Ўн миллионга 6 сотих ер…

17:02 - 28.10.2020

513

                Шовот туманидаги Янгитурмуш маҳалласида яшовчи фуқаро У.А. департаментнинг туман бўлимига ариза билан мурожаат қилди.

Унда кўрсатилишича, Қиёт қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро М.С. унинг  тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида юрганлигидан хабар топиб, унга шу қишлоқдан 600 м2 ер майдони ажратилишида туман архитектура ва қурилиш бўлимида ишловчи мансабдор танишлари орқали ёрдам беришини айтган. Бу ишларни битириш учун эса олдиндан 7 миллион сўм ва эгалик ҳуқуқи белгилаш тўғрисидаги қарор чиқартирилгандан кейин яна 3 миллион сўм беришини талаб қилган. 

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ва Шовот тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда М.С. ҳамқишлоғи У.А.га ваъда қилган ер майдони учун сўралган пулнинг 5 миллион сўмини олаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. 

Қилмиш-қидирмиш деганларидек, энди ҳуқуқбузар ўз қилмишларига яраша қонун олдида жавоб беришига тўғри келади. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Шовот тумани бўлими томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмоқда.

Шуҳрат ИСКАНДАРОВ,

департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори