Икки миллионга нархланган бола

11:00 - 28.10.2020

68

Халқимизда “Болали уй бозор – боласиз уй мозор”, деган мақол бор. Аллоҳ фарзанд неъматини ҳаммага ҳам ато қилавермайди. Айрим оналар борки, шундай буюк неъматнинг қадрига етмай, боладан қутулиш учун уни бозорга солади. Сурхондарё вилоятида ана шундай жиноят содир бўлди.

Марина Унгренова асли туркманистонлик. Қўшни Республиканинг меҳрибонлик уйларидан бирида катта бўлган Марина вояга етганидан сўнг ризқини қидириб Ўзбекистонга келади. У Сурхондарё вилоятида турли юмушларни бажариб, пул топиб юрган пайтида деновлик Фарҳод Мадаминов билан танишиб қолади. Икки ёш бир-бирига маъқул келиб турмуш қуришади. 2012 йилда ўғил фарзанд кўришади. Ота ўғлининг исмини паҳлавон бўлсин, деб Маҳмуд қўяди.

Орадан тўрт йил ўтгач, Фарҳод пул топиш учун Россияга жўнайди. Турмуш ўртоғи кетгач, М.Унгренова фарзанди билан Тошкент вилоятига келиб, бир фермерга тегишли иссиқхонада ишлай бошлайди. 2017 йилда Россиядан қайтиб келган Фарҳод турмуш ўртоғи ва фарзандини қидириб топади. Аввалгидек бирга яшашни айтади. Аммо Маринанинг уйга қайтгиси келмайди, ўғлини бериб юборишга рози бўлади. Норасида Маҳмуд бир йилдан ошиқ вақт мобайнида отаси билан яшайди. 2018 йилда эса М.Унгренова жанжал-тўполон қилиб ўғлини отасидан олиб кетади.

2020 йилнинг январь ойида М.Унгренова таниши Олтиной Бозоровага ўғлини боқишни истамаётгани, агар оладиган одам бўлса, уни сотиб юбориш ниятида эканлигини айтади. Саккиз ёшли норасида болага раҳми келган О.Бозорова бу ҳақида департаментнинг Ангор тумани бўлимига ариза билан мурожаат қилади.

Жорий йилнинг 5 февраль куни департамент ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорликда ўтказган тадбирда М.Унгренова ўзининг 8 ёшли фарзандини 2 млн. сўмга сотаётган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди. 
Суд М.Унгреновага уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. У жазони ҳам ўтаб чиқар, аммо сотаётган пайтида кап-катта бўлиб қолган, онасининг мазкур ҳаракатларини тушунган фарзанди уни кечирармикан? 

Бекзод Ҳамроев,

департаментнинг Ангор тумани бўлими бошлиғи