Муҳтожлар четда қолган, уйи борлар эса яна уйли бўлган

17:45 - 30.10.2020

14

Кам таъминланган, муҳтож оилаларнинг ижтимоий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир пайтда, айрим мутасаддилар ваколатидан фойдаланиб, ўзибўларчиликка йўл қўйишмоқда. Масалан, хотин-қизларга арзон уй-жойлар ажратилиши масаласида оилавий шароити тўлиқ ўрганилмасдан, ҳақиқатан муҳтож бўлмаган 100 дан ортиқ аёлга уй берилган. Жумладан, гарчи Наманган туманида 5 нафар 1-гуруҳ ногирони бўлган аёллар уйга муҳтож сифатида рўйхатга олинган бўлса-да, 2-гуруҳ ногирони бўлган аёлларга уйлар ажратилган. Наманган туманида эса 51 нафар муҳтож навбат кутиб турганига қарамай туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси С.Бозорова онаси Ж.Бозоровани оғир вазиятга тушиб қолган оилалар рўйхатига киритиб, унга кўп қаватли уйдан 2 хонали хонадон, шунингдек, ўзига ҳам 2 сотихлик 3 хонали уй ажратилишига эришган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ҳокимининг ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Сиддиқова ҳамда қўмита мутахассиси С.Бозорова интизомий жазога тортилди. Ж.Бозоровага ажратилган 2 хонали хонадон 1-гуруҳ ногирони Ю.Боқиевага олиб берилди.

Шунга ўхшаш ҳолат Андижон туманида ҳам кузатилди. 5 нафар аёл уйга муҳтожлар рўйхатига асоссиз киритилгани аниқланиб, уларнинг ўрнига ҳақиқатан муҳтож аёллар рўйхатга киритилди ва туман ҳокими ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Зокировага нисбатан интизомий жазо қўлланилди.

Айрим мутасаддилар эса муҳтожлиги туфайли ёрдам сўраб келганларнинг ишини ҳал қилиш ўрнига тамагирлик қилишган. Жумладан, Шеробод тумани хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Н.Омонов вилоят хотин-қизлар қўмитасида ишловчи танишлари орқали уй масаласини ҳал қилиб бериш эвазига фуқаро Д.Бектошевадан 7 млн. сўм пора олганида ушланган.

Оғир вазиятга тушиб қолган аёлларнинг аризасини рўйхатга олиш журнали тўғри юритилмагани, жумладан, 20 та аёлнинг аризаси рўйхатга олинмагани ва ҳудудий комиссияга берилмагани аниқланиб, Нишон тумани ҳокимлик бош мутахассиси Х.Мамадиёрова интизомий жавобгарликка тортилган.

Шаҳрисабз шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги комиссия эса 50 нафар аёлнинг мурожаатини кўриб чиқмасдан рад жавоби берган.

 Прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан вилоят ва туман ҳокимликларига 45 та тақдимнома киритилди. 9 киши интизомий, 1 киши маъмурий жавобгарликка тортилди. 2 та жиноят иши қўзғатилиб, уй берилиши асоссиз рад этилган 6 нафар аёлга уй ажратилиши масаласи ижобий ҳал этилди.