САВОДСИЗЛИКДАН САҚЛАЙДИГАН ОЗУҚА

15:47 - 15.10.2020

4

«Ҳуқуқ» газетасининг 2020 йил 24 сентябрь сонида Норбўта Ғозиевнинг «Янги тўн» юки ёхуд профессионал журналистика ва хашаки блогерлик хусусида» сарлавҳали мақоласи чоп этилган. Унда жамиятимизда газета мутолаасининг аҳамияти хусусида, айнан газета ўқиш аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигининг юксалишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.

Ҳар бир инсон дастлабки тарбияни оилада олади. Кейин эса мактабга боради. Жамоада ўзини қандай тутишни ўрганади. Маънавий озуқа олиш, чин инсон бўлиб етишишда газета ва китоб мутолаасининг ўрни беқиёс. Мутолаа инсонни комиллик сари етаклайди, дунёқарашини бойитади, нутқини ўстиради, саводини мустаҳкамлайди. Бугун биз ахборот асрида яшаяпмиз. Шунинг учун одамлар газета ва китоб ўқишдан кўра кўпроқ ижтимоий тармоқлардан фойдаланаётгани сир эмас. Аммо улардаги мақолаларнинг ҳаммаси ҳам юксак даражада деб бўлмайди. Эълон қилинаётган хабар ва мақолаларнинг аксарияти саводсизларча ёзилган. Ёшларимиз шу хатолар ичра улғаймоқда. Оқибатда саводсизлик кучаяяпти.

Айни вақтда «Twitter», «Faсebook», «Telegram», «Одноклассники», «Viber», «Instagram» каби ижтимоий тармоқлар оммалашган. Мен улардаги хабарларни ўқишдан кўра уларга ёзилган шарҳларни кўпроқ кузатаман. Уларнинг матнига эътибор берсак, имловий хатолар ва турли сўзлар қисқартирилганидан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ. Масалан, «Ассалому алайкум» сўзлари Аа, «Ваалайкум ассалом» эса вал.а, «нима гаплар» нма гапла, «телефон қилинг» тел қ-нг, «нега» не, «ҳа» ҳи ёки ҳ тарзида ёзилаётгани саводсизликнинг бир кўриниши эмасми?.. Нутқимизда энг кўп қўлланадиган сўзларнинг бу тарзда қисқартирилиши тўғрими? Бу кетишда сўзлар ҳарфлар билан эмас, тиниш белгилари-ю турли смайликлар билан ёзилса ажаб эмас.

Бугун бутун дунёда пандемия туфайли мактаблардан тортиб университетларда ҳам дарслар онлайн тарзда ўтилмоқда. Ўқитувчилар ўз ўқувчилари учун ижтимоий тармоқларда гуруҳлар ташкил қилиб, шу орқали вазифа беришмоқда. Ачинарлиси, баъзи ўқитувчилар мана шундай гуруҳлар орқали ўқувчилари билан гаплашаётганда юқоридаги каби қисқартмалардан фойдаланаяпти, сўзларни ёзишда имло хатоларига йўл қўйишаяпти. Қовун қовундан ранг олади деганларидек, уларнинг ўқувчилари келажакда диктант ва иншоларни қандай ёзар экан?Республикамизда ҳозир бир қанча телеканаллар фаолият юритмоқда. Уларда ҳар куни кўплаб лавҳалар берилади. Ҳатто бир лавҳа узатилаётган пайтда унинг тагида бошқа бир хабар матн шаклида намойиш қилинади. Ёки лавҳани ким тайёрлагани ва тасвирчи кимлиги ҳақидаги титрлар ҳам экранда пайдо бўлади. Мана шу ёзувларда ҳам кунда бўлмаса ҳам кунора хатоларга гувоҳ бўлаяпмиз. Сабаби айни вақтда техник ходимларнинг аксарияти ёшлар. Ёшларимиз эса афсуски, газета ва китоб ўқимаган. Саводи нимкала. Тан олишимиз керак, ижтимоий тармоқдаги мулоқотларда сўзларни тўлиқ, тиниш белгиларини тўғри қўйиб ёзадиганлар кам. Аслида сўзларни хато ёзиш аввало ўзини ҳурмат қилмасликнинг белгисидир. Чунки саводсизлик, хато ёзиш ҳаётда одамга доимо панд беради, шахсни обрўсизлантиради. Юқоридаги муаммоларга ечим бўлиши учун яқинда Вазирлар Маҳкамасининг «2020 – 2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.Унга кўра 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури ҳамда дастурни 2020 – 2021 йилларда амалга ошириш режаси тасдиқланади. Дастурда китобхонликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш, «Энг яхши китобхон ҳудуд» рейтингини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, китобхонлик йўналишида учрайдиган муаммоларни муҳокама қилиб борувчи «Китобхонлар кенгаши» фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Таълим муассасалари ва ҳудудий кутубхоналарни «Ягона электрон кутубхона» лойиҳаси асосида бирлаштириш ҳам мақсад қилинган. Ҳужжатга мувофиқ 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг бошида «Китобхонлик ҳафталиги» ўтказилади.

Шунга монанд корхона ва ташкилотларда, барча таълим муассасаларида ҳафтанинг бир кунини «Мутолаа куни» сифатида белгилашни таклиф қиламиз. Шу куни ўқувчи ёки талаба ўтган ҳафтада ўқиган эртак, қисса, роман ёки бирор газетада чоп этилган долзарб мавзудаги мақолани ўқитувчиси олдида батафсил баён қилиб берса, айни муддао бўларди. Ёшларнинг дунёқараши кенгайиб, ҳаётда бўлаётган янгиликларга теран нигоҳ билан қарайдиган, турли усуллар билан тарқатилаётган ҳар хил уйдирмаларга ишонмайдиган, аксинча, ўзининг холис ва адолатли фикри билан жавоб қайтарадиган бўлар эди.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»