадаги 5 мингдан ортиқ қонун бузилишлар асосан халқ таълими, мактабгача ва олий таълим муассасалари, бандлик, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа идоралар фаолиятида аниқланган.

Қонунлардаги айрим коллизион ёки амалда ишламайдиган нормалар тил тўғрисидаги қонун талаблари бузилишига шароит яратган. Хусусан, «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги белгиланган.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида эса Ўзбекистон ҳудудида реклама ўзбек тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилиши белгиланган.

Бундай ўзаро зид нормалар оқибатида ахборот берувчи матнларда кўплаб қонун бузилишлари учрамоқда. Масалан, Мирзо Улуғбек тумани Юзработ кўчасидаги реклама ва ахборот матнларининг 277 тасида, Мирзо Улуғбек шоҳкўчасида 77 тасида, Темур Малик кўчасида 91 тасида, Боғишамол кўчасида 76 тасида реклама ва эълонлар фақат хорижий тилда ёки имловий хатолар билан ёзилган. Ўрганишда Самарқанд вилоятида давлат тили ва имло қоидаларига риоя қилинмаган 5816 та, Андижонда 1483 та, Наманганда 475 та ва Навоийда 300 та эълон ва ёзувлар аниқланиб, алмаштирилиши таъминланди.

Таъкидлаш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси (Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) диспозициясида асосан таълим олишга тўсқинлик қилиш ёки тилни менсимаслик учунгина жавобгарлик белгилангани бу модданинг тўлақонли ишлашини чекламоқда. Хусусан, 2018-2019 йиллар ва жорий йилнинг 9 ойида судларда бу модда билан боғлиқ атиги 3 та иш кўрилган, холос.

Географик объектлар ва фирмаларнинг номланишида қонунчилик талабларига риоя қилинмаган. Хусусан, Қибрайда Вишка ва Лагерний номли тоғ, Бўстонлиқда Меловой довони, Попда Королевское олтин кони, Арнасойда Пограничний коллектори, Конимехда Песчаное олтин ва Високовольтное кумуш конлари, Сариосиёда Дрибова сойи каби географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилмаган. Бухоро туманида Патпут, Чироқчида Ҳезалак номли сойлар, Томдида Наркоман номли дўнглик ва Жондорда Лоло номли аҳоли пункти каби қўпол ва тушунарсиз номларни алмаштириш масаласи кўриб чиқилмаган.

Ачинарлиси, айрим фирмаларни номлашда сўзнинг асл маъноси тушунилмай, услубий жиҳатдан нотўғри қўлланмоқда. Масалан, фармацевтика ва тиббий йўналишдаги аксарият фирмалар ўз номига инглиз тилидаги «farm» сўзини қўшган («Shamshod farm shifo», «Zebiniso med farm», «Apteka farm» ва б.). Ваҳоланки, ушбу сўз ўзбек тилида «ферма» маъносини билдириб, тиббий соҳага алоқаси йўқ.

Тилга эътибор миллатнинг эртанги куни ҳамда бошқа миллатлар олдидаги нуфузини белгилайди. Шунинг учун давлат тили ҳақидаги қонунга сўзсиз риоя қилиш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.