СОБИҚ ХОДИМЛАРГА ЯКУНИЙ ТЎЛОВЛАР УНДИРИБ БЕРИЛМОҚДА

14:42 - 15.10.2020

2

2020 йилнинг сентябрь ойида ижтимоий тармоқлар орқали бюронинг
энергия ресурслари ва қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларни
ундириш соҳасидаги штатлари қисқартирилган ходимлар номидан иш ҳақива унга тенглаштирилган кафолатли тўловлар тўланмаётганлиги ҳақида хабарлар тарқатилди.

Ушбу хабарлар ўрганилди. Маълумки, жорий йилнинг 18 июнь куни давлатимиз раҳбарининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан бюронинг электр энергияси, табиий газ ва маиший чиқинди учун тўловларни ундириш вазифаси бошқа идораларга ўтказиши муносабати билан бюро органларидаги масъул ходимларнинг штат бирликлари қисқарди. Фармон талабларидан келиб чиқиб, ҳудудий бошқармалар томонидан қисқартирилган ходимлар рўйхати тузилиб, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда «Ҳудудгазтаъминот» АЖга тақдим қилинди. Ҳозир ходимларни таъминотчи корхоналар билан ҳамкорликда иш билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Собиқ ходимларнинг барчасига товон пули тўлаб берилган. Ҳозир 5 мингдан ортиқ собиқ ходим учун иш ҳақи ва унга тенглаштирилган кафолатли тўловларга эҳтиёж борлиги аниқланиб, 30 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди. 2020 йилнинг 2 октябрь куни ижтимоий тармоқларда «Иш билан таъминлашларидан умидни уздик, ҳеч бўлмаса тегишли ҳақимизни ўтказиб беришсин» сарлавҳали хабар жойлаштирилди. Ушбу хабар юзасидан бюронинг Қашқадарё вилояти бошқармасидаги 383 нафар собиқ ходим учун 3 млрд. 822 млн 281 минг сўм якуний ҳисоб-китоб пули тўлаб берилди, ҳозир қолган 56 нафар ходимга ҳисобланган 498 млн. 669 минг сўм пул тўлаб берилаётгани ҳақида расмий муносабат билдирилди. Собиқ ходимларни ишга жойлаштириш, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳақида тушунтириш бериш юзасидан ҳар бир ҳудудий бошқармада масъул ходимлардан иборат гуруҳлар ташкил этилди. Шуни таъкидлаш керакки, собиқ ходимларнинг мурожаатларини қабул қилиш, меҳнат қонунчилигига амал қилиниши, иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг тўланиши масалалар бўйича бюронинг марказий маҳкамасида тузилган гуруҳга мурожаат қилиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам кун давомида келиб тушаётган мурожаатларга зудлик билан жавоб қайтариш ва ёрдам кўрсатиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бироқ шуни ҳам айтиш лозимки, ҳозиргача собиқ ходимлардан иш ҳақи ва унга тенглаштирилган маблағларнинг тўлаб берилмагани ва бу борада қонунбузилишлар мавжудлиги ҳақида мурожаат келиб тушмаган. Юқоридаги каби ижтимоий тармоқлар орқали шахси очиқланмаган фуқаролар томонидан йўлланаётган хабарлар доим ҳам асосга эга бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун бу борада фуқароларимиз ишчи гуруҳ ёки бюронинг марказий маҳкамасига мурожаат этишлари мақсадга мувофиқ.

Сарварбек Юнусов,

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ бошқарма бошлиғи