АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР

15:06 - 15.10.2020

2

Фарғона вилояти прокуратураси томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлашга оид қонун ҳужжатлари ижросига алоҳида эътибор қаратилган. Хотин-қизларга ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Хусусан, 288 нафар аёл ишга жойлаштирилди, 147 нафарига 53 млн. сўмлик моддий ёрдам, 9 нафарига даволаниш учун йўлланма берилиши таъминланди. 5 кишига ногиронлик аравачаси олиб берилди. 11 нафар аёлга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 201 млн. 400 минг сўм кредит ажратилди. 19 нафар аёлнинг фарзандлари мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилди, 33 нафар аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, Фарғона шаҳрида яшовчи М.Аҳмаджонованинг вилоят прокурори ўтказган сайёр қабулдаги мурожаатига асосан уйини таъмирлаш учун қурилиш маҳсулотлари олиб берилди.

Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш борасидаги тадбирлар давомида 706 та ажримнинг олди олинган, ноқонуний яшаётган оилаларнинг 518 таси қонуний никоҳдан ўтказилган. Хотин-қизларнинг бандлиги таъминланмоқда. Ишга туширилган 47 та цехда 508 нафар аёл ишли бўлди. Бундан ташқари тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган хотин-қизларга 11 млрд. 200 млн. сўм кредит ажратилди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва унинг туман-шаҳар бўлимлари томонидан жиноятчи аёл ва қизларнинг оилавий шароити уйма-уй юриб ўрганилган. Ўтказилган тадбирлар натижасида 296 нафар хотин-қизнинг оиласи нотинч хонадонлар рўйхатидан чиқарилган. Жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган 29 нафар хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, моддий ёрдам кўрсатилган, 20 нафари ишга жойлаштирилган.

Хотин-қизлар ҳуқуқларига тааллуқли 239 та мурожаатнинг 146 таси вилоят, туман ва шаҳар прокуратуралари томонидан ҳал этилди. Уларнинг 56 таси қаноатлантирилди, 19 нафар хотин-қизнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 90 та мурожаат бўйича эса тушунтириш берилди. Хусусан, вилоят прокурорининг Данғара туманида ўтказилган сайёр қабулида тадбиркорликни йўлга қўйиш учун кредит олишда ёрдам сўраган М.Маҳмудовага 27 млн. 600 минг сўм, О.Маматқуловага 19 млн. 800 минг сўм, С.Ашуровага 18 млн. сўм, С.Кийиковага 8 млн. сўм кредит ажратилиши таъминланди. Шунингдек, Қўқон шаҳрида яшовчи М.Ҳамдамова, Р.Ўлмасова, Н.Бурхонова, Н.Қодированинг 1 млн. 300 минг сўм қарзи ҳомийлар ҳисобидан тўлаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига риоя этилиши назоратга олиниб, қонунбузилишларнинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар ўрганилиб, муносабат билдирилаяпти. Хусусан, Қўқонда яшовчи Н.Х.нинг «Телеграм» тармоғи орқали шаҳардаги хусусий клиника раҳбари Х.Н. карантинга олингани тўғрисидаги хабари ўрганилган. Қўқон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасининг маълумотига кўра Х.Н.да коронавирус касаллиги аниқланмаган. Ижтимоий тармоқда ёлғон хабар тарқатган Н.Х.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Бу йил хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш хусусида 3 та тақдимнома киритилди, 7 нафар масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилди, 26 нафар хотин-қизнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Комилжон АЛИХОДЖАЕВ,

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи