Ўзбекистон Республикаси Президенти АҚШ делегациясини қабул қилди

09:22 - 21.10.2020

3

20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Америка Қўшма Штатлари Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Кеннет Маккензини қабул қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари муҳокама қилинди.  Хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар ҳамда глобал хатарларга қарши курашиш мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди.

Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу мамлакатнинг иқтисодий тикланишига амалий кўмак кўрсатиш юзасидан фикр алмашилди.

Икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Генерал Маккензи Ўзбекистон Республикаси Президентига учрашув учун самимий миннатдорлик билдириб, АҚШ мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш борасида қатъий эканини таъкидлади.