ПАХТА БАҲОНА 107 МИЛЛИОНЛИК ЎЙИН

16:53 - 15.10.2020

2

Пахтадан тўқсондан зиёд маҳсулот олинади. Аслида пахтачилик мамлакатга фойда келтирадиган баракали соҳа бўлиши керак. Аммо ўроқда йўқ, машоқда йўқ айрим кимсаларнинг хирмонда ҳозиру нозир бўлиб, эл ризқига чанг солиши ачинарлидир.

Яна куз келди. Пахта теримига киришилди. Айни пайтда ўтган мавсумда кузатилган талон-торож билан боғлиқ жиноят тафсилотини сабоқ ўрнида эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

– Сирдарёга пахта теримига кетаётганларга 1 млн. сўмдан берилаётган экан…

– Жиззахга теримга борадиганларга ҳам… Бекор ҳам юрибмиз. Отланинг, теримга борамиз! Уч-тўрт млн. сўмдан пул ишласак ёмонми?!

– Тўғри айтасиз. Терим пулидан ташқари йўлга чиқишдан аввал 1 млн. сўмдан пул ҳам берилар экан…

Бундай суҳбатлар кўпчилигимизга бегона эмас. Сабаби, машаққат билан етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш катта эътибор ва масъулиятни тақозо этади. Қуёшли кунларни ғанимат билиб, ишсиз кишилар иштиёқи, хоҳишига қараб теримга жалб қилинади.

Албатта, уларга ҳақ тўлаш баробарида қўшимча мукофот ва имтиёзлар тақдим этилади. Чунки рағбат ва эътибор иш унумини оширади. Мингбулоқ тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори Сардор Холмирзаев эса ишонч ва эътиборга муносиб бўлиш ўрнига эгри йўлни танлади. У 2019 йил 12 июндан ушбу лавозимга тайинлангач «Давринг келди, суриб қол» қабилида иш тутди.

2019 йилнинг октябрь ойи. Ҳашарчилар билан бир марталик рағбатлантириш борасида тузилган шартномага мувофиқ Жиззах ва Сирдарёга пахта теримига жалб қилинаётган 140 кишининг ҳар бирига 1 млн. сўмдан пул бериш ўрнига 500 минг сўмдан берди-ю, 71 млн. 500 минг сўмни киссага урди.Яна 36 киши номига бир марта тўланадиган ҳақ ёзиб, тўлов қайдномаларини қалбакилаштириб, 36 млн. сўмни ўзлаштирди. 107 млн. 500 минг сўм озми ёки кўп?!

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-қарорида жамоат ишларига жалб этилганларга ҳақ тўлаш тартиби кўрсатилган. Сардор Холмирзаев бу имкониятни ҳам айни муддао билди. Мингбулоқ туманидаги 8 та маҳаллада аслида жамоат ишларига жалб этилмаган 28 кишини «ишга жалб этилди» тарзида расмийлаштириб, уларга 18 млн. 547 минг 900 сўм иш ҳақи ҳисоблайди. Табиийки, уларнинг имзосини ҳам ўзи қўйиб қўя қолади. Шу усул билан 128 млн. 439 минг сўм пул талон-торож қилинади.

Аммо ҳар ишнинг ҳисоби бор. Ўзгалар ҳаққига қилинган хиёнатнинг жавобини бериш фурсати келди. Суд Сардор Холмирзаевнинг қилмишини кўриб чиқиш асносида жиноят оқибатида етказилган зарар тўлиқ қопланганини эътиборга олиб жазо тайинлади. У бир йилу олти ойга раҳбарлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда шунча муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилди.

Нодирбек УСМОНОВ,

Мингбулоқ тумани бўлими бошлиғи